Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 42 / Амалий бухгалтерия

Эскини ямагач... Демонтаж қилинган материалларни расмийлаштириш бўйича амалий тавсиялар

Пудрат ташкилоти олинган қайтариладиган материалларнинг улар буюртмачига топширилишига ёки қурилишда қайтадан фойдаланилишига қадар сақланиши учун буюртмачи олдида моддий жавобгар бўлади.

 

ҲИСОБГА ОЛАМИЗ ВА САҚЛАЙМИЗ

Пудрат ташкилоти олинган қайтариладиган материалларнинг улар буюртмачига топширилишига ёки қурилишда қайтадан фойдаланилишига қадар сақланиши учун буюртмачи олдида моддий жавобгар бўлади. У бундай материалларнинг объект ҳузуридаги омборда демонтаж қилинган материалларнинг умумий ҳажмида қайтариладиган ресурсларнинг ҳақиқий сонини аниқлаш учун буюртмачининг вакилларига тақдим этишга қадар янги материаллар ҳамда буюмларни сақлаш қоидаларига мувофиқ сақланишини таъминлаши керак.

Қайтариладиган материалларнинг ҳисоби демонтаж қилинган ресурсларнинг ҳақиқатда чиқиб кетиши ҳақида далолатнома тузилишидан бошланади. Агар пудрат ташкилоти улардан қурилишда фойдаланса, улар бундай материалларни яроқли ҳолатга келтириш харажатларини чегирган ҳолда янги материаллар нархлари бўйича пудрат ташкилотининг омбор ва бухгалтерия ҳисобида кирим қилиниши керак. Пудратчида улар буюртмачининг ишловга берилган материали сифатида ҳисобга олинади.

Қурилишда қайтадан фойдаланилмайдиган қайтариладиган материалларни пудрат ташкилоти буюртмачига қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича топшириши керак. Ушбу ҳолда уларни буюртмачи ўзининг бухгалтерия ҳисобида юқорида кўрсатилган тартибда кирим қилади. Пудрат шартномасида пудратчи томонидан буюртмачига қайтариладиган материалларни бериш тартиби ва муддатлари ҳамда берилмаган материалларни қоплаш тартиби аниқлаштирилиши лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, қайтариладиган материалларнинг чет ташкилотларга ҳар қандай силжиши буюртмачининг баланси орқали ўтиши керак.

 

Диққат! 1.04.04-99 КМК “Буюмлар, ускуналар ва материаллардан қурилишда қайтадан фойдаланиш”нинг (Давархитектқурилишқўмнинг 1.12.1998 йилдаги 81-сон буйруғи билан тасдиқланган) 3.10-бандига кўра қайтариладиган ресурсларни аҳолига реализация қилиш, уларни қайта баҳолаш, харидорга етказиб бериш тартиби маҳаллий бошқарув органлари (ҳокимликлар) томонидан тартибга солинади. Чамаси, Давархитектқурилишқўм бунда хўжалик юритувчи субъектларнинг савдо фаолиятини лицензиялашни назарда тутган.

 

ДАЛИЛ БЎЙИЧА ВА ДАЛОЛАТНОМАГА КЎРА

Бинолар ва иншоотлар (конструкциялар) демонтаж қилинганидан ёки бузиб ташланганидан кейин қайтариладиган ресурсларнинг амалда чиқишини комиссия белгилайди, унда буюрт­мачи, техник назорат ва пудратчининг буйруқ билан тайинланган ваколатли вакиллари иштирок этадилар. Тарафларнинг биргаликдаги иши натижаси тарафларнинг вакиллари томонидан имзоланган, қурилиш конструкцияларини қисмларга ажратиш (демонтаж қилиш)дан материаллар ва буюмларнинг ҳақиқатдаги чиқиши далолатномаси  билан расмийлаштирилади (намуна norma.uz сайтида берилган). Уни буюртмачи ва пудратчининг раҳбарияти тасдиқлайди, сана қўйилади.

Материалларнинг ҳақиқатда чиқиши далолатномасидаги жадвал шаклида қуйидагилар кўрсатилади:

қурилиш объектининг номи, демонтаж қилинадиган ишларнинг турлари;

демонтаж қилинган материаллар (тури, русуми, тоифаси ёки бошқа танитувчи хоссаларини кўрсатган ҳолда);

демонтаж қилинган материалларнинг умумий сони;

ўлчов бирлиги;

қайтадан ишлатиш мумкинлиги тахмин қилинган материаллар сони;

қайтадан ишлатиш учун яроқсиз материаллар сони;

қайтариладиган ресурсларнинг уларни қайтадан ишлатишга имкон бермайдиган ҳақиқатдаги ҳолати, тавсифи, хоссасининг баёни.

Пудрат ташкилоти комиссия ­аъзоларига барча демонтаж қилинган материалларни, ҳатто парчаларини кўрсатиши керак. Айни комиссия улар орасида яроқли материал­ларнинг қанчалиги ва яроқсиз материалларнинг қанчалигини ҳал қилади.

Ҳисобот даврида демонтаж қилинган материалларнинг умумий сони тўғрисидаги маълумотларни комиссия пудрат ташкилотининг охирги ҳисобот даврида бажарган ишлар далолатномаларидан олади. Албатта, ҳақиқатда чиқиш далолатномасидаги рақамлар бажарилган ишлар далолатномасида акс эттирилган рақамлардан катта бўлмаслиги керак.

Комиссия демонтаж қилинган материалларни кўздан кечирган ҳолда уларнинг физик ва сифат ҳолатини белгилайди ва кўрик натижаларини далолатномада қайд этади. Материаллар ишлатиш учун яроқли ёки яроқсиз бўлиши мумкин, холос.

Пудрат ташкилоти кейинчалик буюртмачига ҳақиқатда чиқиш далолатномасида кўрсатилган қайтариладиган материалларни қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича қайтаради. Уларнинг бир қисми етказиб берилмаган тақдирда пудратчи унга етказилган зарарни бозор баҳоси бўйича компенсациялайди.

Одатдан ташқари вазият. Айрим ҳолларда пудрат шартномаси билан белгиланган бажарилган ишлар далолатномаларини тақдим этиш муддати ҳали келмаган бўлса-да, қурилиш майдончасини тўпланиб қолган қайтариладиган материаллардан тезда бўшатиш лозим бўлади. Бу ҳолда демонтаж қилинган материалларнинг ҳажмлари тўғрисида оралиқ далолатномани расмийлаштириш мумкин. Унда ҳисобот ойининг муайян­ даври ичида бажарилган ишлар ҳажми, тури ва жойи, демонтаж қилинган материаллар сони ва номи кўрсатилади. Далолатномани пудрат ташкилоти ва техник назорат вакиллари имзолайдилар. Бир ой мобайнида заруратга қараб бир нечта худди шундай далолатномани расмийлаштириш мумкин.

Қурилиш майдончасида демонтаж қилинган материалларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймаслик учун пудратчидан бажарилган ишлар далолатномалари билан биргаликда қўшимча равишда материалларнинг ҳақиқатда чиқиши далолатномасини ҳам талаб қилиш лозим.

 

КОМИССИЯ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

Комиссия ишини одатда буюрт­мачининг техник назорат хизмати ташкил этади. У буюртмачининг вакили бўлган комиссия аъзоларини оғзаки ёки ёзма равишда хабардор қилади. Пудрат ташкилоти вакиллари одатда ­доим қурилиш майдончасида ҳозир бўладилар.

Техник назорат хизмати бўлғуси ишлар ҳажмини комиссия кўриб чиқишига тақдим этади. Тушунтиришни аввалги ҳисобот даври учун демонтаж далолатномаси тарзида ҳужжатли расмийлаштириш мақсадга мувофиқдир.

Шундан кейин комиссия ­аъзолари пудрат ташкилоти вакилининг ҳамкорлигида демонтаж қилинган, шунингдек бузилган ва синган материалларни кўздан кечирадилар ва ҳисоблайдилар. Пуд­ратчи улар қурилиш майдончасининг қаерида жойлашганлигини кўрсатиши керак. Афсуски, одатда улар қурилиш чиқиндилари билан аралаш-қуралаш бўлиб, ҳар ерда сочилиб ётади.

Буюртмачи смета ҳужжатларида демонтаж ишлари таркибига одатда пудратчининг қайтариладиган материалларни қоришмалар ва ифлослардан тозалаш, уларни саралаш, ташиш, объект ҳузуридаги омборга жойлаш харажатлари киритилишини билиши керак. Бундан ташқари, пудрат ташкилоти қайтариладиган ресурслар сақланишини таъминлаши ва уларни янги материаллар сифатида сақлаши ҳам керак. Булар учун ҳақни буюртмачи олдиндан тўлаб қўйган. Демак, комиссия пудратчидан ахлатдан тозаланган, турлари ва номлари бўйича ажратилган қайтариладиган ресурсларни тақдим этишни талаб қилишга ҳақли. Унинг кўриб чиқишига ҳатто чиқиндилар ёки бўлиниб кетган демонтаж қилинган материаллар тақдим этилиши керак. Пудратчи уларни қурилиш чиқиндиларидан четда алоҳида тўплаши лозим. Агар пудратчи ўз мажбуриятларини бажармаган бўлса, комиссия материалларнинг демонтаж қилинганлиги далилини тасдиқламасликка ҳақлидир. Бунда пудратчи уларни тозалаш ва ­объект ҳузуридаги омборга олиб ўтиш учун ҳақ тўламаслиги керак.

Агар пудратчи комиссияга демонтаж қилинган ресурсларнинг ҳаммаси ёки бир қисмини лозим даражада тақдим эта олмаса, ­буюртмачи ундан улар қийматини моддий жиҳатдан қоплашни талаб қилиш ёки тақдим этилмаган демонтаж қилинган материалларнинг демонтажи учун ҳақ тўламасликка ҳақлидир. Одатда битта жазонинг ўзи етарли бўлади. Кейинги гал пудратчи бундай хатони қайтармайди. Техник назорат хизматини ҳам моддий жавобгарликка тортиш мумкин, чунки у пудрат ташкилоти томонидан қурилиш меъёрларининг бажарилишини кузатиб бориши керак.

Биргина демонтаж қилинган материал комиссияга бир мартадан кўп тақдим этилмаслиги учун у ўз ишини пухта ташкил этиши керак. Комиссия далолатномада кўрсатилган материалларни демонтаж қилиш жойларини кўздан кечириши, далолатномадаги маълумотларни  ҳақиқатда бажарилган иш билан солиштириши керак. Кўриб чиқилаётган материалларнинг фотосессиясини ўтказиш тавсия қилинади.

 

МАТЕРИАЛЛАРНИНГ ҲАҚИҚАТДА ЧИҚИШИНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ АНИҚЛАШ МУМКИН?

Пудратчи буюртмачининг вакилларига тақдим этган демонтаж қилинган материаллар қайтадан ишлатиш учун яроқли материал­ларнинг ҳақиқатдаги чиқиши ҳисобланмайди. У кўп омилларга: пудратчининг қурилиш (демонтаж) технологиясига риоя этиши, техник назоратнинг буюртмачи олдидаги шартнома мажбуриятларини бажариши, қурилиш майдончасини қўриқлаш ҳолатига боғлиқ. Шу сабабли буюртмачини (текширувчиларни) доимо бир савол ташвишга солади: бинолар, иншоотларни демонтаж қилиш (бузиб олиш) якунларига кўра аслида қанча қайтариладиган материаллар ҳосил бўлиши керак?

Амалдаги меъёрий ҳужжатларга кўра буюртмачи қурилиш давомида қайтариладиган материалларнинг ҳақиқатда қанча чиқишини белгилаши ва аниқлаштириши керак. Бироқ мамлакатимизнинг баъзи ҳуқуқий ҳужжатларида “демонтаж қилишдан яроқли материалларнинг меъёрий чиқиши” тушунчаси сақланиб қолган. Чунончи, 4.02.46-04 ШНК “Бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш чоғидаги ишлар”да (Давархитектқурилишқўм томонидан 14.09.2004 йилда 60-сон билан тасдиқланган) “Агрессив муҳитли бинолар ва иншоотларда пол қопламаларини қисмларга ажратиш” меъёри (46-04-011) бор. ШНКда кўрсатилишича, ҳатто агрессив муҳитларда полларни қисмларга ажратиш бўйича сметага яроқли донали материалларнинг (масалан, қоришмадан тозаланган плитка ва ғишт) чиқиши 50%ни ташкил қиладиган харажатлар киритилган (4.02.46-04 ШНКнинг 1.26-банди).

Шуни таъкидлаш лозимки, илгари амал қилган, конструкциялар (бинолар, иншоотлар)ни демонтаж қилиш ёки бузиб олиш чоғида муайян материалларнинг чиқиш меъёрлари тадқиқотларнинг натижаларига асосланган эди. Агар ислоҳотгача бўлган даврда қурилган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилинаётган ҳамда бузиб олинаётган бўлса, тахмин қилиш мумкинки, қайтариладиган материалларнинг ҳақиқатдаги чиқиши ўша даврда амал қилган меъёрий ҳужжат­ларда назарда тутилган ­меъёрий чиқишдан паст бўлмаслиги керак. Агар ҳақиқатдаги чиқиш паст бўлса, буюртмачи (пудратчи) меъёрга нисбатан тафовут сабабини асослаши керак.

Агар пудратчи бундай тартибга рози бўлмаса, буюртмачи объектлар (конструкциялар) қурилишида демонтаж қилинадиган ёки бузиб олинадиган муайян участканинг техник ёки махсус ўрганилишини ташкил этиши керак. Буюртмачининг тадқиқотлар ўтказишга доир харажатлари пудратчининг бошқа харажатларини ҳисоблаш мўлжалланаётган қайтариладиган материалларнинг қийматини пасайтиради. Зарур далолатномаларнинг сони ўрганилаётган участкалар сони ва демонтаж қилинаётган материалларнинг қийматига боғлиқдир.

Р.ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Аудиторлар

палатасининг раиси. 

Прочитано: 2681 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика