Саволга Молия вазирлигининг нархни шакллантириш жамлама бошқармасининг бошлиқ ўринбосари Ҳамза ТЎХСАНОВ жавоб беради.
– Товарлар импорт қилинганда уларни харид қилиш давлат бюджети ёки мақсадли давлат жамғармалари маблағларидан молиялаштирилганда декларацияланадиган нарх улар учун ҳисоб-китоб қилишга асос ҳисобланмайди. Агар нарх бундай ҳолларда декларацияланадиган нархдан юқори бўлса, бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Агар экспорт декларацияланадиган нархлардан паст нархларда амалга оширилса ва сизда тегишли рухсатнома (Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши ёки экспортга рухсат берадиган ваколатли органнинг хулосаси) бўлмаса, бу ҳол ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Тендерлар ва кимошди савдоларини ўтказиш ҳолларида ҳам декларацияланадиган нарх базавий нарх ҳисобланмайди. Вазирлар Маҳкамасининг «Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида»ги қарори (5.02.2004 йилдаги 57-сон) билан белгиланишича, монополиячи корхоналарнинг монопол маҳсулотлари тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шунингдек биржа (кимошди) савдоларида сотилиши мумкин. Бунда маҳсулотлар тўғридан-тўғри шартномалар бўйича биржа (кимошди) савдолари котировкаларининг ўртача нархлари бўйича сотилади, уларга нисбатан декларацияланадиган энг юқори нархдан ошганликлари учун монополияга қарши қонун ҳужжатларида назарда тутилган санкциялар қўлланмайди. Шу тариқа, маҳсулотни биржа савдоларининг натижалари бўйича декларацияланадиган нархлардан юқори сотиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди.
Маълумот учун!