Корхонамиз ўзининг очиқ турдаги божхона омборига эга, унда барча хоҳловчиларнинг товарларини сақлаймиз. Омбор доим ҳам тўла бўлавермайди. Божхонага бизда судгача ушланган товарларни жойлаштириш таклифи билан мурожаат қилдик. Бироқ бизга рад жавоби беришди. Омборимизда божхоначилар ушлаб қолган товарларни сақлаш мумкинми?
Доимий мижозимиз яна бир саволга оид тушунтириш беришингизни сўрайди. Агар суднинг ҳал қилув қарорига кўра ушланган товарлар эгасига қайтарилиши керак бўлса, буни қандай қилиб амалга ошириш керак? Уларни омборда сақлаш учун тўлов ундириладими?
М.Бегулов.
– Аввало шуни билиш лозимки, божхона омборида Ўзбекистонга олиб келиш ва ундан олиб чиқиш тақиқланган товарларни сақлашга рухсат берилмайди, божхона органлари томонидан олиб қўйилган товарлар бундан мустасно. Бироқ Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомга (ВМнинг 20.11.2003 йилдаги
523-сон қарорига 1-илова) мувофиқ ушбу товарлар божхона омбори таъсис этган божхона омборига жойлаштирилиши керак.
Ушбу шарт “Вақтинчалик сақлаш” божхона режими тўғрисидаги низомда1 қатъий тарзда белгиланган: божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш тўғрисидаги иш бўйича ашёвий далил сифатида олиб қўйилган товарлар ва транспорт воситалари фақат эгаси божхона органи ҳисобланган очиқ турдаги божхона омборларида жойлаштирилиши мумкин. Шунингдек “Божхона омбори” божхона режими тўғрисидаги низомда2 белгиланишича: божхона органлари томонидан таъсис этилган божхона омборида божхона органлари томонидан олиб қўйилган товарларни сақлашга йўл қўйилади.
Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида божхона органлари томонидан олиб қўйилган товарларни эгаси Ўзбекистоннинг юридик шахси бўлган божхона омборига жойлаштириш назарда тутилмаган.
Бундай товарларни ҳисобга олиш ва уларга нисбатан қўшимча таомилларни амалга ошириш механизми Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида низомда (ВМнинг 15.07.2009 йилдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган, бундан кейин – Низом) белгиланган.
ОЛИБ ҚЎЙИЛГАН
МОЛ-МУЛКНИ ҚАЙТАРИШ
Мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори ёки божхона органининг қарори бекор қилинганда мол-мулк ёки унинг қиймати қайтарилиши керак.
Агар мол-мулк ҳали сотилмаган ёки қайта ишлашга топширилмаган бўлса, уни қайтариш ваколатли орган ёки суд ижрочиси томонидан, мол-мулкни қайтариш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб 10 кун муддатда амалга оширилади. Аризага мазкур мол-мулк давлат мулкига тушганлигига асос бўлган қарор тегишли давлат органи томонидан бекор қилинганини тасдиқловчи ҳужжатнинг тасдиқланган нусхаси илова қилинади.
Агар мол-мулк сотилган ёки қайта ишлашга топширилган бўлса, мол-мулк қийматини қайтариш молия органлари томонидан тегишли бюджет маблағларидан ва давлат органларининг тегишли ҳисобрақамларидан илгари маблағлар тақсимланган айни бир фоиз нисбатида мол-мулк қийматини тўлаш тўғрисидаги ариза берилган кундан бошлаб 10 кун муддатда амалга оширилади. Ҳисобрақамларида маблағлар етишмаган тақдирда етишмаган қисмни қайтариш кейинчалик кўрсатиб ўтилган маблағлар махсус ҳисобрақамидан ундириб олинган ҳолда тегишли бюджет маблағларидан амалга оширилади.
Йўқ қилинган мол-мулк қийматини қайтариш ариза худди шу тартибда тегишли бюджет маблағларидан амалга оширилади.
Уни бюджетдан қайтариш манбаи сифатида давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни сотишдан ушбу бюджетга келиб тушган тушумлар суммалари ҳисобланади. У етишмаган тақдирда, молия органи раҳбари пул маблағларининг етишмаган қисмини Давлат бюджети даромадларининг тегишли бўлимлари ва параграфлари бўйича тушумлар ҳисобига тўлаш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақлидир.
Маълумот учун! Мол-мулк қийматининг баҳоси (суммаси) қонун ҳужжатларига мувофиқ аниқланади. Мол-мулкни қайтариш ёки унинг қийматини тўлаш, агар қайтариш тўғрисидаги ариза мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинган кундан бошлаб 3 йилдан кечикмай берилган бўлса, амалга оширилади.
ЧИҚИМЛАРГА ДОИР ХАРАЖАТЛАР
Божхона кодекси 185-моддасининг учинчи қисмига ҳамда Низомнинг 55 ва 56-бандларига мувофиқ мол-мулкни сақлаш, экспертиза ўтказиш ва баҳолаш, ташиш ва йўқ қилиш, тегишли ташкилотларга текинга берилган мол-мулкни давлат даромадига ўтказиш билан боғлиқ бошқа харажатлар давлат даромадига ўтказилган мол-мулк реализациясидан келиб тушган пул маблағлари ҳисобига қопланади. Бунинг учун божхона органи суд ижрочиларига ушбу харажатларни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этиши керак.
Материални
махсус мухбиримиз
Гулнора АБДУНАЗАРОВА тайёрлади.
________________________________________
1ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 17.06.1998 йилда 447-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2ДБҚнинг АВ томонидан 27.02.2004 йилда 1318-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.