Бухоро шаҳридаги коллежни муваффақият билан тугатгандан кейин мен Интернет орқали хорижда ўқишни танладим. Манчестер университетида (Буюк Британия) “молиявий менежмент” мутахассислиги бўйича бакалавриатни тугатдим ва Ўзбекистонга қайтдим. Ҳозир олган мутахассислигим бўйича иш қидиряпман. Бироқ дипломим Ўзбекистон Республикасида тасдиқланмаганлиги учун маҳаллий иш берувчиларнинг кўпчилиги мен олган бакалавр даражасини тан олишмаяпти.
Марҳамат қилиб айтсангиз, дипломим тасдиғини қандай қилиб олишим мумкин?
Даврон А-ев.
Бухоро вилояти.
— Хорижда ўқиб келган шахслар қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда маълумот тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш таомилидан ўтишлари лозим. У Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ҳамда уларни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 25.07.2000 йилдаги 283-сон қарорига 2-илова) билан белгиланган.
Хорижий давлатларда берилган олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (бундан кейин – ваколатли орган) томонидан амалга оширилади.
Бунда шуни таъкидлаш лозимки, кооперация ва (ёки) мақсадли ўқитиш (“Умид” жамғармаси тавсияси билан, ҳукуматлараро битимлар орқали ва бошқалар) асосида хорижий давлатларнинг таълим тўғрисидаги олинган ҳужжатларини тан олиш ва нострификациялаш тўғридан-тўғри текширувсиз амалга оширилади ва тегишли ҳужжат билан расмийлаштирилади.
Дипломни нострификациялаш учун ваколатли органга қуйидагиларни тақдим этиш лозим:
● нострификациялаш тўғрисида ариза;
● маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг асл нусхаси (ўтилган ўқув курслари ва уларнинг ҳажми, олинган якуний баҳолар, амалиёт, курс ва битирув малака ишлари рўйхати, ўқув жараёнининг бошқа бажарилган талаблари кўрсатилиши лозим);
● маълумот тўғрисидаги ҳужжат ва унинг иловасининг Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган таржимаси.
Ариза берувчи шунингдек ўз тайёргарлиги ҳақида бошқа ҳужжатларни (таълим олишнинг кейинги даражалари, касбий фаолият билан шуғулланиш мумкинлиги, амалий тажриба ҳақида ҳужжатларни) ҳам тақдим этишга ҳақлидир. Бироқ уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон Республикаси давлат тилига нотариал тасдиқланган ҳолда таржима қилинган бўлиши керак.
Эквивалентликни аниқлаш таомили махсус комиссия томонидан олинган таълимни Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартларига мувофиқлигини экспертиза қилиш йўли билан амалга оширилади. Ваколатли орган эксперт комиссиясининг хулосасига асосан таълим тўғрисидаги ҳужжатнинг эквивалентлиги ёки уни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ариза берувчига махсус гувоҳнома берилади.
Шуни таъкидлаш лозимки, нострификация пулли асосда амалга оширилади. Ҳужжатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати барча зарур ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб 1 ойдан ошмаслиги керак.
Баъзи ҳолларда ариза берувчининг розилиги билан ўқув режаларидаги тафовутларни топшириш ташкил этилиши мумкин.
Шу тариқа, агар сиз кооперация ва (ёки) мақсадли ўқиш асосида таълим олмаган бўлсангиз, олинган дипломнинг эквивалентлигини аниқлаш таомилидан ўтишингиз лозим.
Қўшимча ахборотни ваколатли органнинг dtm.uz веб-сайтидан олишингиз мумкин.
Алексей НИЯЗМЕТОВ,
юрист.