Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 43 / Назорат

Қисқа муддатли солиқ текширувлари хусусида

Режадан таш­қари қисқа муддатли солиқ текшируви нима? Уни ўтказаётганда солиқ органларининг ходимлари қандай ҳужжатларга эга бўлишлари керак? Ушбу ҳужжатлар билан танишиш тартиби қандай?

 

 

 

           – Аввало режадан ташқари ва қисқа муддатли текширишнинг ўзи нималигини билиш керак. Амалдаги солиқ қонунчилиги солиқ текширишларининг шакл ва турларини фарқлайди. Уларнинг шаклларига қуйидагилар киради:

молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш;

қисқа муддатли текшириш.

Солиқ текширишларининг 3 тури мавжуд: режали, режадан ташқари ва муқобил.

Қисқа муддатли текширув – солиқ тўловчининг савдо, хизмат кўрсатиш, нақд пул тушумини топшириш, аҳоли билан пул ҳисоб-китоблари ва ҳоказо қоидаларига риоя этиш каби алоҳида операцияларининг солиқ қонунчилигига мувофиқлигини текшириш бўлиб, унинг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғланмаган.

Режадан ташқари солиқ текшируви мувофиқлаштириш режаларига киритилмаган ва қуйидаги ҳолларда ўтказиладиган текширувдир:

уни ўтказиш зарурати Ўзбекистон Президенти ёки Ҳукуматининг қарорларидан келиб чиққанда;

солиқ органига солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида маълумотлар келиб тушганда;

фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш зарур бўлганда;

санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашганда, шунингдек қўшни давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли вужудга келганда (Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари – юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида низомнинг1 16-банди, кейинги ўринларда - 1573-сон Низом).

Режадан ташқари солиқ текширишлари қисқа муддатли (1 иш куни мобайнида) ёки молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш шаклида (30 календарь кун мобайнида) ўтказилиши мумкин.

Шу тариқа, режадан ташқари қисқа муддатли солиқ текшируви солиқ тўловчи айрим операцияларининг солиқ қонунчилигига мувофиқлигини текшириш ҳисобланади. У солиқ тўловчининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғланмаган, қуйидаги ҳолларда 1 иш куни мобайнида ўтказилади: уни ўтказиш зарурати Президент ёки Ҳукуматнинг қарорларидан келиб чиққанда; солиқ органига солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлиги тўғрисида маълумотлар келиб тушганда; фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олдини олиш зарур бўлганда ва санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашганда, шунингдек қўшни давлатлардан юқумли касаллик­лар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли вужудга келганда.

Амалиётда режадан ташқари қисқа муддатли текширишни тайинлаш учун кўпинча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролардан аниқ далилланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳуқуқбузарликлар содир этилганлиги тўғрисида олинадиган ахборот асос бўлиб хизмат қилади.

Солиқ органларининг ходимлари режадан ташқари қисқа муддатли солиқ текширишлари ўтказилаётганда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари шарт:

хизмат гувоҳномаси;

текширишларни ўтка­зиш ҳуқуқини берадиган махсус гувоҳнома;

назорат қилувчи органлар фао­лиятини муво­фиқ­лаштирувчи махсус ваколатли органнинг режадан ташқари текширув ўтказиш тўғрисидаги қарори ёки текширишларни амалга оширишни мувофиқлаштириш режасидан кўчирма;

солиқ органининг тегишли солиқ текшируви тайинланганлиги тўғрисидаги буйруғи;

солиқ текширувини ўтказиш дастури (Солиқ кодексининг
92-моддаси, кейинги ўринлар­да – СК)
.

Ушбу ҳужжатларнинг баъзилари танишиш учун тақдим этилади, бошқалари нусхаси олинганлиги тўғрисида тилхат олиниб топширилади. Чунончи, хизмат ва махсус гувоҳномалар танишиш учун тақдим этилади, режадан ташқари текшириш тўғрисидаги қарор ёки текширишлар режасидан кўчирма, солиқ текширишини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ, уни ўтказиш дастури солиқ тўловчига нусхаси олинганлиги хусусида тилхат олиб топширилади.

1573-сон Низомнинг
21-бандига кўра улгуржи ва чакана савдодаги, умумий овқатланиш ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан савдо-сотиқ ҳамда нақд пул тушумини топшириш қоидаларига риоя этилишини режадан ташқари қисқа муддатли текширишлардан ўтказиш тўғрисидаги қарорлар истисно тартибида туман комиссияларининг раислари ёки вилоят комиссиялари раисларининг ўринбосарлари – солиқ бошқармалари бошлиқлари томонидан имзоланадиган рўйхатлар кўринишида расмийлаштирилади. Қолган барча ҳолларда тадбиркорлик субъекти фаолиятини режадан ташқари қисқа муддатли текшириш вилоят текширишларни мувофиқлаштириш комиссиясининг қарори асосида амалга оширилади (фикримизча, мазкур ҳолда кўрсатилган Низомнинг 18 ва 21-бандларида “вилоят комиссияси” cўзларини “вилоят (шаҳар) комиссияси” деб аниқлаштириш мақсадга мувофиқ бўларди. Бундай ўзгартиришнинг зарурлиги шу билан изоҳланадики, Тошкент алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик ҳисобланади ва вилоятларга тенглаштирилади, шу сабабли шаҳарда ҳам, худди вилоятлардагидек, давлат солиқ бошқармалари фаолият кўрсатади. Акс ҳолда Тошкент шаҳар текширишларни мувофиқлаштириш комиссияси раис ўринбосари – Тошкент шаҳар ДСБ бошлиғининг қарорлари (рўйхат тарзида тасдиқланган) амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмай қоларди).

Бозорлар, савдо комплекслари ҳудудида ва уларга туташган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида патта йиғими, ижара ҳақи тўлиқ келиб тушиши ва топширилиши ҳисобини юритиш, фискал хотирали назорат-касса машиналарини, пластик карточкалар бўйича тўловларни қабул қилувчи ҳисоб-китоб терминалларини қўллаш, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилиш бобида режадан ташқари қисқа муддатли текшириш истисно ҳисобланади. Президентнинг “Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига (8.01.2010 йилдаги ПҚ-1257-сон) мувофиқ у кейинчалик Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгашини ёки унинг ҳудудий комиссияларини хабардор қилган ҳолда, Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари бошлиғининг буйруқлари асосида ўтказилади. Бундан келиб чиқадики, солиқ текшириши ўтказилаётганда солиқ органларининг ходимлари ўз хизмат ва махсус гувоҳномаларини тақдим этадилар ҳамда солиқ тўловчига мазкур Бош бошқарма ёки унинг ҳудудий бўлимлари бошлиғининг буйруғи нусхасинигина тилхат олиб топширадилар. Текширишнинг бундай шаклида мувофиқлаштириш кенгашининг олдиндан рухсатномаси талаб қилинмаслигини ҳисобга олганда, мазкур ҳолда текшириш дастури тақдим этилмайди, чунки Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш республика кенгаши ёки унинг ҳудудий комиссиялари томонидан тасдиқланмайди.

Солиқ текширишини ўтказиш солиқ тўловчига солиқ текширишини тайинлаш тўғрисида қарор ёки рўйхат, буйруқ нусхаси, уни ўтказиш дастурини топшириш пайтидан бошланади. Шуни таъкидлаш лозимки, СК
92-моддасининг биринчи қисмига кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш ва пулли хизматлар кўрсатиш соҳасида савдо қоидаларига риоя этиш ва нақд пул тушумини топшириш масалалари бўйича қисқа муддатли текшириш ўтказилиши чоғида солиқ органларининг мансабдор шахслари ҳужжатлар билан солиқ текшириши олдидан эмас, балки у якунлангунча исталган вақтда таништиришлари ва уларнинг нусхаларини тилхат олиб топширишлари мумкин. Ушбу чора назорат тадбири тўсатдан ўтказилишини таъминлаш учун махсус мўлжалланган.

Амалиётда текширувчи мансабдор шахслар дастлаб назорат харидини амалга оширадилар, сўнгра солиқ тўловчига солиқ текшириши бошланганлигини эълон қиладилар, унинг мақсади билан таништирадилар, ўз хизмат ва махсус гувоҳномаларини тақдим этадилар, текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдирадилар ва солиқ тўловчига солиқ текширишини ўтказиш учун асос ҳисобланган ҳужжатларнинг нусхаларини топширадилар. Шундан кейин улар текширишни ўтказиш дастурига кўра текширувни бошлайдилар. Текширувчилар назорат харидини ўтказишда Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга2 оғишмай амал қилишлари керак.

Ҳужжатлар билан танишганда қуйидагиларга алоҳида ­эътибор қаратиш керак:

гувоҳномаларнинг амал қилиш муддатларига. Хизмат гувоҳномаси унда кўрсатилган муддатгача амал қилади, бу муддат тугагандан сўнг у ҳақиқий эмас ҳисобланади. Текширишларни ўтказишга қўйиш тўғрисидаги махсус гувоҳномалар 3 йилгача муддатга солиқ органи томонидан берилади3;

буйруқда кўрсатилган солиқ текшириши муддатига. Текширувчиларнинг келиши пайтида у бошланмаган ёки тугаган бўлиши мумкин;

солиқ текширишини тайинлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган солиқ органлари ходимларининг ФИШга. Унда кўрсатилмаган мансабдор шахслар текширишда иштирок этиш ва унда ҳозир бўлишга ҳақли эмаслар (СК
92-моддасининг тўртинчи қисми)
.

Ҳужжатлар нусхаларини олганлик тўғрисидаги тилхатда сана ва, иложи бўлса, аниқ вақтни кўрсатиш керак (мисол: 2013 йил 23 август, 14.00). Айни шу пайтдан текширишнинг солиқ ҳисоби бошланади. Тилхатни ҳужжатларнинг нусхалари олингандан кейингина ёзиш керак, акс ҳолда солиқ тўловчи унга текширувчилар томонидан ҳужжатларнинг нусхалари топширилмаганлигини кейинчалик исботлай олмайди. Тилхатда нусхалари уни ёзишга қадар ҳақиқатан сизга топширилган ҳужжатларнинггина номи, санаси ва рақамини кўрсатиш лозим. Солиқ тўловчи “Текшириш ўтказилишига эътирозларим йўқ”, “Текширувчиларга эътирозларим йўқ” сингари ва бошқа, унга ҳужжатлар нусхаларини топшириш билан боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатларни тасдиқлаши керак эмас, чунки бундай тасдиқлашлар кейинчалик назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг юқори инстанциялар ва (ёки) судда солиқ текшириши ҳужжатлари устидан шикоят қилганда солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузадиган ўз ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)ни оқлашига хизмат қилиши мумкин.

P.S. Мазкур масалани ўрганиш давомида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар синчиклаб кўриб чиқилишига қарамай, юқоридаги жавоб профессионал маслаҳат ҳисобланмайди. Улар саволда баён этилган вазиятга ўз нуқтаи назарларидан келиб чиқиб қараган шахсларнинг фикрини ифодалайди.

Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ
ва
Тимур ТУРСУНОВ,

“VICTORY YURCONSALT” МЧЖ юрисконсультлари.

_______________________________________

1НҚОФМРКнинг АВ томонидан 6.05.2006 йилда 1573-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

2ДСҚнинг АВ томонидан 28.06.2013 йилда 2475-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.

3Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларини хўжалик юритувчи субъектларда текшириш ўтказиш ҳуқуқини бериш бўйича аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низом 4-банди (НҚОФМРКнинг АВ томонидан 20.01.2010 йилда 2070-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).

 

 

 

Прочитано: 6110 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика