Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 50 / Назорат

Текширув якунидаги далолатнома қандай расмийлаштирилади?

Қисқа муддатли текширувларни қонун йўли билан тартибга солиш мавзусини давом эттириб*, бугунги мате­риалда қисқа муддатли солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш тартибини кўриб чиқамиз.

 

           Ҳар қандай текширув натижасида қисқа муддатли текширув далолатномаси (бундан кейин – далолатнома) тузилади. У текширув пайтида қонунбузарликлар аниқланган ёки аниқланмаганлигидан қатъи назар расмийлаштирилади.

Амалиётда текширувчиларнинг ўзлари далолатномани тоза қоғозга ёзадилар ёки тегишли рақамланган бланкани тўлдирадилар. Солиқ кодексининг (бундан кейин – СК) 101-моддасида унда қуйидаги ахборотнинг бўлиши талаб этилади:

1) текширув ўтказилган жой, далолатнома тузилган сана (масалан, 2013 йил 10 октябрь, «А» МЧЖ офиси, Тошкент ш., Риёзий кўчаси, 43);

2) текширув ўтказиш учун асос (назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқ­лаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарори ва унинг асосида ДСХ органи чиқарган буйруқ);

3) текширув тури ва уни ўтказиш даври (режадан таш­қари қисқа муддатли);

4) солиқ органининг текширувни ўтказган мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, отасининг исми;

5) якка тартибдаги тадбиркорнинг фамилияси, исми, ота­сининг исми (якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти текширилганда);

6) унинг таъсис ҳужжат­ларига кўра юридик шахснинг тўлиқ номи, текширув даврида раҳбарлик вазифаларини ёки бухгалтерия ҳисоби юритиш вазифаларини амалга оширган мансабдор шахс­ларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

7) солиқ тўловчининг жойлашган ери (почта манзили), банк реквизитлари, шунингдек унинг идентификация рақами;

8) илгариги текширув тўғ­рисидаги маълумотлар (со­лиқ тўловчида ўтказилган бундан олдинги солиқ текшируви ва унинг натижалари бўйича қабул қилинган чоралар тўғрисида қисқача маълумотлар);

9) текширилаётган давр ва текширув ўтказиш учун солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар тўғрисидаги умумий маълумотлар (қисқа муддатли текширувларда фақат ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади);

10) солиқ соҳасидаги ҳу­қуқбузарликнинг (у мавжуд бўлганда) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола этилган ҳолдаги муфассал тавсифи;

11) текширув натижалари бўйича фикрлар ва хулосалар (солиқ тўловчининг қилмишларида солиққа оид ҳуқуқбузарликларнинг бор-йўқлиги кўрсатилади; бундай аломатлар аниқланмаган тақдирда бу ҳам далолатномада кўрсатилиши керак).

Далолатнома мазмунига доир бундай талабларнинг рўйхати муфассал ҳисоб­ланади. Уларда текширувнинг бориши ва унинг натижалари етарлича тўлиқ акс эттирилади. Бироқ амалиётда текширувчилар далолатномаларида барча талаб қилинадиган шартлар ҳар доим ҳам акс эттирилавермайди. Гарчи, СК 104-моддасининг еттинчи қисмига кўра, солиқ органлари мансабдор шахсларининг СК 15-боби қоидаларига ­риоя этмаганлиги унинг қарори юқори турувчи орган томонидан бекор қилиниши ёки мазкур қарорнинг суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос бўлиши мумкин. Амалиётда қисқа муддатли солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш чоғида қонун ҳужжатлари талабларидан қуйидаги четга чиқишлар энг кўп учрайди:

далолатномада солиқ тў­ловчининг тўлиқ эмас, балки қисқартирилган номи кўр­сатилади ёки у хатолар би­лан, таъсис ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган тарзда кўрсатилади;

почта манзили ўрнига со­лиқ тўловчининг қисқа муддатли солиқ текшируви ўтка­зилаётган ишлаб чиқариш хоналари (савдо шохобчалари, хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) хоналари) жойлашган жой кўрсатилади;

бундан аввалги солиқ текшируви тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмайди;

солиқ тўловчи текширув учун тақдим этган ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмайди;

солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тегишли нормасига ҳавола қилмасдан солиққа оид ҳуқуқбузарлик баён этилади;

текширув натижалари бў­йича хулоса ва якунлар кўр­сатилмайди.

Бундай ҳоллар мавжуд бўл­ганда солиқ тўловчи далолатноманинг ўзида ушбу хатолар ва (ёки) камчиликларни ёзма равишда қайд этиб, уни олганлигини тасдиқлаш учун имзо чекиши ва далолатнома юзасидан эътирозларини ёзма равишда асослаши керак.

СКнинг 101-моддасига кў­ра солиқ текшируви далолатномаси камида 3 нусхада тузилади. Унинг барча нусхалари солиқ органининг текширувни ўтказаётган мансабдор шахслари томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси солиқ тўловчига топширилади. Солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасини олганда унинг барча нусхаларига олган санани кўрсатган ҳолда имзо қўйиши шарт.

Бироқ амалиётда кўпинча далолатнома 1 нусхада тузилади, солиқ тўловчига эса унинг кўчирма нусхасигина топширилади. Бундай ҳолларда солиқ тўловчи унинг бошқа нусхаларига имзо чекаётганда далолатноманинг айни кўчирма нусхасини олганлигини ёзма равишда қайд этиши керак. Мазкур далил унга кейинчалик далолатнома устидан юқори органга ва (ёки) судга шикоят қилганида керак бўлиши мумкин.

СК 101-моддасининг олтинчи қисмига кўра солиқ тўловчи солиқ текшируви далолатномасини олишдан бош тортган тақдирда солиқ органининг мансабдор шахси бу ҳақда далолатномага тегишли ёзув қайд этади. Мазкур ҳолда далолатноманинг 1 нусхаси солиқ тўловчига поч­та орқали буюртма хат билан юборилади ва шу пайтдан ­эътиборан солиқ текшируви тугалланган ҳисобланади.

Фикримизча, қисқа муддатли солиқ текшируви­нинг якунланиши тўғрисидаги уш­бу шарт СКнинг 89-мод­даси маъносига зид келади, унга кўра қисқа муддатли текширув ўтказиш муддати 1 иш кунидан ошмаслиги керак ва уни узайтиришга йўл қўйилмайди. Бундай текширувлар корхоналарда иш куни охиригача (камида соат 18.00 га қадар) ўтказилиши боис, текширувчиларда, агар солиқ тўловчи далолатномани олишдан бош тортса, уни почта орқали жўнатиш имконияти бўлмайди, чунки почта бўлимлари соат 17.00 гача ишлайди. Тегишинча, назорат қилувчи орган уни солиқ тўловчига фақат кейинги куни юбориши мумкин. Бироқ, шу тариқа, қисқа муддатли солиқ текшируви СКнинг 89-моддасини бузган ҳолда фақат иккинчи иш кунида тугайди.

Шу тариқа, Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш мақсадга мувофиқ кўринади, уларга кўра солиқ тўловчи далолатноманинг 1 нусхасини олишдан бош тортган тақдирда солиқ текширувининг тугаш пайти далолатнома почта орқали жўнатилиши билан эмас, балки уни олишдан бош тортилганлиги ҳақида унга тегишли ёзув қайд этилиши билан белгиланади.

СК 101-моддасининг тўқ­қизинчи қисмига кўра солиқ текшируви материаллари ДСҚ белгилаган тартибга биноан солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги солиқ органида солиқ текшируви тугалланган кундан эътиборан кейинги иш кунидан кечиктирмасдан рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Бироқ амалиётда текширув материаллари солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилмаган жойдаги солиқ органига берилиши ва у ерда рўйхатдан ўтказилиши ҳоллари учрайди. Бундай далиллар солиқ тўловчининг бошқа туманларда жойлашган савдо шохобчаларида (хизмат кўрсатиш (иш бажариш) жойларида) қисқа муддатли текширувларни ўтказишда кузатилади. Шу ўринда суд амалиётидан мисол келтиришимиз мумкин.

МЧЖнинг Тошкент шаҳар Яккасарой туманида жойлашган савдо шохобчасида пойтахт солиқ бошқармасининг мансабдор шахслари қисқа муддатли солиқ текширувини ўтказдилар. Унинг натижаларига кўра далолатнома тузилиб, рўйхатдан ўтказиш учун бошқа материаллар билан бирга Яккасарой туман ДСИга юборилди. Бироқ, таъсис ҳужжатларига кўра, МЧЖ Миробод туман ҳокимлиги ҳузуридаги инспекцияда рўй­хатдан ўтказилган, унинг почта манзили Миробод тумани ҳисобланади. Текширув материалларини Яккасарой туман ДСИ кўриб чиқди ва бунда аниқланган ҳуқуқбу­зарликларнинг олдини олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунга рози бўлмаган МЧЖ Тошкент хўжалик судига со­лиқ органининг мансабдор шахс­ларига нисбатан хусусий ажрим чиқариш илтимоси билан мурожаат қилди. Кўриб чиқиш якунлари бўйича суд МЧЖнинг даъво талабларини қондирди ва Яккасарой туман ДСИ номига суд муҳокамаси боришида аниқланган, солиқ текшируви натижаларини расмийлаштириш чоғида мансабдор шахслар йўл қўйган ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларни жавобгарликка тортиш масаласини кўриш тўғрисида хусусий ажрим чиқарди.

Суднинг ушбу хулосаси нималарга асосланган?

СК 101-моддасининг тўқ­қизинчи қисмига кўра солиқ текшируви материаллари у тугалланган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги солиқ органида рўйхатдан ўтказилиши керак. Солиқ текшируви материалларини, шунингдек солиқ ҳуқуқбузарликларига доир материалларни ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тартибини белгилайдиган ­ички ҳужжатга мувофиқ солиқ тў­ловчининг бошқа туманларда (шаҳарларда) жойлашган ишлаб чиқариш хоналари, савдо шохобчалари ва хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) жойларини текшириш давомида тузилган ушбу материаллар ҳам солиқ тўловчи давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги давлат солиқ хизмати органида рўйхатдан ўтказилади.

Мазкур ҳолда солиқ органи ўзининг ҳаракатлари билан солиқ текшируви натижаларини рўйхатдан ўтказишнинг белгиланган тартибини бузган.

Унинг материалларини бунга ваколати бўлмаган солиқ органи рўйхатдан ўт­казганлиги, кўриб чиққан­лиги ва улар бўйича қарор чиқарганлиги боис суд Яккасарой туман ДСИнинг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвони кўраётганда Яккасарой туман ДСИни лозим даражадаги жавобгар деб топмаслиги ва Миробод туман ДСИни жавобгар сифатида жавобгарликка тортиши мумкин эди (Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддаси). Бироқ шуни унутмаслик керакки, лозим даражада бўлмаган тарафни алмаштириш суднинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқидир.

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,

«VICTORY YURCONSALT» МЧЖ юрисконсульти.

 

 

                     __________________________

*Бундан аввалги «Қисқа муддатли солиқ текширувлари хусусида» («СБХ», 29.10.2013 йилдаги 43 (1003)-сон), «Ҳуқуқларингизни билган ҳолда мажбуриятларингизни ҳам унутманг» («СБХ», 12.11.2013 йилдаги 45 (1005)-сон), «Кечқурунги текширув» («СБХ», 3.12.2013 йилдаги 48 (1008)-сон) материалларига қаранг.

Прочитано: 8987 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика