Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 26 / Ташқи иқтисодий фаолият

Халқаро тижорат арбитражи ҳам қаторда бўлса

«Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонуннинг лойиҳаси устида олиб борилаётган ишлар, унинг концептуал асослари ҳақида Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистон бизнес форуми (2-босқич)» қўшма лойиҳаси раҳбари Нарзулло ОБЛАМУРОДОВ мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида иқтисодиётни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва либераллаштиришга бўлган эҳтиёж таъкидлаб ўтилган. Шу маънода «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун қабул қилиш зарурияти ҳам тилга олинган. Мазкур институтни мамлакатимизда барпо этиш ва фаолиятини йўлга қўйишнинг ҳуқуқий тартиб-таомилга солиниши ҳақидаги долзарб масалалар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, ТИАИСВ, Адлия вазирлиги ва БМТ Тараққиёт дастурининг ваколатхонаси ҳамкорликда ўтказган илмий-амалий семинарда муҳокама этилди.
– Ташқи иқтисодий фаолиятда Ўзбекистондан тобора кўпроқ тадбиркорлар иштирок этмоқда. Шундай экан, халқаро арбитраж муҳокамасига жалб этилганлар сони ҳам ортиб бораётганлиги табиийдир. Мамлакатимизда арбитраж суди ва шунга тегишли қонун ҳужжатлари йўқлиги боис низолар бошқа давлатларда кўрилмоқда. Бу эса мамлакатимиз ТИФ иштирокчилари учун анчагина муаммо, энг аввало суд тайинланган мамлакатга бориш-келиш харажатлари, адвокатлар, таржимонлар хизматига ҳақ тўлаш ва бошқа турдаги чиқимлар билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқармоқда. Молиявий сарф-харажатларнинг номутаносиб­лиги сабабли кўпчилик арбит­раж муҳокамасида бевосита иштирок эта олмайди ва айни шу важдан кўпинча низода ютқазмоқда ҳам.
Бундан ташқари, тижорат низоларини тартибга солишнинг судга қадар муқобил механизмлари борлиги чет эл инвесторлари бозорларга берадиган баҳога таъсир этади. Узоқ муддатли ва кўламдор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш жараёнида юзага келиши эҳтимоли бўлган низоларни ҳал этишнинг ҳуқуқий тартиботидаги очиқ-ошкоралик мамлакат рейтингини оширади.
Ана шу ва бошқа омиллар мамлакатимизда халқаро тижорат арбитражи тизимини барпо этиш масаласи долзарблигини белгилайди ҳамда тегишли қонун лойиҳаси концепциясини ҳамда арбитраж фаолиятининг ташкилий жиҳатларини кенг муҳокама этиш зарурлигини рўй-рост кўрсатади.
– Нарзулло Наимович, аввало мазкур соҳадаги миллий қонун ҳужжатларини ривожлантиришнинг асосий тамойиллари қандай эканлигини айтиб берсангиз.
– Ўзбекистон Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияларга оид низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги конвенция1, Хорижий арбитраж қарорларини эътироф этиш ва ижросини таъминлаш тўғрисидаги Нью-Йорк конвенцияси2 иштирокчисидир.
Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларини амалиётга жорий этишда 2006 йили «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Рес­публикасининг Қонуни3 қабул қилинганлиги салмоқли одим бўлди. Мазкур Қонун кучга киритилганидан буён хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузиладиган шартномаларда ҳакамлик судлари кўрсатиб ўтилган шартномалар сони анчагина кўпайди. Ҳозирги вақтда мамлакатимизда Ҳакамлик судлари ассоциацияси ҳузурида 140 та ва Савдо-саноат палатаси ҳузурида 15 та ҳакамлик суди ишлаб турибди.
«Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Қонун фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқувчи низоларни, шу жумладан тадбиркорлик субъектлари ўртасида юзага келувчи хўжалик низоларини Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари асосида ҳал этишга қаратилган. Қонун тарафлардан бири республика норезиденти – чет эл корхонаси ёки инвестори бўлган низоларни ҳал этиш имкониятини назарда тутмайди. Бундан ташқари, иш кўришга юрист-норезидентлар ҳакамлик
судьялари сифатида жалб этилиши мумкин эмас. Шундай қилиб, мазкур Қонун халқаро савдо-иқтисод ёки инвестиция йўналишидаги муносабатларга жалб этилган тадбиркорлик субъектларининг эҳтиёжларини қаноатлантира олмайди.
Шу  сабабли  ҳам  Ўзбекистонда халқаро арбитражнинг барпо этилиши ва зарур норматий-ҳуқуқий базанинг яратилиши ишнинг мантиқий давоми бўлиб қолмоқда. Мамлакат Президентининг 14.01.2011 йилдаги Ф-3557-сон Фармойиши билан тасдиқланган Демократик бозор ислоҳотларини ва иқтисодиётни либераллаштиришни янада чуқурлаштириш соҳасида ишлаб чиқилиши лозим бўлган янги қонунларнинг лойиҳалари, амалдаги қонунларга киритиладиган ўзгартишлар ва қўшимчаларнинг лойиҳалари рўйхатининг 11-бандида «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонуннинг лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу ишни Савдо-саноат палатаси ТИАИСВ ва Адлия вазирлиги билан биргаликда, БМТ Тараққиёт дастури кўмагида амалга оширмоқда.
– Қонун лойиҳасининг мақсади нима ва асосий қоидалари қандай?
– Концепцияга кўра қонун арбитраж жараёнининг барча босқичини, бинобарин тарафлар арбитраж келишувини тузишидан тортиб арбитраж қарорини тан олиш ва ижрога қаратишгача бўлган шарт-шароит ва тартибот билан боғлиқ босқичларни расамадга солади. Мамлакатимиз тадбиркорлик субъектлари учун бу қонун лойиҳасининг аҳамияти катта. Зотан диёримизда халқаро низоларни ҳал этиш учун ҳуқуқий базанинг бўлиши уларни чет эллардаги арбит­раж тартиб-таомилларида иштирок этиш билан боғлиқ чиқимлардан халос этади.
Назаримда, халқаро арбитраж суди ваколат доирасини белгилаб қўйиш қонун лойиҳасининг муҳим масаласи дейиш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, унинг ваколат доирасидан четга чиқадиган ҳар қандай низо Ўзбекистондаги халқаро тижорат арбитражи тартибга солиб турадиган нормаларнинг таъсир доирасидан четланиб қолади. Бундай низони кўриб чиқишда бошқа норматив ҳужжатлар, айтайлик, ҳакамлик судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари қўлланмоғи керак.
Қонун лойиҳасига қараганда, шартномавий ёки бошқа фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан иқтисодий соҳада келиб чиқувчи низолар қуйидаги ҳолларда халқаро арбитраж тартибида ҳал этилади. Биринчидан, агар арбитраж келишуви тарафларининг тижорат корхоналари шартнома тузилган пайтда турли давлатларда жойлашган бўлса. Иккинчидан, арбитраж жойлашган жой, шартнома ижро этилаётган жой ёки низо предмети жойлашган жой тарафларнинг тижорат корхоналари бўлган давлат сарҳадларидан ташқарида жойлашган бўлса. Учинчидан, тарафлар арбитраж келишуви предмети биттадан ортиқ мамлакат билан боғлиқ эканлиги хусусида тўғридан-тўғри келишиб олган бўлсалар.
Арбитрларни тайинлаш масаласига келганда, айтиш
жоизки, қонун лойиҳасида «агар тарафлар бошқача тартиб ҳақида шартлашиб олмаган бўлсалар, биронта ҳам шахс муайян давлат фуқаролигига мансублиги нуқтаи назаридан арбитр сифатида қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас» деб тўғридан-тўғри кўрсатиб ўтилган.
Қонуннинг лойиҳасида арбитраж келишувининг классик таърифи ва шакли, яъни унинг оддий ёзма шаклда ёки электрон ифодада бўлиши назарда тутилган.
– Савдо-иқтисодий арбитраж тизимини ривожлантиришнинг ҳозирги мавжуд халқаро моделлари орасида, сизнинг фикрингизча, қайсиниси мақбулроқ?
– «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг лойиҳаси жаҳон амалиётини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган. У кўп жиҳатдан
ЮНСИТРАЛнинг Халқаро савдо арбитражи тўғрисидаги намунавий қонуни4 нормаларига мос келади. Мазкур намунавий қонун БМТнинг халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси томонидан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган бўлиб, у замонавий халқаро тижорат арбитражини равнақ топтиришнинг барча жиҳатларини ҳамда халқаро арбитражга замонавий ёндашувда таяниладиган принциплар ва асосларни ўзида акс эттиради.
