Менга отамдан қишлоқ хўжалигидаги ерлар, яъни ёрдамчи хўжалик ва молхона бинолари мерос сифатида ўтган ва бу бўйича кўчмас мулк кадастри хизмати томонидан қишлоқ хўжалиги ер майдонлари учун O’Y серияли 507427 рақамли, ёрдамчи хўжалик бинолари учун ТА серияли 1497254 рақамли гувоҳномалар берилган.
Ўзим 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахс ҳисобланаман (туман Ҳарбий комиссариати томонидан берилган имтиёзга эгалик тўғрисидаги гувоҳномам бор), шунингдек, менга мерос сифатида ўтган мулкдан четдан ишчи ёлламасдан, тадбиркорликнинг бирор турини амалга оширмасдан, мулкни бошқа шахсга ижарага бермасдан, фақат оилам ва фарзандларим билан биргаликда шахсий қўшимча томорқа ва хўжалик шаклида деҳқончилик ва чорвачилик ишларини амалга ошириб келмоқдамиз.
Солиқ кодексининг 275-моддаси 2-банди ҳамда 290-моддаси 3-бандига асосан мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича белгиланган имтиёзлардан фойдаланишим мумкинми, мабодо менга имтиёзлар қўлланилмаган тақдирда, Солиқ кодексининг қайси моддаси ёки қайси қонуности ҳужжатларига асосан қўлланилмаслигини тушунтириб берсангиз.
Қ.Эльтазаров,
Хоразм вилоятининг Қўшкўпир тумани.
– Солиқ кодексининг (СК) 275-моддаси биринчи қисми 2-бандига биноан 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахсларга жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқлар бўйича имтиёз берилганлиги, мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади. Бироқ ушбу моддада назарда тутилган имтиёзлар жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланиладиган ёхуд юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилган солиқ солиш объектларига нисбатан қўлланилмаслиги белгиланган.
Мерос бўйича, ҳадя қилиниши ёки олиниши натижасида уй-жой ва иморатлар билан биргаликда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтган ер участкалари жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади (СК 288-моддаси биринчи қисмининг 5-банди). 1941-1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланувчи уларга тенглаштирилган шахсларга жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёз берилганлиги, мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегишли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилишини унутмаслик керак (СК 290-моддаси биринчи қисмининг 3-банди).
Шундай экан, сиз уруш катнашчиларига тенглаштирилганлигингиз учун отангиздан мерос сифатида ўтган ёрдамчи хўжалик учун жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи бўйича имтиёз сизга нисбатан татбиқ этилади. Бунда шуни унутмаслик керакки, агарда сиз ушбу ёрдамчи хўжаликдан тадбиркорлик фаолияти учун фойдалансангиз, уни юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берсангиз, у ҳолда ушбу имтиёзлардан фойдалана олмайсиз.
Жавобни экспертимиз
Умидбек САФАРОВ тайёрлади.