«Декларацияни қандай қилиб қайта расмийлаштириш керак» материали («СБХ»нинг 9.04.2013 йилдаги 14 (974)-сони) қуйидаги ахборот билан якунланган эди: «Автомашиналарни олиб кириш мақсади ўзгартирилганлиги сабабли сизнинг имтиёзларингиз бекор қилинади. Шу сабабли БЮДни қайта расмийлаштираётганда тегишли божхона тўловларини тўлашингиз лозим».
Бироқ, билишимча, имтиёзлар баъзи ҳолларда бекор қилинган эмас. Мисол учун, устав фондига киритиш мақсадида жиҳозни имтиёзли олиб кириш чоғида имтиёзлар фақат корхона жиҳозни Ўзбекистондан ташқарига кейин сотгандагина бекор қилинади. Экспертлардан фикримни тасдиқлашлари ёки рад этишларини сўрайман.
– Ҳақиқатан ҳам, Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида низомга1 кўра, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар фақатгина импорт қилинган технологик жиҳоз олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил ичида экспортга реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда бекор қилинади.
Бунда тўланиши лозим бўлган тўловларни тўлаш мажбурияти технологик жиҳозни экспорт қилувчига юклатилади. Бундай жиҳозни олиб чиқаётганда экспортчи божхона органларига технологик жиҳозни импорт қилишда божхона расмийлаштируви амалга оширилган БЮДнинг нусхасини тақдим этиши лозим.
Импорт қилинган технологик жиҳоз Ўзбекистон ҳудудида реализация қилинган ёки бепул берилган тақдирда божхона тўловларини тўлаш бўйича мажбуриятлар юзага келмайди. Бунда уни бераётган томон (импортчи, сотувчи, эгаси) харидорга технологик жиҳозни импорт қилишда божхона расмийлаштируви амалга оширилган БЮДнинг нусхасини тақдим этиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, «Декларацияни қандай қилиб қайта расмийлаштириш керак» материалида имтиёзли шартларда устав фондига ҳисса сифатида олиб кирилган, сотишга қарор қилинган импорт автомобилларни реализация қилиш тўғрисида сўз борган эди.
Хат муаллифи имтиёз Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар, бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмлар рўйхатига2 асосан берилганлигини кўрсатмаган. Бундан ташқари, енгил автомобиллар ва асосан одамларни ташиш учун мўлжалланган бошқа моторли транспорт воситалари (8702-товар позициясидаги моторли транспорт воситаларидан ташқари), шу жумладан юк-йўловчи ташийдиган фургон автомобиллар ва пойга автомобиллари унга киритилмаган эди, шу сабабли импорт технологик жиҳозларни реализация қилиш ёки текинга беришга тааллуқли бўлган қоидалар уларга татбиқ этилмайди. Тегишинча, автомобилларни олиб киришда берилган имтиёзлар бекор қилинади.
Ҳозирги вақтда импорт божхона божи ва ҚҚС тўлаш бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига3 биноан берилади. Имтиёзлар бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга ҳам, башарти улар контрактга (шартномага) мувофиқ янги технологик жиҳозга комплектда етказиб берилса ва мазкур жиҳознинг ажралмас қисми ҳисобланса, татбиқ этилади.
Янги технологик ускуна деганда эркин муомалага чиқариш режимида божхона расмийлаштируви вақтида, унинг ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускуна тушунилади. Ишлаб чиқарилган йилни тасдиқлаш учун божхона органига ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.
Бунда шуни билиш лозимки, импорт божхона божи ва ҚҚС тўлови бўйича имтиёзлар, шунингдек божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан ортиқ бўлган, тўқимачилик соҳаси корхоналарини ташкил этиш, модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш бўйича инвестиция лойиҳалари учун корхоналар томонидан тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига корхона устав фондига улуш сифатида келтириладиган технологик ускуналарга қўлланилади. Имтиёзларни қўллаш учун қуйидагилар асос бўлади:
«Ўзбекенгилсаноат» ДАК ва «Ўзенгсанлойиҳа» МЧЖнинг келтирилаётган ускунанинг замонавий технологиялар талабларига ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлаши тўғрисидаги эксперт хулосаси;
импорт қилинаётган ускуналар ўрнатиладиган корхонанинг, ушбу ускуналарни корхона устав фондига улуш сифатида киритилишини кўрсатадиган таъсис ҳужжатлари.
Ушбу ҳужжатлар ускуналарнинг «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида БЮД билан бирга тақдим этилади.
1МВ, ИВ, ДСҚ ва ДБҚнинг АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
2ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 3.05.2008 йилда 1802-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган. ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига мувофиқ ўз кучини йўқотган.
3ИВ, МВ, ТИАИСВ ва ДБҚнинг АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.