Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 43 / Божхона

Комиссионер комитент номидан иш олиб борганда

Корхонамиз улгуржи савдо билан шуғулланади. Фуқаролик кодекси           
832-моддасига асосан биз воситачилик шартномаси асосида комитент сифатида фаолият кўрсатиш юзасидан ўзимизнинг таъсисчи билан воситачилик шартномасини туздик. Ушбу шартнома бўйича бизнинг корхонамиз комитент, таъсисчи корхона эса комиссионер сифатида мажбуриятларни ўз зиммасига олди.

1. Комиссионер комитент маблағлари ҳисобидан импорт контракти тузиши ва ушбу контрактда товарларни қабул қилувчи комитент бўлиши қайд этилса, бу контрактни хизмат кўрсатувчи банк рўйхатдан ўтказадими?

2. Импорт қилинган товарларни комиссионер божхона органларида ўзи расмийлаштириб, кейин комитентга бериши мумкинми?

3. Воситачилик шартномаси асосида иш юритилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?

 

 

Б.Курбанов, “Бутлаш сервис” корхонаси директори.

Хоразм вилоятининг Хонқа тумани.

 

1. Воситачилик шартномаси бўйича воситачи комитентнинг топшириғи бўйича ўз номидан, бироқ комитент ҳисобидан бир ёки бир неча битимни ҳақ эвазига тузиш мажбуриятини олади (Фуқаролик кодексининг (ФК) 832-моддаси). Яъни воситачи воситачилик хизматлари кўрсатади ва бунинг учун воситачилик ҳақи олади. Шартномага кўра комитентдан ёки етказиб берувчидан воситачига ўтган мол-мулк (ашёлар) эса комитентнинг мулки бўлади (ФКнинг 838-моддаси).

ФК 833-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ комитент воситачига шартномада белгиланган миқдорда ҳақ тўлаши шарт. Воситачилик шартномаси бўйича бажарилган ишларнинг ҳаммаси комитентга тегишли бўлади ва у буни воситачидан қабул қилиб олиши шарт (ФКнинг 841-моддаси).

Комитент воситачилик ҳақини, тегишли ҳолларда эса делькредере учун қўшимча ҳақни ҳам тўлашдан ташқари, воситачилик топшириғини бажариш юзасидан воситачи сарфлаган суммаларни ҳам унга тўлаши шарт. Агар қонун ҳужжатларида ёки воситачилик шарт­номасида бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, воситачи ўз ихтиёрида бўлган комитентнинг мол-мулкини сақлаш юзасидан қилган харажатлари қопланишига ҳақли эмас (ФКнинг 842-моддаси).

Импорт шартномаси бу – Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган хўжалик субъекти билан норезидент хорижий ҳамкор ўртасида ўз валюта маблағлари ҳисобидан тўланадиган товарлар, ишлар, хизматлар импорти хусусида тузилган шартномадир.

«Ташқи иқтисодий фаолият тўғ­рисида»ги Қонун ҳамда Импорт шарт­номаларини ҳисобга қўйиш ва улар тўловини хўжалик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби тўғрисида низомда (АВ томонидан 4.10.2005 йилда 1514-сон билан рўйхатдан ўтказилган) импорт шартномаларини ҳисобга қўйиш ва улар тўловини хўжалик субъектларининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби белгиланган.

Шунингдек, республика Президентининг «Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонининг (9.08.1996 йилдаги ПФ-1504-сон) 5-бандига асосан тижорат банклари етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, хизматлар) учун ҳақни бевосита маҳсулот етказиб берувчиларга тўлашлари, тўловларнинг учинчи шахслар ҳисобидан ундирилишига йўл қўймасликлари белгиланиб, ушбу тартибни бузиш даромадни яшириш деб баҳоланиши ва айбдорларга нисбатан қонунларда кўзда тутилган жазо чоралари қўлланилиши қайд этилган.

Демак, импорт шартномаларини ҳисобга қўювчи ва уларнинг тўловини корхона ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширувчи ва юкни қабул қилиб олувчи ҳам корхонанинг ўзи бўлиши керак. Ваколатли банкда импорт шартномани кўриш натижалари бўйича, агар тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ келса, шартнома ва унинг нусхасига ташқи савдо шартномаларини ҳисобга олиш ва улар ижросини назорат қилиш бўлинмаси бошлиғининг имзоси ва банк штампи қўйилади, шартномага белгиланган тартибда идентификация рақами берилиб, ҳисобга қўйилади (1514-сон Низомнинг 5-банди).

2. ФКнинг 832-моддасига кўра, воситачи воситачилик шартномаси бўйича комитентнинг топшириғи юзасидан ўз номидан битим тузиши кераклигидан келиб чиқиб, комиссионер импорт шартномаси асосида импорт қилинган товарларни божхона органларида ўзи расмийлаштириб, кейин ўзининг балансига таннархи бўйича кирим қилган ҳолда ушбу товарларни тузилган воситачилик шартномаси бўйича тегишли бирламчи ҳужжат асосида комитентга бериши мумкин.

3. Солиқ кодексининг 355-моддасига кўра, ялпи тушум ягона солиқ тўлови солиш объектидир. Ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) қўшилган қиймат солиғини чегирган ҳолда (қўшилган қиймат солиғи тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун) реализация қилишдан тушган тушум ва Солиқ кодексининг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар киритилади.

Товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум деганда қуйидагилар тушунилади:

савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун – товар обороти;

воситачилик ва топшириқ шартномалари ҳамда воситачилик хизматлари кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматлари кўрсатадиган юридик шахслар учун – кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммаси.

Демак, воситачилик ва топшириқ шарт­номаси ёки воситачилик хизматларини кўрсатишга оид бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматларини тақдим этадиган корхоналар учун солиқ солиш объекти бўлиб кўрсатилган хизматлар учун ҳақ суммаси ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси), ЯСТ ставкаси 33%ни ташкил қилади (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 9-1-иловага асосан).

Шуни унутмаслик керакки, комиссионер томонидан импорт шартномаси асосида товарлар кирим қилинганда ҚҚС, божхона тўловлари, темир йўл харажатлари ва божхона таомиллари билан боғлиқ бошқа харажатлар ушбу импорт қилинган товар таннархининг таркибига киритилади.

 

 

Прочитано: 2580 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика