ЯСТ тўловчи корхонамиз улгуржи савдо билан шуғулланади. Биз ишлаб чиқарувчи корхона билан тузган шартнома мазмунига кўра, логотип туширилган футболчилар майкалари фақат реклама маҳсулоти сифатида харид қилиниши қайд этилган. Харид қилинган майкалар кейинчалик бизнинг мижозларга совға қилиш учун берилди. Мазкур майкалар корхонамизнинг балансига материаллар тарзида кирим қилинди ва мижозларга мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномалари асосида тақдим этилиб, улар харажатлар сифатида ҳисобдан чиқарилди.
Ушбу ҳолда бизнинг корхона учун ягона солиқ тўлови бўйича солиқ оқибатлари юзага келадими?
Салимбой Эргашев, корхона бухгалтери.
Жиззах вилояти.
– Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомда (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) реклама харажатлари сотиш харажатлари таркибига киритилган.
Агар футболчиларнинг майкаларини реклама мақсадида харид қилган ва ишлатган бўлсангиз (бу тасдиқланган маркетинг дастури, смета, дилерларга топшириқлар, ҳисобот ва ҳоказолар билан тасдиқланади), уларни айни реклама харажатлари сифатида ҳисобдан чиқариш керак бўлади.
Корхонанинг харажатлари, шу жумладан реклама харажатлари ягона солиқ тўлови тўловчиларида ЯСТ ҳисоб-китоби пайтида ҳисобга олинмайди.