Бизнинг дўконимиз товар сотди. Бироқ эртаси куни харидор уни қайтариб олиб келиб, унга тўғри келмаслигини айтди ва пулини қайтариб беришимизни сўради. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Зеро паспортда кўрсатилган товарнинг техник тавсифлари ҳақиқатдаги тавсифларга тўлиқ мос тушади, мувофиқлик сертификатига эга.
– Агар сиз Фуқаролик кодекси (ФК) ва «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг1 барча талабларига риоя этган бўлсангиз – товар лозим даражадаги сифатга эга бўлса ва сиз харидорга ўз ташкилотингизнинг фирма номи, унинг жойлашган манзили ва иш тартиби тўғрисида ахборот бериб (масалан, пешлавҳада жойлаштириб), унинг эътиборига товарнинг бутун тавсифларини етказган, унга доир ҳужжатлар билан таништирган, товар уларнинг талабларига жавоб бериш – бермаслигини текширган, унинг асосий истеъмол хусусиятлари ва ўзига хос хусусиятларини намойиш этган, баҳоси ва уни сотиб олиш шартлари, ишлаб чиқарувчи (ёки сотувчи)нинг кафиллик мажбуриятлари, товардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш қоидалари ҳамда шартлари, товарнинг хизмат (яроқлилик) муддати ва ушбу муддат тугаганидан кейин харидор нима ишлар қилиши зарурлигини хабар қилган, шунингдек бундай ишларни бажармаслик натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатлар тўғрисида огоҳлантирган, товарларни сақлаш, утилизация қилиш усуллари ҳамда қоидалари, унинг сертификатланганлиги тўғрисида тушунтирган бўлсангиз («Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 5, 6-моддала-
ри), – агар товар ҳақиқатда ишлатилган бўлса, сиз харидорга пул қайтаришдан бош тортиш ҳуқуқига эгасиз. Зеро, товар тўғрисида тўлиқ ахборот олиб ва унинг сотиш шартларига рози бўлиб, у оммавий оферта шартномаси тузилганлигини тасдиқлади (ФК 426-моддасининг биринчи қисми).
Бироқ мазкур ҳолда харидор харид қилинган товарни ўлчами, шакли, ҳажми, андозаси, ранги, тўплами бошқача бўлган худди шундай товарга алмаштиришни талаб қилишга ҳақли, бунда у нархда фарқ бўлган тақдирда сотувчи билан зарур ҳисоб-китобни амалга оширади (ФК 433-моддасининг биринчи қисми, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун 18-моддасининг биринчи қисми).
Агар сизда алмаштириш учун зарур товар бўлмаса ва қайтариладиган товардан фойдаланилмаган, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган бўлса ва сизда сотиб олинганининг исботи бўлса, товарни қайтариб олишингиз ва унга тўланган пул суммасини қайтаришингиз шарт (ФК 433-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари).
Юқорида кўрсатилган барча шартларга риоя этилганда, сиз харидорнинг лозим даражадаги сифатга эга товар учун тўланган пулларини товар унга тўғри келмаганлигини далил қилиб қайтаришни талаб қилса, унга рад жавоби бериш ва алмаштириш учун бошқа худди шундай товарни таклиф қилишга ҳақлисиз.
Алексей НИЯЗМЕТОВ, юрист.
126.04.1996 йилдаги 221-I-сон.