2012 йил сентябрида компаниямиз МЧЖ билан унинг кўчмас мулк тарзидаги активлари бир қисмини 2013 йил 1 майгача сотиб олиш тўғрисида дастлабки шартномани имзолади. 2013 йил апрели охирида биз сотувчига илгари дастлабки шартномада келишилган кўчмас мулк олди-сотдиси шартларида олди-сотди шартномасини тузиш тўғрисида хат билан мурожаат қилдик. Бироқ сотувчи уни тузишдан бош тортиб, буни 2013 йил мартда мазкур кўчмас мулк бошқа ташкилотга сотилганлиги билан изоҳлади. Тузилган дастлабки шартнома эса унинг учун кучга эга эмас, чунки бор-йўғи ниятлар тўғрисида баённома ҳисобланар эмиш.
Сотувчининг ҳаракатлари тўғрими?
Д.Х., компания раҳбари,
Тошкент вилояти.
– Хатингизга қараганда, сиз 2013 йил 1 майгача бўлган муддатда келгусида кўчмас мулкни харид қилиш тўғрисида дастлабки ёзма шартномани имзолагансиз.
Фуқаролик кодекси (ФК) 361-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ сиз тарафлар имзолаши керак бўлган олди-сотди шартномасини тузишлари керак бўлган муддат тугашига қадар, яъни 2013 йил 1 майгача сотувчига илгари дастлабки шартномада келишилган шартларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномасини тузиш таклифини юборгансиз.
Мазкур вазиятда сотувчининг ҳаракатлари нотўғри, чунки у дастлабки шартнома шартларини бажармаган. Мазкур ҳолда, ФК 361-моддасининг бешинчи қисми ва 377-моддасининг олтинчи, еттинчи қисмлари меъёрларига асосланиб, жавобгар жойлашган жойдаги хўжалик судига шартнома тузишга мажбур қилиш талаби билан мурожаат қилишни тавсия қиламиз. Шартнома тузишдан асоссиз равишда бўйин товлаётган тараф бошқа тарафга бу билан етказилган зарарларни тўлаши керак. Даъво Хўжалик процессуал кодекси 24-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан «Тузилиши қонунда назарда тутилган шартнома юзасидан келишмовчиликлар тўғрисида» деб аталади.
Павел СИЛЬНОВ, адвокат.