Мен яхши ниятлар билан туман тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциясида рўйхатдан ўтиб, МЧЖ очган эдим. Бироқ маълум сабабларга кўра корхонам фаолият кўрсатмади ва 5 йил давомида ҳисоботларни ҳам топширмай келдим. Яқинда корхонани ишга тушириш мақсадида туман ДСИга мурожаат этган эдик, инспекция ходимлари ишламаган вақтимизга ҳам ҳисоботлар топширишимизни талаб қилишди.
ДСИ ходимларининг талаби қайси қонун ҳужжатларига асосланган?
Доимий ўқувчингиз.
– Ҳисоботлар, баланслар ва солиқ тўловчилар билан ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва қабул қилиш масалалари, аввало, Солиқ кодексининг (СК) умумий меъёрлари ва солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларининг меъёрлари билан тартибга солинади.
СКнинг 43-моддасига мувофиқ, солиқ ҳисоботи солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа мажбурий тўловнинг ҳар бир тури бўйича ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китоблар ҳамда солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ва солиқ декларацияларига иловаларни ўз ичига оладиган ҳужжати бўлиб, у Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклда тузилади.
Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқнинг айрим турлари бўйича ҳисоботлар ҳам ҳисобга қўйилган ҳудуд бўйича тақдим этилади.
СКнинг 38-моддасига биноан, давлат солиқ хизмати органи солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаши ёки уларнинг ҳисобланган суммасини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Солиқ тўловчи солиқ даври тугаганидан кейин 5 йил ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олишни ёки қайтаришни талаб қилишга ҳақли.
Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши фуқаролик қонун ҳужжатларига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва тикланади.
Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
175-моддасига асосан фойда (даромад) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёхуд бундай ҳисобни белгиланган тартибни бузган ҳолда олиб бориш, башарти бу ҳаракатлар тўланиши лозим бўлган солиқ ёки бошқа мажбурий тўловларнинг суммасини камайтиришга олиб келса, шунингдек бюджетга ва бюджетдан ташқари фондларга солиқларни, бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган солиқ ҳисоботларини, ҳисоб-китобларини ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этмаслик, ўз вақтида тақдим этмаслик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиш, худди шунингдек камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаслик ЭКИҲнинг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Демак, солиқ ҳисоботини ўз вақтида такдим этмаслик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланади ва юқорида айтилганидек, жарима солишга олиб келади.
Маъмурий жазо қўлланилгандан кейин бир йил мобайнида ҳуқуқбузарлик такрор содир этилганда корхонанинг мансабдор шахсларига ЭКИҲнинг 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар асосларини ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини белгиланган муддатда тақдим этмаганлик учун солиқ тўловчи - юридик шахснинг мансабдор шахси ёки солиқ тўловчи - жисмоний шахс маъмурий жавобгарликка тортилади (СКнинг 115-моддаси).
Жавобни экспертимиз
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.