Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 43 / Божхона

Ноҳалол рақобат истеъмолчи манфаатларига зиддир

Мамлакатимизда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг шароитларни таъминлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар бозорларнинг очиқлиги, яъни ишлаб чиқарувчи, товар ва хизматларни таклиф этувчилар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, нархларнинг арзонлашишига олиб келмоқда. Бу борада айниқса, товар ва молия бозорларида устунлик мавқеини суиистеъмол қилишнинг олдини олиш, монополияга йўл қўймаслик, ноҳалол рақобатга ва истеъмолчилар манфаатларининг камситилишига барҳам беришга алоҳида эътибор қаратилаётир.

 

           Бунинг натижаси ўлароқ 2000 йилда мамлакатимизда 753 та монопол корхона фаолият­ юритган бўлса, ҳозирга келиб уларнинг сони 128 тани ташкил этади. Ўз навбатида, бундай корхоналарнинг мамлакатимиз ЯИМдаги улуши кейинги беш йил ичида 26 фоиздан 19 фоизга қисқарган.

Тадбиркорларнинг ўз маҳсулотларини эркин сотиши учун шарт-шароит яратиш, бунда биржа савдоларини кенг йўлга қўйиш муваффақиятлар сари дадил одимлашнинг кафолатидир. Рақобат муҳитида маҳсулот ва хизматлар сифати тобора яхшиланиб, кичик бизнес субъектларининг мавқеи мустаҳкамланиши таъминланади. Соғлом рақобат шароитида бозорнинг барқарор фао­лият кўрсатишига, эркин тадбиркорлик фао­лиятига тўсқинлик қилувчи ва истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларига зарар етказувчи битимлар тузиш, нархлар ва тарифларни сунъий ошириш қатъиян ман этилади. Аммо эркин бозор иқтисодиётининг бу тамойилига барча бирдай амал қилаётир, деб бўлмайди. Айрим монопол мавқега эга ташкилотлар бугунги кун талаби даражасида фаолият олиб боришдан кўра, ўз манфаатини ўйлаб иш тутаётган ҳоллар ҳам учраб тураётгани сир эмас. Масалан, жорий йилда монополияга қарши органлар томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида мамлакатимизда фаолият юритаётган мобил алоқа компаниялари ўзаро келишган ҳолда абонент тўловлари нархини бир вақтнинг ўзида бир хил миқдорда кўтарганлиги аниқланган. Натижада уларга тегишли қонунчилик асосида жавобгарлик белгиланиб, жарималар қўлланилган.

Миллий матбуот марказида Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишни такомиллаштиришга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 августдаги “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишни таомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 230-сон қарори ва унинг мақсад-вазифалари муҳокама этилди. Тадбирда қатнашган мутахассисларнинг таъкидлашича, энди фаолият бошлаётган субъект ва қаддини тиклаб олган ёки табиий монопол корхоналарнинг имконияти бир хил бўлмайди. Бозор иқтисодиёти эса уларнинг барчаси эркин фаолият юритиши учун мўътадил ва тенг шароит яратилишини тақозо қилади. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 6 январда қабул қилинган “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни ва бошқа бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда бу жараённи такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш имконини таъминлаётгани йиғилишда қайд этиб ўтилди.

Гулбаҳор САТТОРОВА,

“СБХ” мухбири.

Прочитано: 2155 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика