Тижорат юкини (Туркиядан самолётда келтирилишини ҳисобга олганда 7 200 АҚШ доллари қийматидаги, оғирлиги 165 кг бўлган товарлар) хусусий тадбиркор ҳисобланмаган жисмоний шахсга расмийлаштириш мумкинми?
Абдураим Тилаволдиев, корхона бухгалтери.
Янгийўл тумани.
– Фуқаролик кодексининг 24-моддасига кўра, фуқаро якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга ҳақлидир. Ушбу қоидалар фуқароларнинг юридик шахсни ташкил этмасдан амалга оширадиган тадбиркорлик фаолиятига нисбатан қўлланилади.
Юридик шахсни ташкил этмасдан ўрнатилган талабларни бузган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган фуқаро тузилган битимлар хусусида ўзининг тадбиркор эмаслигини важ қилиб кўрсатишга ҳақли эмас. Суд бундай битимларга тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ мажбуриятлар тўғрисидаги қоидаларни қўллаши мумкин. Бунда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилмаган шахс билан тузилган битимларга нисбатан суд муҳокамаси бўлган тақдирда Жиноят кодексининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ мажбуриятлар тўғрисидаги меъёрлари қўлланиши мумкин.
Бундан ташқари, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасига биноан, якка тартибдаги тадбиркорлик жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) томонидан тадбиркорлик фаолиятини юридик шахс ташкил этмаган ҳолда амалга оширишдир.
Якка тартибдаги тадбиркорлик якка тартибдаги тадбиркор томонидан мустақил, ходимларни ёллаш ҳуқуқисиз, мулк ҳуқуқи асосида ўзига тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган ўзга ашёвий ҳуқуқ асосида амалга оширилади.
Якка тартибдаги тадбиркор ўз номидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади, ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади ҳамда амалга оширади. Жисмоний шахс ўз тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ битимлар тузаётганида, якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳаракат қилаётганлигини, агар бу битимларни тузиш вазиятининг ўзидан аниқ англашилмаса, кўрсатиши керак. Бундай эслатманинг мавжуд эмаслиги якка тартибдаги тадбиркорни ўз мажбуриятлари бўйича зиммасидаги жавобгарликдан озод этмайди.
Якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини амалга ошираётганда шахсий иш ҳужжатлари бланкаларидан, муҳр, штамплардан фойдаланишга ҳақли, уларнинг матнлари мазкур шахс якка тартибдаги тадбиркор эканлиги ҳақида далолат бериши лозим.
Шу тариқа, агар жисмоний шахс тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилмаган бўлса, ҳар қандай товарларнинг тижорат туркумини олиб киришга ҳақли эмас.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.