ЁКИ БЕҒАРАЗ ТАРЗДА ОЛИНГАН УСКУНА РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИНГАНДА УНГА СОЛИҚ СОЛИШ ХУСУСИДА
Бизнинг ягона солиқ тўлови тўловчиси бўлган корхонамиз бошқа бир ташкилотдан беғараз тарзда ишлаб чиқариш ускунасини олган эди. Мазкур ускунадан фойдаланишга бизда эҳтиёж бўлмагач, уни ўрнатмадик ҳам, ундан фойдаланмадик ҳам.
Эндиликда ушбу ускунани ишда илғор ходимларимиздан бирига ҳадя қилмоқчимиз.
Шундай қилинган тақдирда, солиқлар қандай тартибда ҳисобланишини мисол орқали тушунтириб берсангиз.
Турсун Абдиев,
корхона директори.
Қўқон шаҳри.
– Солиқ кодексининг 355-моддасига асосан ялпи тушум солиқ солиш объекти бўлиб, солиқ солиш мақсадида унинг таркибига Солиқ кодексининг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар ҳам киритилади.
Демак, сизнинг ҳолатингизда текинга олинган ускунанинг қиймати солиқ солиш мақсадида бошқа даромадларга ва ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базага киритилади.
Солиқ кодексининг 135-моддасига биноан, солиқ тўловчи текин олган мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар, шунингдек ишлар ва хизматлар солиқ тўловчининг даромади бўлади ва бу даромадлар бозор қиймати бўйича белгиланади.
Мол-мулкнинг, мулкий ҳуқуқларнинг бозор қиймати ҳужжатлар билан ёки баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи билан тасдиқланади. Ҳужжатлар билан тасдиқлаш деб қуйидагилар эътироф этилади:
– жўнатиш, етказиб бериш ёки топшириш ҳужжатлари;
– етказиб берувчиларнинг нархларга оид маълумотлари (прайс-варақлар);
– оммавий ахборот воситаларидан олинган маълумотлар;
– биржа маълумотлари;
– давлат статистикаси органларининг маълумотлари.
21-сон БҲМСга мувофиқ, текинга олинган, ўрнатилмаган ва фойдаланишга топширилмаган ускунани бухгалтерия ҳисобида қуйидаги ёзув билан акс эттириш мумкин:
Д-т 0710 (0720) «Ўрнатиладиган асбоб-ускуналар»
К-т 8530 «Текинга олинган мулк».
Солиқ кодексининг 22-моддасига асосан сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек гаровга қўйилган товарларга бўлган мулк ҳуқуқини гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топшириш реализация қилиш деб аталади. Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлардир.
Шуни билингки, ўрнатиладиган ускунани текинга бериш натижасида балансдан ҳисобдан чиқариш тартиби Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисидаги низом (молия вазирининг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган) билан тартибга солинади. Ушбу Низомнинг 33-бандига асосан, асосий воситаларни бепул (текинга) беришдан кўрилган молиявий натижа (фойда ёки зарар), қўшилган қиймат солиғи ҳисобланган ҳолда, берилаётган асосий воситаларнинг бирламчи (тикланиш) қиймати билан жамланган эскириш ўртасидаги резерв капитални ҳисобга олиш ҳисобварақларида ҳисобга олинадиган асосий воситаларни қайта баҳолаш натижаларига (сальдога), яъни аввалги қўшимча баҳолашлар суммасининг асосий воситалар мазкур объектининг аввалги арзонлаштириш суммасидан ошиб кетишига тузатилган фарқ сифатида белгиланади.
Худди шундай сизнинг ҳолатингизда ҳам ускунани реализация қилишдан ёки бепул (текинга) беришдан кўрилган молиявий натижа, реализация қилиш харажатлари ва қайта баҳолаш сальдосини ҳисобга олган ҳолда, ускунани реализация қилиш (текинга бериш) қиймати билан унинг тикланиш қиймати ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади.
Агар ускунани реализация қилиш ёки текинга бериш натижасида фойда олинса, у ҳам бошқа даромадларга қўшилади ва ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқаришда солиқ солинадиган базага киритилади.
1-МИСОЛ. Ускуна 5 000 минг сўмга реализация қилинган. Унинг тикланиш (баланс) қиймати 3 600 минг сўм, ташиш харажатлари – 296 минг сўм, чиқиб кетиш пайтида қайта баҳолаш сальдоси – 32 минг сўм.
Ускунани реализация қилишдан олинган молиявий натижа 1 136 минг сўм (5 000 – 3 600 – 296 + 32).
Мазкур мисолда ускунани реализация қилишдан 1 136 минг сўм фойда олинган, унга ягона солиқ тўлови солинади.
2-МИСОЛ. Тикланиш (баланс) қиймати 3 600 минг сўм бўлган ускуна текинга берилган. Ускунани ташиш харажатлари – 296 минг сўм, чиқиб кетиш пайтида қайта баҳолаш сальдоси – 32 минг сўм.
Ускунани текинга беришдан молиявий натижа 264 минг сўмни (3 600 – 3 600 – 296 + 32) ташкил этади.
Мазкур мисолда ускунани текинга беришдан 264 минг сўм зарар кўрилган, демак, ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш учун солиқ солинадиган база мавжуд эмас.
Бундан ташқари шуни қайд этиш лозимки, Солиқ кодексининг 177-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан солиқ тўловчининг манфаатларини кўзлаб текинга, шу жумладан ҳадя шартномаси асосида берилган мол-мулк, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар қиймати солиқ тўловчи томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромадлар ҳисобланади. Демак, агар ускуна сизнинг ходимингизга текинга берилса, унинг қиймати ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади бўлади.
Солиқ кодекси 179-моддасининг 14-бандига кўра жисмоний шахсларнинг юридик шахсдан солиқ даври мобайнида энг кам иш ҳақининг 6 баравари миқдоригача бўлган қийматдаги:
ходимлар натура шаклида олган совғалар;
илгари мазкур юридик шахснинг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, вафот этган ходимнинг оила аъзолари томонидан олинган совғалар ва бошқа турдаги ёрдам каби даромадларига солиқ солинмайди.
Сизнинг ҳолатда энг кам иш ҳақининг 6 бараваридан кўп миқдордаги ускунанинг қийматига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади.