Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 49 / Бухгалтернинг бухгалтергагина айтадиган гапи

Сизларга тафтишчи келаётган бўлса...

Солиқ текшируви ҳар қандай бухгалтер учун баайни давлат имтиҳони. Имтиҳон сингари унинг бўлишини биласан, яхшилаб тайёрланасан, шундай бўлса-да, комиссия олдида бир оз довдираброқ қоласан. Баъзан бу ҳол тажрибасизлик ёки малака етарли эмаслиги боис ҳам рўй беради. Лекин экспертлар ўзига ишонқирамаслик, журъатсизлик текширувга яхши ва пухта тайёрланишга халақит беради деб ҳисоблайдилар. Текширув асносида одам ўзини қандай тутиши лозим эканлигини яхши билмаслик ҳам баъзан панд бериши мумкин.

Назорат қилувчи идорадан тез орада текширувчилар бориши ҳақида хабар олдингиз дейлик. Бундай ҳолларда нима қилиш кераклиги-ю, ҳаракатларингиз муайян режа асосида ёки шароитга қараб бўлиши хусусида ўйлаб кўришингиз керак. Биз шу хусусда 25 йиллик иш стажи бўлган, ҳаётида 100 дан ортиқ ҳар хил текширувлар «чиғириғи»дан ўтган бухгалтер Шаҳноза А.га мурожаат қилдик. Унинг бу борадаги тажрибаси, назаримизда, бошқа газетхонларга ҳам қизиқарли бўлса керак.

 

 

– Текширувчилар келадиган аниқ санани хабар қилишди. Энди дастлабки ҳаракатларингиз қандай бўлади?

– Бундай кезлари ишларнинг жорий аҳволини муҳокама этиб олиш учун раҳбарият ва бухгалтерлар билан кичикроқ йиғилиш ўтказишни так­лиф этаман. Режа асосидаги солиқ текшируви кутилаётган бўлса, шундай қилиш жуда-жуда муҳимдир. Агар текширув режадан ташқари қисқа муддатли бўлса, ҳамма масалаларни бошқа бухгалтерлар билан гаплашиб олишнинг ўзи етарлидир. Баъзилар бундай қилишни шарт эмас деб билишади. Менга қолса, 5-10 минутлик бундай мусоҳаба ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди.

Кейинги қилинадиган иш корхона ҳужжатларини, хусусан бухгалтерия ҳисобини ташкил этишга ­доир буйруқларни, молия ҳисоботини, ҳисоб-китобларнинг хомаки режасини, бухгалтерия ҳисоби регистрларини, касса ва банк ҳужжатларини, бирламчи бухгалтерия ҳужжатларини, ҳисобварақ-фактураларни, бажарилган ишларнинг далолатномаларини, контрагентлар билан тузилган шартномаларни, сметалар ва бўнак ҳисоботларини ҳамда текширувга тааллуқли бошқа қоғозларни бирма-бир кўздан кечириб, текшириб олиш лозим. Бир сўз билан айтганда, қоғоздаги ҳужжатлар тўлиқ инвентаризация қилинади. Вазиятга қараб, бунда аудиторлар ва солиқ маслаҳатчилари хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Сир эмаски, ҳар қандай билимдон, ўзига ишончи баланд бухгалтер иш асносида ҳужжат юритилиши тўғрилигини назорат қилиб боради. Лекин анчайин қоидабузарлик баъзан назардан қочирилиши мумкин. Баъзида ижрони текшириш ёддан кўтарилади, бирон тасдиқловчи ҳужжат етишмаслиги эса текширув далолатномасига писанда қилиб ёзишга асос бўлиб қолиши турган гап. Кейинчалик эса бу жарима ва бошқа кўнгилсиз оқибатларга ҳам сабаб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Солиқ кодекси ҳамда бошқа нор­матив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг солиқ солиш ва бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи қоидаларини яна бир карра эсга олиш, кейинги пайтларда уларга ўзгартиш киритилган-киритилмаганлигини аниқлаштириш сира зиён қилмайди. Мен ҳар бир бухгалтер янги норматив ҳужжатлар, амалдаги қонун ҳужжатларига қўшимчалар чиқишини изчил кузатиб бориши зарур деб ҳисоблайман. Бу гап солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларигагина тааллуқли эмас. Негаки кўпинча у ёки бу масалани ҳал этиш учун бизнеснинг бошқа жиҳатларини тартибга солувчи ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам мурожаат этамиз. Юридик жиҳатдан билим пухта бўлиши ишга ёрдам беради, текширув жараёнида ишонч туйғусини кучайтиради.

Текширувчилар кўпинча текширув вақтида компания раҳбари ва бухгалтерлардан ташқари бошқа ходимлар билан ҳам суҳбатлашадилар. Шу боис бўлажак текширув ҳақида барча ходимларни олдиндан хабардор этиб қўйиш, уларни солиқ инспекторлари билан мулоқотда бўлиш қоидаларидан хабардор этиш муҳимдир.

– Юқорида сиз аудиторлар ва солиқ маслаҳатчилари ёрдами ҳақида гапириб ўтдингиз. Уларнинг ишга аралашувини шахсан ўзингиз зарур деб биласизми?

– Бу хусусда ҳар кимнинг ўз фик­ри бор. Шахсан мен текширув турига қараб, уларнинг ёрдамини мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Айтайлик, бир кунгина давом этадиган режадан ташқари текширувга ҳамиша ўзимиз тайёргарлик кўрамиз ва одатда бу иш кўнгилдагидек ўтади. Режа асосидаги солиқ текшируви эса бутунлай бошқа гап. Мен бунда четдан бўладиган ёрдамга мурожаат этишни тавсия этган бўлурдим. Таассуфки, кўпгина тадбиркорлар бу ишга рағбат билдирмайдилар. Чунки аудиторлар ва солиқ маслаҳатчиларининг хизматлари анчагина харажат талаб этади. Баъзи бухгалтерлар ҳаммасини ўзимиз уддалаймиз деб ўйлаб, уларга мурожаат этмай қўя қоладилар. Бу билан раҳбарларига ўзларининг билим, уқув ва тажрибаларини кўз-кўз қилмоқчи бўладилар.

Бироқ энг билимдон мутахассислар ҳам хатоликларга йўл қўйиши мумкин. Шахсий тажрибамдан шуни яхши биламанки, иш кўлами катта бўлгани сабабли ҳужжатлардаги ғиж-ғиж рақамлар бухгалтернинг кўзларини «қамаштириб қўяди» ва у хатоликни шунчаки кўрмай қолиши мумкин. Аудитор эса ишга янги нигоҳ билан қараганлиги туфайли хатоликни тез пайқаб, кўрсатиб беради. Мабодо бухгалтерияда бир ўзингиз ишлаб келаётган бўлсангиз, уч йил ичида бухгалтерия ҳужжатлари тўпланиб қолганлиги сабабли ҳам бундай ёрдам жуда зарур. Тўғри, баъзи ҳолларда билими етарли бўлмаган, уқувсизроқ аудиторлар ишга зарар бериши ҳам мумкин. Шу сабабли ҳам таклиф этиладиган мутахассисларни синчковлик билан танлаш лозим. Нотаниш компанияларга, айниқса ўз хизматларини бошқаларга нисбатан арзонроқ баҳода тақдим этаёт­ган компанияларга ишонманг. Уларни жалб қилишдан олдин маълумотлар йиғишга ҳаракат қилинг, ҳамкасабалар, дўстларингиз билан маслаҳатлашинг. Шахсан ўзингизга ва яқин танишингиз бўлган бухгалтерга текширувдан муваффақиятли тарзда ўтишга бир неча бор ёрдам берган аудитордан яхшиси йўқ.

– Текширув куни етиб келиб, инспекторлар ташриф буюргач, нима қиласиз?

– Корхона фаолиятини текширув сизнинг... текширувчилар ваколатларини текширишингиздан бошланади. Шуни ёдда тутингки, назорат қилувчи орган сизни текширув мақсади ва шартлари билан таништириши, текширувни ўтказиш учун асос ҳисобланган ҳужжатлар нусхасини топшириб тилхат олиши, шунингдек Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдириши шарт. Ана шу ҳаракатлар тўғри бажарилганлигига ишонч ҳосил қилинг. Назорат қилувчи идоранинг буйруғини диққат билан ўқиб чиқинг ва чиндан ҳам ҳузурингизга унда кўрсатилган мансабдор текширувчи келганлигига ишонч ҳосил қилинг. Борди-ю, кимдир буйруқда кўрсатилмаган бўлса-да, текширувчиларга қўшилиб келган бўлса, уларни текширувга қўймасликка ҳаққингиз бор. Унутмаслик керакки, текширувчи шахс хизмат гувоҳномасидан ташқари текширувларни ўтказишга ижозат этилганлигига доир ҳужжатни кўрсатиши керак. Инспекторларнинг Текширувларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортиши ҳам уларни текширувга қўймаслик учун асос бўла олади.

– Солиқ органлари ходимлари текширув ўтказаётганида улар билан муомалада нималарга эътибор бериш керак?

– Солиқ органлари ходимлари билан ўзаро муносабат одоб доирасида бўлмоғи лозим. Текширувчилар ҳам биз қатори оддий одамлар, ўз ишини адо этаётган ходимлар эканлигини унутмаслик зарур.

Ортиқча такаллуф кўрсатмаслик керак. Назоратчиларга ёқишга уриниш, хушомадгўйларча муносабатда бўлиш ўзаро муносабат посонгисини бузади. Уларга текширув учун қулай шароит яратиб беринг, алоҳида хона, яхши ишлайдиган компьютер ажратинг, чой-сувидан хабар олиб туринг. Бир таниш бухгалтер столга ҳўл мевалар ҳам қўяр экан. Идорамиз раҳбари офисда тушлик қилмайди: текширув ўтказилаётган кезлари кўпинча меҳмонларни бирга тушлик қилишга таклиф этади. Таъкидлаш жоизки, инспекторлар камдан-кам ҳолларда бундай таклифга розилик билдирадилар.

Бухгалтерларга бир оз бўлса-да, психология сир-асрорларини билишни ҳам маслаҳат берган бўлардим. Ўз тажрибамдан бир воқеани мисол қилиб келтирай. Компаниямизни текширувчилардан бири ўрта ёшлардаги, кўринишдан баджаҳл бир эркак биз билан қўпол муомала қилар, бўлар-бўлмасга тажанглик қилаверарди. Бухгалтерларимиздан бири афтидан у аллергияга чалинган бўлса керак, ўзини яхши ҳис этмаётган кўринади деб тусмол қилди. Текширувчилар ишлаётган директор хонасида барқ уриб гуллаб ётган ўсимликлар кўп эди. Биз уларнинг ҳаммасини хонадан чиқардик. Инспектор ўзини яхши сеза бошлади, ўзини тутиши ҳам тубдан ўзгарди. Текширув ўз маромида, яхши ўтди.

Умуман олганда, бу жараёнга ижобий тарзда ёндашишга ҳаракат қилиш керак.

– Текширув асносида қоидабузарлик аниқланган тақдирда нима қилиш керак?

– Энг аввало, талвасага тушмаслик, ваҳима қилмаслик лозим. Иш бор жойда хато ҳам бўлиши мумкинлигини унутманг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам юракка қаттиқ олмаслик, дори ичишга тушмаслик керак. Балки хатолик арзимасдир, жиддий оқибатларга сабаб бўлмас.

Башарти аниқланган фактлар қо­ида­бузарлик эканлигига қўшилмасан­гиз, бир неча гувоҳни жалб этган ҳолда далолатнома тузишингиз мумкин. Шунингдек адвокат ёки солиқ маслаҳатчиси хизматларидан фойдаланса ҳам бўлади. Дарвоқе, бунақа ҳоллар кам учрайди ва газетхонларимиз бундай ҳолларга дуч келмаслар деб умид қиламиз.

Шуни ҳам эслатиш жоизки, текширув асносида текширилаётган компания раҳбари ва бош бухгалтери аниқланган четланиш ҳоллари юзасидан тушунтириш беришлари, шунингдек эътироз билдиришлари мумкин. Бир сафар ниҳоятда толиққан инспекторга ҳужжат тўғри расмийлаштирилмаган бўлиб кўринди, аммо аслида бундай эмасди. Мен ўша заҳоти мулойимлик билан ҳужжатнинг тўғрилигини исботлаб бердим – тушунмовчилик барҳам топди. Бундай ҳолларда ҳаммасини дарҳол, далолатнома ёзилгунга қадар ҳал этган маъқул.

Айтмоқчи, далолатномани у билан тўлиқ танишиб чиққандан кейингина имзолаш керак, бунинг учун эса вақт беришларини сўранг. Далолатномани имзолаш текширув натижаларига рози эканлигингизни англатмаслигини ҳам унутманг. Қонун ҳужжатларимиз солиқ тўловчиларга нисбатан анчагина либерал муносабатда эканлигини алоҳида таъкидламоқчиман. Уларда текширувни ўтказиш тартиби жуда пухталик билан расамадга солинган. Тафтиш келишидан бир ой олдин огоҳлантирилиши лозимлигининг ўзиёқ кўп нарсани англатади. Хуллас, назорат билан боғлиқ тадбирга сизда яхши тайёргарлик кўриш имконияти бор.

– Текширувлар ўтказиш билан боғ­лиқ амалиётингиздан қизиқарлироқ мисол келтира олмайсизми?

– Очиғини айтганда, амалиётимда бировни ажаблантирадиган, ўзига хос бирон воқеани эслай олмайман. Аммо бир танишим қизиқ воқеани айтиб берган эди. Солиқ текшируви асносида ҳисобварақ-фактурани тўлдириш билан боғлиқ низоли вазият келиб чиққан. Реквизитларда ХХТУТ кўрсатилмаган экан (компанияда бу нарса назарда тутилмаган). Бухгалтер Солиқ кодексининг ҳисобварақ-фактурани тўлдириш қоидасини ўзида мужассам этган 222-моддасини рўкач қилган: унда ҳужжатда ХХТУТ кўрсатилиши жоиз деб айтилмаган. Бинобарин қонун ҳужжатлари бузилмаган. Айтиш жоизки, ҳисобварақ-фактураларни нотўғри тўлдириш энг кўп учрайдиган хатоликлардан бири бўлиб, инвентаризация чоғида ҳам кўпинча уларни аниқлаш мушкул. Шу сабабли ҳам мазкур ҳужжатни расмийлаштиришда айниқса эътиборли бўлинг.

– Солиқ текширувига маънан шай бўлиб туриш учун ҳамкасабаларга нималарни маслаҳат берган бўлар­дингиз?

– Энг аввало, асабийлашмаслик керак. Шуни унутмангки, текширув қонун билан ўрнатилган мажбурий тартиб-таомилдир. Шу сабабли ҳам бу ишга хотиржам қарашни маслаҳат берган бўлур эдим.

Бухгалтерияга айтадиган гапим – солиқ текширувига ҳамиша тайёр туриш керак. Бинобарин солиқларни вақтида тўлаш, ҳужжат айланмасини билимдонлик билан олиб бориш, муҳим ҳужжатлар нотўғри расмийлаштирилишига йўл қўймаслик, қонун ҳужжатларига қатъий мувофиқ тарзда иш олиб бориш лозим. Сизда дебет билан кредит тенг бўлиб турган экан, ҳеч нарсадан қўрқмасангиз, ташвишланмасангиз бўлади.

Ишончингиз комил бўлсинки, сиздаги хотиржамлик компаниянгиз қонун ҳужжатларининг барча нормаларига мувофиқ ҳолда фаолият олиб бораётганлигининг белгисидир.

Барчага ишда ҳар қандай ҳолатга ҳамиша тайёр туриш истагини билдирган бўлур эдим…

 

 

 

Наталья СПИРИДОНОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 2559 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика