Ўтган асрнинг 20–30-йилларида от, қорамол ва қўй-эчки ўғирлаш анчагина кенг тарқалган жиноят турлари сирасига кирарди. Криминалистика соҳасида бугунги кунда ҳам жониворларнинг изларини текшириш юзасидан трассологик экспертиза мавжуд. Тўғри, бу нарса, айтайлик, транспорт воситалари изларини текшириш каби долзарб эмас. Ҳар хил автомобиллар расм бўлган бир паллада отни ўғирлашга куч-ғайрат сарфлашга не ҳожат. Қолаверса, уни боқиш, суғориш, парваришлаш сингари ташвишлари ҳам бор.
Узоқ йиллик меҳнат фаолиятим мобайнида жониворларни ўғирлаш билан боғлиқ иккита ҳолатни текширишга тўғри келган.
Бир воқеа терговчи бўлиб ишлаган кезларим рўй берган эди. Ўшанда қўлини совуқ сувга уришни ҳам хоҳламайдиган, ортиқча меҳнатсиз пул топиб тараллабедод юришни кўзлаган 18-19 яшар иккита ишёқмас от ўғирлаб лўлиларга сотишни мўлжал қилган экан. Ўша кезлари шаҳарнинг чеккасида лўлилар тўдаси қўним топганлиги уларнинг ниятини оловлантирибди. Бу такасалтанглар яхши отдан қайси лўли бош тортарди деб ўйлашибди, ўзларича.
Қоронғида топишган икки дўст хусусий хонадон ҳовлисига кириб, ўтлаб юрган отни намакопга бўктириб олиб, сўнг яхшилаб қуритилган нон бўлакларини бериб, куппа-кундуз куни ўзларига эргаштириб секингина олиб чиқиб кетишибди. Уй эгалари от йўқолганини бир неча соатдан кейингина билишибди. Аввалига ён атрофдаги яйловлардан отни қидириб кўришибди. Қоронғи тушиб, от ўғирланганлигига ишонч ҳосил қилгач, милицияга хабар қилишибди. Таассуфки, ўтган вақт мобайнида ўғриларнинг изи ҳам, от жониворнинг изи ҳам босиб ташланганлиги боис исковуч ит ҳам топишга ёрдам бера олмабди.
Ўғрилар отни тўғри лўлилар қароргоҳига олиб бориб, сотмоқчи бўлишган. «Азаматлар»га қанчалик ғалати туюлмасин, бу лўлилар қинғир йўлдан эмас, тўғри йўлдан юрадиган бўлгани учун каззоблар билан мулоқот қилишни исташмабди. Ана шунда от ўғрилари кимдир ахир сотиб олар деган фикрда жониворни ҳовлима-ҳовли олиб юришибди. Эгриликни ёқтирмайдиган яхши одамлар аллақандай иккита йигит, афтидан, ўзларига тегишли бўлмаган отни сотиш илинжида юрганлигини милицияга маълум қилибди. Оқибатда ўғрилар жиноят устида, бинобарин ўғирланган от жиловини тутган ҳолда қўлга олинган.
Ўшанда экспертиза ўтказишга ҳам ҳожат бўлмаган. Йигитлар ушлангани ҳамони ҳаммасини айтиб бериб, айбларини бўйниларига олганлар. От эгасига қайтарилган, айбдорлар озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо олиб, ахлоқ тузатиш ишларига юборилган.
Кейинроқ содир бўлган иккинчи воқеа қўй ўғирланиши билан боғлиқ эди. Биз ўшанда бир эмас, иккита трассологик экспертиза ўтказдик. Ўғрилик жабрланувчининг яқин таниши томонидан содир этилган. Улар ўртасида пул борасида қандайдир олди-берди бўлганлиги боис бир нечта қўйи йўқолганлигини билгач, жабрланувчи айни кимдан шубҳа қилаётганлигини баён этган ҳолда милицияга мурожаат қилди. Кейинчалик аниқланишича, унинг даъвоси асосли эди.
Энди ўғирланган қўйлар ҳақида. Уларни ҳайдаб, табиийки, узоққа олиб кетиб бўлмайди. Шу сабабли ҳаммасини юк машинасига ортишган. Терговчи машина изларини аниқлагач, гипс ёрдамида излардан иккита қолип олган. Ана шу қолипларни бизга текшириш учун юборишди. Трассологик экспертиза из қолдирган шиналар моделини аниқлаб берди.
Шу асосда бунақа шиналарни қандай машиналарга ўрнатиш мумкинлиги аниқланди. Улардан «ГАЗ-53» ва унга ўхшаш юк автомобиллари фойдаланиши мумкин экан. Айбланувчи қўйларни ташиш учун ҳалқа йўли бўйлаб кетаётган «ГАЗ-53» автомобилини тўхтатганлиги кейинчалик маълум бўлди. У машина ҳайдовчисидан сотиб олган қўйларини элтиб беришни сўрабди. Ташувчига келишилган ҳақни тўлабди. Ҳайдовчининг исмини ҳам, автомобиль номерини ҳам билмас экан. Шу сабабли тезкор ходимлар бу автомобилни топа олмадилар.
Шу иш бўйича иккинчи трассологик экспертизани жабрланувчи гумон қилинувчининг ҳовлисидаги мана бу қўйлар менинг ўғирлатган қўйларим деб кўрсатганидан кейин ўтказдик. Афсуски, қўйларнинг қулоғида кимга тегишлилигини аниқлаш мумкин бўлган тамға-ҳалқа йўқ эди. Гумон қилинувчи бу жониворларни ўғирлаб олганлигини рад этиб, ҳовлидаги қўрада фақат ўзининг қўйлари турганлигини айтиб, сўзида қатъий тураверди.
Қўйларнинг бўйнида кесик арқонлар осилиб ётарди. Ана шу кесик арқонларни ҳам,қўй ўғирланган қўра устунларидаги арқон қолдиқларини ҳам терговчи булар илгари бир бутун бўлган-бўлмаганлигини аниқлаш учун бизга текширишга юборди.
Айтиш жоизки, арқонларни кесик жойига қараб, бир бутун эканлигини аниқлаш жуда мушкул. Чунки турли мақсадларга мўлжалланган арқонлар, шу жумладан хўжаликда ишлатиладиган оддий арқонлар арқоғи ўралишида технологик ўзига хос хусусиятлар бор. Шу боис баъзи арқонлар кесилганда учлари титилиб, кесик ўрни йўқолади ҳисоб. Қўйлар бўйнидаги арқон анча йўғон, кўп ишлатилганлигидан шу даражада ифлосланиб, қаттиқ қатлам билан қопланган эканлиги боис кесик учлари жуда яхши сақланган эди. Арқонлар пичоқ билан бир ҳаракатда қирқилмаган, балки арралагандек қилиб кесилган. Шу сабабли бўлса керак, кесик жойлар текис эмас эди. Бу ҳол қиёслаш асосида улар илгари бир бутун арқон бўлган деб хулоса қилиш имконини берарди. Хулосага қиёсланаётган объектлардаги кесик чизиқлар ўхшаш эканлиги аниқ кўриниб турган фотосуратлар илова қилинди.
Қўй ўғирлаган шахс хулоса билан танишиб, фотосуратларни кўргач, қўйлардаги арқон қолдиқларини кесиб олиб ташламаганлигига афсусланди, холос. Қўй эгаси ўғирлатган жониворлар баҳосидан анчагина кўп миқдорда менга қарз эди деб, ўғирлаганига сира пушаймон эмаслигини айтди.