Шу сабабли ҳам ниманидир ихтиро қилиш ёки ўйлаб топишнинг, тизимлар орасидан ниманидир танлаб олишнинг зарурати йўқ. Халқаро ҳамжамият эътироф этган мезонлар асосида иш тутилса бас.
– Халқаро арбитраж ҳакамлик одил судловининг шакли сифатида, шак-шубҳасиз, мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисод ва инвестиция борасидаги ҳамкорлик учун жуда муҳимдир. Юқорида сиз айтиб ўтган омиллардан ташқари унинг афзаллиги яна нимада?
– Дарҳақиқат, бугунги кунда мазкур шакл халқаро тижорат ва инвестиция низоларини ҳал этишда энг мақбул саналади. Қонуннинг қабул қилиниши долзарблиги Ўзбекистон Рес­публикасининг халқаро шарт­номалари, хусусан инвестиция­ларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисидаги келишувлари тақозоси ҳамдир. Ҳозирги кунга қадар инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисида 50 дан ортиқ халқаро шартнома имзоланган бўлиб, уларда инвестиция бобидаги низоларни халқаро арбитраж судларида ҳал этиш механизми назарда тутилган.
Ўзбекистон хўжалик судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорлари чет элларда чекланган доирада амал қилмоқда, холос. Агар суд чет эл компанияси фойдасига қарор қабул қилган бўлса, унинг мамлакатимиз ҳудудидаги ижроси миллий қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади ва қийинчилик келтириб чиқармайди. Бордию, чет эл компанияси кўрилган ишда ютқазадиган бўлса, ҳал қилув қарорини хорижий давлат ҳудудида мажбурий тартибда ижро эттириш зарурати юзага келади, бироқ кўп тарафлама қатъий (императив) халқаро шартномалар йўқлиги сабабли у кўпинча амалга ошмай қолаверади.
Халқаро амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг аксарияти тузган шартномаларини шартнома тузилаётган ёки шартнома ижро этиладиган мамлакатларнинг давлат судлари тасарруфида бўлишидан қочиришга ҳаракат қиладилар. Бунга қатор ҳолатлар, шу жумладан давлат судларининг тартиб-таомил қоидалари, қолаверса, чет эл давлати ҳуқуқларини шартнома моҳиятига татбиқ этиш имконияти йўқлиги (оқибатда унинг ижроси билан боғлиқ низолар келиб чиқиши) сабаб бўлади.
Шу боис низолашувчи тарафларнинг ўзаро розилиги билан белгилаб олинган, давлатга боғлиқ бўлмаган учинчи тарафнинг иштироки; тарафларнинг келишуви билан ҳар қандай арбитражга мурожаат этиш мумкинлиги ва бунда арбитраж таркибини низо бевосита иштирокчиларининг ўзлари шакл­лантириши мумкинлиги; низоларни кўриб чиқиш тезкорлиги ва арбитражлик қарорларининг узил-кесиллиги халқаро тижорат арбитражининг афзаллик­лари сирасига киради.
– Нарзулло Наимович, мазмундор суҳбатингиз учун ташаккур.
– Бу мавзуга эътибор қаратганларингиз учун сизларга ҳам раҳмат. Пировардида мазкур қонуннинг қабул қилиниши давлатимиз манфаатлари ва мамлакатимиз тадбиркорлик субъектларининг манфаатлари янада тўлиқроқ ҳимоя этилишини таъминлашдан иборат эканлигини, мазкур қонун чет эл инвестицияларини жалб этиш учун рағбатлантирувчи омил бўлиб қолишини алоҳида қайд этган бўлар эдим.
Яна бир гап. Мамлакатимизда халқаро тижорат арбитраж судларининг ташкил топиши халқаро хусусий ҳуқуқ соҳасида мутахассислар кўпайишига хизмат қилади. Халқаро амалиёт кўрсатишича, ҳамонки, арбитрлар, қоида тариқасида, халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ соҳасидаги билимдон мутахассислар орасидан та-йинланар экан, шундай бўлиши табиий.


1Вашингтон, 18.03.1965 йил, Олий Кенгашнинг 6.05.1994 йилдаги 1077-XII-сон қарори билан ратификация қилинган.
2Нью-Йорк, 10.06.1958 йил. Ўзбекистон Республикаси учун 1996 йил 7 февралдан эътиборан кучга кирган.
316.10.2006 йилдаги ЎРҚ-64-сон Қонун.
4Нью-Йорк, 21.06.1985 йил.


Махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА суҳбатлашди.

Прочитано: 4316 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика