Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 30 / Бизнинг маслаҳатлар

Автотранспорт балансдан чиқиб кетганда

1. Автомашина яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли уни эҳтиёт қисмларга ажратиб (кузов, мотор ва бошқа қисмларга) сотганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади ва ушбу вазиятда қандай ҳужжатлар расмийлаштирилади?
2. Яроқсиз ҳолга келган автомашинага тегишли эҳтиёт қисмларни сотишимиз учун улгуржи савдо лицензиясига эга бўлишимиз шартми? Умуман, улгуржи савдо лицензияси қачон олинади?

Элдор Раҳимов,
МЧЖ директори.
Самарқанд шаҳри.


– 1. Ҳақиқатан ҳам тикланиши мумкин бўлмаган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмаган асосий воситалар қонун ҳужжатларига асосан тугатилиши мумкин. Бундай тугатилишни амалга оширишда Асосий воситаларни балансдан чиқариш тартиби тўғрисида низомнинг (МВнинг АВ томонидан 29.08.2004 йилда 1401-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган, бундан кейин – 1401-сон Низом) 2-параграфига амал қилиш керак.
Бунда асосий воситаларни тугатиш муносабати билан уларни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш учун раҳбар ёки бош муҳандис раислигида комиссия тузилади. Комиссия таркибига корхонанинг тегишли мутахассислари, бухгалтерия ходимлари ва моддий жавобгар шахслари киритилади. Комиссия корхона раҳбарининг буйруғи билан тузилади.
Ушбу комиссия ҳисобдан чиқарилиши керак бўлган асосий воситанинг бевосита кўригини амалга оширади, бунда зарур техник ҳужжатлар, шунингдек, бухгалтерия ҳисоби маълумотларидан фойдаланилади, уни тиклашнинг мумкин эмаслигини, ҳисобдан чиқариш сабабларини (тўлиқ эскиришни ҳисоблаш, жисмоний эскириш, фойдаланишнинг рисоладаги шарт-шароитлари бузилиши ва ҳоказони), унинг муддатидан олдин фойдаланишдан чиқиб кетишига айбдор бўлган шахсларни аниқлайди, ушбу шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритади ва тугатилаётган асосий воситадан яроқли деталлар, материалларни олиш устидан назоратни амалга оширади, уларнинг миқдорини белгилайди ва тегишли омборга топширилишини назорат қилади.
Шу тариқа, комиссия томонидан қабул қилинган қарор натижалари транспорт воситасини тугатиш тўғрисидаги далолатнома (АВ-4а-сон шакл) билан расмийлаштирилади. Бу далолатнома икки нусхада тузилиб, комиссия аъзолари томонидан имзоланади ва раҳбар томонидан тасдиқланади. Далолатноманинг биринчи нусхаси бухгалтерияга берилади, иккинчи нусхаси асосий воситанинг сақланиши учун жавобгар бўлган шахсда қолдирилиб, ҳисобдан чиқариш натижасида қолган моддий бойликлар ёки темир-терсакни омборга топшириш ва сотиш учун асос бўлади. Транспорт воситасини ҳисобдан чиқаришда бухгалтерияга далолатнома билан биргаликда Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати органларида ҳисобдан чиқарилганлигини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳам тақдим қилинади.
Жумладан, транспорт воситасини тугатиш тўғрисидаги далолатномада уни барпо этиш йили, унинг корхонага келиб тушиш ва фойдаланишга топшириш санаси, дастлабки (тиклаш) қиймати, фойдаланишнинг бутун муддати учун ҳисобланган эскириш суммаси, тугатиш сабаблари ва қисмларга бўлишдан олиниши мумкин бўлган яроқли деталлари, материаллари, улардан кейинчалик фойдаланиш имкониятлари қайд этилади.
Транспорт воситасини тугатишда, бундан ташқари, транспорт воситаси бажарган ишларнинг ва кўрсатган хизматларнинг ҳажми ёки у босиб ўтган йўл кўрсатилади.
Тугатиш далолатномаси тасдиқлангунига қадар транспорт воситасини қисмларга бўлишга йўл қўйилмайди.
Тугатиш жараёни якунланганидан сўнг корхона бухгалтерияси томонидан тугатиш билан боғлиқ харажатлар ва уларни тугатишдан моддий бойликларнинг келиб тушиши тўғрисида тегишли маълумотнома (1401-сон Низомнинг 3-сон иловасида келтирилган) тайёрланади.
Қисмларга бўлинган транспорт воситасининг зарур деталлари, материаллари улар ҳисобга олинадиган тегишли ҳисобварақларга тугатиш комиссияси томонидан белгиланадиган эҳтимолий фойдаланиш нархи бўйича кирим қилинади.
Бухгалтерия ҳисобида асосий воситаларни ҳисобдан чиқариш 9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»ҳисобварағи орқали расмийлаштирилади.
Транспорт воситасини тугатишдан молиявий натижа дастлабки (тиклаш) қиймат билан ҳисоблаб ёзилган эскириш ўртасидаги, тугатиш харажатлари ҳамда яроқли детал ва материаллар қийматини ҳисобга олган ҳолда, мазкур асосий воситаларни қайта баҳолаш сальдосига тузатилган фарқ сифатида аниқланади.
Солиқ кодексининг 355-моддасига кўра ягона солиқ тўлови солиш объекти бўлиб товарларни (ишларни, хизматларни) қўшилган қиймат солиғини чегирган ҳолда (ҚҚС тўлашга ўтган солиқ тўловчилар учун) реализация қилишдан тушган тушум ва Солиқ кодексининг 132-моддасида назарда тутилган бошқа даромадлар ҳисобланади.
Солиқ кодексининг 355-моддасига мувофиқ ҳисоблаб чиқарилган ялпи тушум, тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадлар чегирилган ҳолда, солиқ солинадиган базадир (Солиқ кодекси, 356-модда).
Шу тариқа, тўлиқ амортизация қилинган асосий воситаларни реализация қилишдан ёки тугатишдан олинган даромадлар суммасидан ягона солиқ тўлови тўланмайди.
Сизнинг ҳолатингизда автомашинанинг яроқсиз ҳолга келганлиги сабабли уни эҳтиёт қисмларга ажратиб (кузов, мотор ва бошқа қисмларга) сотишдан олдин уни тугатиш муносабати билан ҳисобдан чиқаришни амалга оширишингиз шарт бўлади.
2. Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисида низомнинг (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган) 2-бандига мувофиқ улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишга лицензия олиш зарур. 242-сон Низомни қўллаш мақсадида «тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш» тушунилади.
Мазкур ҳолда лицензиялаш тўғрисидаги меъёрий-ҳуқуқий қоидаларни қўллаш субъекти бўлиб ўзлари харид қиладиган товарларни учинчи шахсларга сотадиган юридик шахслар ҳисобланади. Уларни кейинчалик қайта сотиш учун эмас, балки, масалан, ўз ишлаб чиқаришида, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш бўйича фаолият ва ҳоказоларда фойдаланиш учун сотиб оладиганларга 242-сон Низомнинг талаблари татбиқ этилмайди.
Улгуржи савдо фаолиятига лицензия олиш тўғрисидаги талаб:
– уни кейинчалик қайта сотиш учун товар сотиб оладиган;
– харид қилинган товарни унга қонунга мувофиқ қайта ишлашнинг зарур даражаси деб эътироф этиш учун етарли ўзгартиришлар киритмасдан сотадиган;
– товарни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотишни амалга оширадиган;
– товарни тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш ниятида бўлган шахсга сотадиган субъектлар учун мажбурийдир.
Бунда улар томонидан улгуржи олди-сотдини амалга ошириш предмети бўлиб товар* майдонга чиқади. У тарафлар ўртасида тузилган тегишли олди-сотди шартномаси асосида берилиши керак, шартномани бажариш чоғида ушбу товарни юклаб жўнатиш (қабул қилиш-топшириш) далили ҳужжатлар асосида акс эттирилади.
Шу тариқа, сизга юқоридаги келтирилган тартиб асосида иш юритишингиз тавсия этилади.

Жавобни экспертимиз
Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ
тайёрлади.

Прочитано: 5276 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика