Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 43 / Назорат

“Ишонч телефони” – ишончингиз гарови

Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида Хоразм вилояти прокуратура органларининг “007” рақамли “ишонч телефони”га тадбиркорлардан жами 186 та мурожаат келиб тушган. Шундан 168 таси ҳал этилган ва 124 таси асосли деб топилиб, қаноатлантирилган.

 

 

            ТАДБИРКОРГА ТЎСИҚ БЎЛГАН “ТЎРАЛАР”

Урганч шаҳрида яшовчи А.Худойназарова тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи синглиси М.Яхшимуратовага тегишли нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда сотишга мўлжалланган дўкон биноси 2011 йилда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб ташланганлиги, бироқ бугунги кунга қадар унга на ер майдони ажратилган, на компенсация пуллари тўланганлиги тўғрисида вилоят прокуратурасининг “ишонч телефони”га мурожаат қилган.

Аниқланишича, иш жойидан мосуво бўлган тадбиркорлар бузиб ташланган дўкон биноси ўрнига бошқа ер майдони ва 94,8 млн сўм миқдорида компенсация пули ажратиш юзасидан Урганч шаҳар ҳокимлиги ҳамда ҳокимият ҳузуридаги махсус комиссия­га бир неча маротаба оғзаки мурожаатлар қилишларига қарамай, шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахс­лари мурожаатни асоссиз равишда кўриб чиқмаганлар. Тадбиркорга ўз фаолиятини давом эттириши учун ер майдони ажратилиши пайсалга солиниб, “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун талабларига зид ҳолда М.Яхшимуратованинг қонун билан қўриқла­надиган манфаатларига жиддий зарар етказилган. Энг ачинарлиси шуки, тадбиркор М.Яхшимуратовага бузилган дўкон биноси учун компенсация пули тўлаш ва ер майдони ажратиш масаласи шаҳар ҳокимлиги қошидаги махсус комиссия йиғилишида кўриб чиқилиб, ҳокимлик мансабдор шахслари томонидан уни ер майдони билан таъминламаслик мақсадида, гўёки йиғилиш жараёнида А.Худойназарова ва М.Яхшимуратовалар бузилган дўкон биноси ўрнига ер майдони олишдан воз кечганликлари тўғрисида баённомага сохта ёзув ва маълумотлар киритиб, кейинчалик ўзларининг ушбу ҳаракатларини асослантириш мақсадида А.Худойназаровадан “ер участкасидан воз кечганлиги ҳақида” ариза ёзиб беришини талаб қилишган.

Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан Урганч шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 144-моддаси биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, вилоят прокуратурасининг аралашуви билан М.Яхши­муратова ва унинг қонуний вакили А.Худойназароваларга  давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузиб ташланган 212,7 м2 майдондаги дўкон биноси ўрнига бошқа ҳудуддан 217 м2  ер майдони ва  94,8 млн сўм миқдорида компенсация пули ажратиб берилиши таъминланди.

 

КРЕДИТ ОЛИШ МУАММОСИ БИЛАН ТЎҚНАШГАН ТАДБИРКОР

Ҳазорасп туманининг Питнак қишлоғида яшовчи Э.Сапаров тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида “Супермаркет” биносини жиҳозлаш учун кредит маблағи ажратилишини сўраб, ДТ “Халқ банки” Питнак филиалига берган аризаси қонунда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқилмаётганлиги ҳақида вилоят­ прокуратураси “ишонч телефони”га мурожаат қилган.

Ўрганиш натижасига кўра, вилоят­ прокуратурасининг аралашуви билан якка тартибдаги тадбиркорга супермаркет биносини жиҳозлаш учун 36 ой муддатга йиллик 17 фоиз устама ҳақ тўлаш шарти билан 70 млн сўм миқдорида кредит ажратилиши таъминланиб, ДТ “Халқ банки” Питнак филиали бошқарувчиси М.Қурбонов ҳамда Кредитлаш ва иқтисодий таҳлил бўлими етакчи мутахассиси К.Аллабергановлар тадбиркор аризасига ўз вақтида жавоб бермагани, кредит ҳужжатларини муддатида сифатли қилиб вилоят филиалига тақдим қилмагани, банк вилоят бошқарувининг ижобий хулосаси олинмасдан туриб гаров ҳужжатларини имзолаганликлари учун ДТ “Халқ банки” вилоят бошқаруви Кредитлаш бўлими бошлиғи О.Казаков эса ушбу соҳада назоратни сусайтириб, камчиликларни бартараф этиш чораларини кўрмаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилдилар.

 

ИШЧИЛАРНИНГ МАОШИ КЕЧИКМАЙДИГАН БЎЛДИ!

Шовот туманидаги “Uztex Shovot” МЧЖ шаклидаги қўшма корхона раҳбари Р.Ҳайтбоев вилоят прокуратураси “ишонч телефони” орқали мурожаат қилиб, ДАТ “Асакабанк” Хоразм вилоят филиали томонидан корхона ишчи-хизматчиларининг ойлик маошлари берилмаётганлигини билдирган. Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида корхона меҳнаткашларининг
69 млн 382 минг сўмлик иш ҳақлари нақд пулда берилиши таъминланиб, даъво талаби тўлиқ қаноатлантирилган.

 

ШАРТНОМАГА

РИОЯ ЭТМАГАН БУЮРТМАЧИ ЖАЗО ОЛДИ

Вилоят прокуратураси Урганч шаҳридаги “Urganch Gaz Water Bulding” МЧЖ ва вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ўртасида 2012 йилда тузилган пудрат шартномасига асосан, МЧЖ томонидан бажарилган ишлар учун буюртмачи шартномада кўрсатилган маблағларни тўлаб бермаётганлиги тўғрисида “ишонч телефони”га қилинган мурожаатни кўриб чиқди.

Маълум бўлишича, “Urganch Gaz Water Bulding” МЧЖ ва вилоят ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ўртасида 2012 йил Дастурига киритилган Урганч тумани Дўстлик маҳалласидаги бир қатор кўп қаватли турар жойларнинг умумфойдаланиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқ­ларини капитал таъмирлаш учун умумий қиймати 112,4 млн сўмлик икки томонлама шартнома имзоланган. Мазкур шартнома вилоят маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгиланган бўлиб, 2012 йилнинг декабрь ойида шартнома умумий қийматининг 30 фоизи (33,7 млн сўм) бўнак тариқасида МЧЖ ҳисобрақамига ўтказиб берилган. Шундан сўнг, шартномада кўрсатилган ишлар тўлиқ бажарилиб, объектлар фойдаланишга топширилган бўлишига қарамай, буюртмачи шартнома қийматининг қолган 78,7 млн сўмини тўлаб бермаган. 

Вилоят прокуратурасининг аралашуви билан ушбу маблағ маҳаллий бюджетдан ажратилиб, МЧЖ ҳисобрақамига ўтказиб берилиши таъминланди.

Шунингдек, 2012 йилда кўп қаватли уйларда қайта таъмирлаш ишларини бажарган “Urganch Gaz Water Bulding” МЧЖ ва бошқа шу каби кўплаб хўжалик юритувчи субъектларнинг пулларини ўз вақтида тўлаб бериш чораларини кўрмаганлиги оқибатида жами 23 та объект бўйича 72,3 млн сўмлик муддати ўтган дебиторлик ва 8 та объект бўйича 35,5 млн сўмлик муддати ўтган кредиторлик қарзлари вужудга келтиргани учун инжиниринг компанияси директори вазифасини вақтинча бажарувчи Б.Юсупов ва  бош бухгалтер Б.Ражабовлар маъмурий жавобгарликка тортилиб, МЖтКнинг 175-моддаси учинчи қисми билан уларнинг ҳар бирига 795 900 сўм жарима қўлланилди.

 

ХОРИЖИЙ ҲАМКОРГА ШАРТНОМА ШАРТЛАРИ “ЭСЛАТИБ ҚЎЙИЛДИ”

Вилоят прокуратураси томонидан Боғот туманидаги “Боғот мева шарбат” МЧЖ раиси Б.Қувақовнинг ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва модернизация қилиш мақсадида янги ускуна ва маҳсулотлар сотиб олиш учун Хитойнинг “Хинжанг сая интернейшнл трединг компани ЛТД” хорижий савдо компанияси билан тузилган шартномага асосан 2012 йилнинг 27 сентябрида олдиндан 48 090 АҚШ доллари миқдорида, яъни 100% тўлов амалга оширилган бўлса-да, ушбу хорижий компания­нинг шартномада белгиланган 160 кун муддат ичида товарларни етказиб бермаганлиги ҳолати юзасидан амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилган. Натижада “Хинжанг сая интернейшнл трединг компани ЛТД” томонидан 35 680 АҚШ доллари миқдоридаги янги ускуналар ва 950 АҚШ доллари миқдоридаги янги ишлаб чиқарилиши режалаштирилган шарбат қадоқ қопқоғидан 50 минг дона Ўзбекистон ҳудудига олиб келиниши таъминланиб, тадбиркорнинг талаби тўлиқ қаноатлантирилган.

 

ДСИ ХОДИМЛАРИНИНГ КУТИЛМАГАН ТАШРИФИ

Хонқалик якка тартибдаги тадбиркор А.Отабоев туман прокуратураси “ишонч телефони”га қўнғироқ қилиб, у фаолият кўрсатиб келаётган чойхонага Хонқа туман ДСИ бошлиғи ўринбосари З.Ходжаев ва бошқалар маст ҳолда келиб, у ерда текшириш ўтказганликлари, савдо кассаси, омбор ва бошқа хоналарни кўздан кечирганликларини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Ушбу мурожаат юзасидан ўтказилган текширишда ҳақиқатан ҳам туман ДСИ мансабдор шахси ва бошқа ходимлар маст ҳолда А.Отабоев фаолият кўрсатаётган чойхонага келганлиги, у ерда ҳеч қандай буйруқ ёки рухсатномасиз текшириш ўтказганлиги ўз тасдиғини топган.

Натижада солиқ хизмати ходимларига нисбатан ЖКнинг 2061-моддаси учинчи қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

ЛАФЗСИЗЛИК ВА

УНИНГ ОҚИБАТИ

Хива туманида фаолият юритаётган “Хива Лендер Сервис” шуъба корхонаси раҳбари Б.Раззақовнинг Урганч шаҳрида уй-жой қурилиши ишларида “Фар Умид савдо” корхонасига ўтказиб берилган маблағ учун ишлар тўлиқ бажарилмаганлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан терговолди текшириш ҳаракатлари ўтказилган.

Аниқланишича, Вазирлар Маҳка­масининг 2011 йил 13 апрелдаги баёни иловасига мувофиқ, Урганч шаҳри марказий қисмини 2011-2012 йиллар давомида реконструкция қилиш Дастурида Урганч шаҳрининг Ал-Хоразмий ва А.Баҳодирхон кўчалари кесишмасидаги кўп қаватли уйларнинг қурилишида ДАТ “Асака” банк Хоразм вилоят филиали буюртмачи ва “Хива Лендер Сервис” шуъба корхонаси бош пудратчи этиб тайинланиб, пудрат шартномаси тузилган.

Бош пудратчи “Хива Лендер Сервис” шуъба корхонаси ва Фарғона вилоятидаги “Фар Умид Савдо” хусусий корхонаси ўртасида 2011 йилда 2 млрд сўмлик мукаммал қурилиш бўйича пудрат шартномаси тузилиб, ушбу шартномага асосан бош пудратчи томонидан хусусий корхонага 375 млн сўмлик тўловларни олдиндан ўтказиб берилган бўлса-да, корхона қурилиш ишларини тегишли тартибда далолатнома билан топширмасдан, объектни ўзбошимчалик билан ташлаб кетган.

Бош пудратчи “Хива Лендер Сервис” шуъба корхонаси шартнома шартларига риоя этилмаётганлиги ва унинг қўпол равишда бузилаётганлиги, қурилиш-монтаж ишлари учун ўтказиб берилган 375 млн сўм маблағни қайтариб бериш тўғрисида пудратчи “Фар Умид Савдо” хусусий корхонасига бир неча марта огоҳлантириш хатлари юборган. Шунга қарамасдан, мазкур корхона томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Қонуни (29.08.1998 йилдаги 670-I-сон) талаблари ҳамда шартнома шартлари бузилиб, қарз асоссиз равишда тўланмасдан, иш фаолиятида муддати ўтган дебиторлик қарзи ҳосил бўлган.

Шу боис Фарғона шаҳрида жойлашган “Фар Умид Савдо” хусусий корхонаси ҳисобидан Хива туманидаги “Хива Лендер Сервис” шуъба корхонаси фойдасига 375 млн сўмни ундириш хусусида вилоят­ хўжалик судига даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

 

АРИЗА МУДДАТИДА

КЎРИБ ЧИҚИЛМАГАЧ…

Тадбиркорлик фаолияти билан шу­ғулланиш истагида бўлган урганчлик А.Мавлонов савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳамда тўйхона ташкил қилиш учун ер майдони ажратиб берилишини сўраб, туман ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилган эди. Аммо унинг аризаси ҳокимлик мутасаддилари томонидан қонунчиликда белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб  чиқилмагач, у бу ҳақда вилоят прокуратурасининг “ишонч телефони”га қўнғироқ қилишга мажбур бўлди.

Аниқланишича, А.Мавлоновнинг савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси ҳамда тўйхона ташкил қилиш учун ер майдони ажратиб бериш мазмунида туман ҳокими номига ёзган аризаси тегишлилиги бўйича туман ер ресурслари ва давлат кадастр бўлимига юборилган бўлса-да, бўлим томонидан ушбу мурожаат қонунда белгиланган муддатда кўриб чиқилмаган.

Бу эса, ўз навбатида, А.Мавлоновнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатлари поймол этилишига, унинг ҳақли эътирозига ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, ортиқча овора бўлишига олиб келган.

Текшириш натижасига кўра, қонун бузилишига йўл қўйилганлиги учун Урганч туман ҳокимлигининг ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи Қ.Отаниязовга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 43-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри ДУК хизмати мутахассиси О.Раҳимовга нисбатан интизомий жавобгарлик тўғрисида ишлар қўзғатилди.

 

Прочитано: 4721 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика