Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 38 / Паспорт масалалари

Янги авлод ҳужжати

NORMA” газеталари бирлашган таҳририяти” ташкил этган ва 5 сентябрда ўтказилган амалий семинар кўп фикр-мулоҳазаларга сабабчи бўлди. Маърузачилар номига яна саволлар “ёғдирилди”. 12 сентябрда эса таҳририят ўз саволларига жавоб олиш ва Ўзбекистон Республикасининг паспорт тизимини яхшироқ билиб олишни хоҳлаган иштирокчиларнинг яна бир гуруҳини тўплади. Бугунги сонда чоп этилаётган савол-жавоблар термасида кўпчилик учун муҳим бўлган мавзу – биометрик паспортга алоҳида эътибор берилган.

 

Янги авлод паспортларини жорий этиш зарурати нима сабаб билан юзага келди?

— Эгаларининг биометрик маълумотлари қайд этилган паспортларни бериш иши Президентнинг “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” (23.06.2009 йилдаги ПФ-4117-сон) ва “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” (5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон) фармонларига мувофиқ амалга ошириляпти. Буни Ўзбекистон Республикаси Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ИКАО) аъзоси ҳисобланиши ва, бинобарин, унинг барча талабларига риоя этиши ва тавсияларини бажариши шартлиги тақозо этди. Биометрик маълумотларга эга паспортлар халқаро фуқаро аэронавигацияси хавфсизлигини таъминлаш, шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг қалбакилаштирилишига қарши ҳимоя даражасини ошириш, шунингдек Давлат чегарасидан ўтишда шахсни тезкор ва аниқ идентификациялаш механизмларини такомиллаштириш, халқаро авиаташишлар сифати ва самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилмоқда.

*  *  *

Биометрик паспорт эски намунадаги паспортдан нимаси билан фарқ қилади?

— Биометрик паспортда 36 саҳифа бор (эски намунадаги паспортда – 32 саҳифа), ҳимоя қатлами кучайтирилган, бу эса қалбакилаштириш имкониятини мураккаблаштиради. Паспортнинг орқа муқовасида жойлаштирилган махсус қурилма (чип)га фуқаронинг биометрик маълумотлари киритилган. Бу халқаро аэропортлар ва чегарадаги ўтиш пунктларида назоратдан ўтаётганда шахсни идентификациялашни енгиллаштиради ва тезлаштиради, шунингдек фуқаролар хавфсизлигини ва нохуш ҳолларнинг олдини олишни таъминлашга хизмат қилади.

*  *  *

Мен 49 ёшдаман, ҳозиргача эски намунадаги паспортимдан фойдаланаман. Ундан фойдаланишим қанчалик қонуний? Умуман олганда уни алмаштиришим шартми?

— Президентнинг ПФ-4262-сон Фармонига мувофиқ паспорт олиш ёшига етган барча фуқаролар 2015 йил 31 декабргача биометрик паспорт олишлари шарт.

Тегишинча, 2015 йил 31 декабргача сиз эски паспортингизни янги биометрик паспортга алмаштиришингиз лозим.

*  *  *

Биометрик маълумотларга эга паспорт қанча муддатга берилади?

— Ўзбекистон Республикасининг паспорти республика фуқаросига 10 йил муддатга; 16 ёшга тўлмаган ва хорижда ўқишни хоҳлаган шахсга 5 йилга; фуқаролиги бўлмаган шахсга ҳаракатланиш ҳужжати 5 йилга; 16 ёшга тўлмаган фуқаролиги бўлмаган шахсга ҳаракатланиш ҳужжати ҳам 5 йилга берилади.

*  *  *

Янги ишхонада ишга жойлашиш чоғида биометрик паспорт бўлиши талаб этилмоқда. Бундай талаб қанчалик қонуний?

— Мазкур талаблар қонуний эмас, чунки Президентнинг ПФ-4262-сон Фармонига мувофиқ эски намунадаги паспорт 2015 йил 31 декабргача ҳақиқийдир.

*  *  *

Синглим вақтинча хорижда яшаяпти. Биометрик паспорт олиш учун у қаерга мурожаат қилиши керак?

— Хорижда доимий яшовчи ёки таълим олаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари биометрик паспорт олиш учун Ўзбекистон Республикасининг тегишли дипломатик ваколатхоналари ва консулхоналарига мурожаат қилишлари мумкин.

*  *  *

Агар фуқаро 21 ёшда бўлса, у паспортни 10 йил муддатга бериладиган биометрик паспортга алмаштиргач, 25 ёшга тўлганда паспортни яна алмаштириши керак бўладими?

— Ўзбекистон Республикасининг пас­порт тизими тўғрисидаги низомга1 кўра Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти 10 йил муддатга берилади.

Эски тизимнинг 25 ва 45 ёшга тўлганда паспортни алмаштириш тўғрисидаги қоидаси Ўзбекистон Республикаси тўлақонли аъзо бўлган Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг талаблари муносабати билан бундан буён амал қилмайди.

Шу сабабли мазкур фуқаро паспортни 10 йилдан кейин, яъни 31 ёшга тўлганда алмаштиради.

*  *  *

3 йилдан кейин бутун оиламиз билан хорижга дам олиш мақсадида чиқмоқчимиз. Ўғли­миз 9 ёшда. У қандай ҳужжатларга кўра биз билан бирга чиқади?

— Хорижга ўқиш, халқаро спорт ва ижтимоий тадбирларда иштирок этиш, даволаниш, доимий яшаш жойига бориш, дам олиш учун чиқилганда, шунингдек ота-оналари, ҳомийлари, васийлари республикадан ташқарига узоқ муддатли хизмат сафарига чиққанда 16 ёшга тўлмаган шахсларга амал қилиш муддати 5 йилдан кўп бўлмаган биометрик паспорт берилади (Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини ва 16 ёшга тўлмаган шахслар учун фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини бериш тартиби тўғрисида низом2).

*  *  *

Хорижий давлат фуқароси бўлган, ўша ерда туғилган дугонам Ўзбекистон фуқаро­лигини олмоқчи. ЎзР фуқа­ролигига қабул қилиш қандай амалга оширилади? Ушбу масала қанча вақт мобайнида кўриб чиқилади?

— «Ўзбекистон Республикасининг фу­қаролиги тўғрисида»ги Қонуннинг (2.07.1992 йилдаги 632-XII-сон) 17-мод­дасига мувофиқ чет эл фуқаролари уларнинг илтимосномаларига кўра қуйидаги шартларга асосан ЎзР фуқаролигига қабул қилинишлари мумкин:

1) чет эл фуқаролигидан воз кечиш;

2) сўнгги 5 йил давомида Ўзбекистон Рес­публикаси ҳудудида доимий яшаганлик. Ушбу қоида Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлиш истагини билдирган шахс­ларга, башарти улар шу ерда туғилган ва ҳеч бўлмаса ота-онасидан бири, буваси ёки бувиси унинг ҳудудида туғилганлигини ва бошқа давлатларнинг фуқароси эмаслигини исботласа, тааллуқли бўлмайди;

3) қонуний тирикчилик манбаларининг мавжудлиги;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиш ва бажариш.

1, 2 ва 3-бандларда қайд этиб ўтилган талаблар алоҳида ҳоллардагина Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан Ўзбекистон Республикаси олдида буюк хизматлари ёки фан, техника ва маданият соҳасида катта ютуқлари бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикасини қизиқтирадиган касб ёхуд малакага эга бўлган айрим шахсларга нисбатан ҳисобга олинмаслиги мумкин.

ЎзР фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати – 1 йил (Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида низом3, бундан кейин – Фуқаролик тўғрисида низом).

*  *  *

Ўзбекистон фуқароси бўлган қариндошим ўқиш учун Лондонга кетди, у ерда Буюк Британия фуқароси бўлган қиз билан танишди. Улар турмуш қуришди, тез орада фарзандли бўлишади. Агар бола хорижда туғилган бўлса, Ўзбекистон фуқаролигини олиши мумкинми?

— «Ўзбекистон Республикасининг фу­қа­ролиги тўғрисида»ги Қонуннинг 14-мод­дасига кўра ота-онасининг фуқаролиги ҳар хил бўлиб, улардан бири бола туғилган пайтда Ўзбекистон Респуб­ликасининг фуқароси бўлган бўлса, агар бу вақтда ота-она Ўзбекистондан ташқарида доимий истиқомат жойига эга бўлса ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида туғилган боланинг фуқаролиги ота-онанинг ёзма тарзда ифодаланган келишуви билан белгиланишига йўл қўйилади.

Шу сабабли аёлнинг нотариал тасдиқланган розилиги ва фуқароликни олиш тўғрисида ёзма ариза мавжуд бўлса, болангиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиши мумкин.

 

1Президентнинг 5.01.2011 йилдаги ПФ-4262-сон Фармонига 1-илова.

2ВМнинг 7.07.2011 йилдаги 200-сон қарори билан тасдиқланган.

 3Президентнинг 20.11.1992 йилдаги ПФ-500-сон Фармони билан тасдиқланган.

 

Жавобларни экспертимиз

Санжар ХЎЖААҲМЕДОВ

тайёрлади.

Прочитано: 3639 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика