Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Б.Мустафоев бошқарган мажлисда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли изчил ислоҳотлар самарасида мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти 4,1 баробар ўсгани таъкидланди. Аҳоли жон бошига нисбатан ўсиш уч баробардан зиёдни ташкил этгани юртимизнинг нақадар улкан тараққиёт йўлини босиб ўтганидан далолат беради.
Мажлисда муҳокама этилган «Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида»ги Пленум қарори лойиҳаси судлар томонидан тадбиркорликка оид қонунларни бир хилда қўллаш ва бу борада ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратилган.
Суд амалиётига назар ташланса, 2012 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан тадбиркорликка оид 1,2 мингдан ортиқ иш кўриб чиқилган. Жорий йилнинг 9 ойида эса 800 дан ортиқ иш кўрилган.
Судлар бу борадаги ишларни кўришда тадбиркорлар манфаатларини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини бузишда айбдор бўлган шахсларга нисбатан жазо қўллашда эътибор қаратиши лозим бўлган жиҳатлар янги қарор лойиҳасида ўз ифодасини топган.
Жумладан, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қасддан текшириш ташаббуси билан чиқиш, текширишлар ўтказиш, ушбу субъектлар фаолиятини ва банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳолларда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисобварақларида пул маблағлари бор-йўқлиги ҳақида ахборот талаб қилиб олишга йўл қўйган мансабдор ёки бошқа шахслар маъмурий жавобгарликка, айнан шундай ҳаракатларни маъмурий жазо қўлланилгандан сўнг содир этиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мажлисда муҳокама этилган «Судлар томонидан фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида»ги Пленум қарори лойиҳасида судларнинг эътибори фарзандликка олиш ҳақидаги аризаларни ўз вақтида ва тўғри ҳал этишга қаратилган.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
ЎзА материали асосида.