Жорий йил бошларидаги ҳолатга кўра Навоий вилоятининг чакана савдо бозорида фаолият олиб бораётган банклари 488 000 дан ортиқ пластик карточкаларни эмиссия қилдилар. 2011 йилнинг шу санасига қиёсланадиган бўлса, муомалага чиқарилган пластик карточкалар қарийб 12 фоизга кўпайди. Бундай ўсиш суръатлари сақланиб турадиган бўлса, 2013 йилнинг ўрталарига бориб минтақадаги электрон «ҳамёнлар» сони ярим миллиондан ошади.
Бухоролик танишларим Навоийга қилган сафарлари чоғида ҳамма ерда ҳисоб-китобни ортиқча муаммосиз пластик карточка билан амалга оширишга муваффақ бўлганларидан қувонганликларини рўй-рост айтдилар. Аҳвол шу зайил кетаверса, барча навоийликларнинг чўнтагида ёки аёллар сумкасида пластик карточка бўлиши ёнда уяли телефон олиб юриш каби одат тусига айланади ва мазкур минтақа нақдинасиз тўловлардан фойдаланиш борасида жаҳоннинг олди мамлакатларидан бири бўлмиш Швецияга етиб олса ажабмас.
Олис Скандинавиянинг ана шу мамлакатида шведлар яқин вақт ичида нақд пулдан батамом воз кечадилар деган тахмин асослидир. Зотан мамлакатда нақд пул айланмаси барча операцияларнинг 3 фоизинигина ташкил этади, операцияларнинг қолган 97 фоизи нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш асосида амалга оширилмоқда. Бугунги кунда Швециядаги кўпчилик шаҳарларда аҳоли ҳатто автобусда йўл ҳақини мобил сервис ёрдамида тўламоқда, маҳаллий банклар эса умуман нақд пул иштирокидаги операциялардан қочмоқда. Ҳатто черковларга ионалар ҳам банк карточкалари ёрдамида берилмоқда. Қизиғи шундаки, мазкур қироллик жаҳонда биринчи бўлиб 1661 йили қоғоз пулларни муомалага киритган эди.
Мамлакатимиздаги вазият жаҳон миқёсидаги маром билан ҳамоҳанг бораётганлигига ажабланмаслик керак. Аммо, назаримда, баъзи масалаларга алоҳида эътибор бериш жоиз кўринади. Хусусан, бу жараённинг юртимиз миқёсидаги суръатлари қандай, бу ишда пешқадамлик қилаётган мамлакатлардан ибрат олиб, жараённи тезлатиш жоизми, қоғоз пулларсиз иш кўришдан бизга келадиган наф қандай сингари масалалар шулар жумласидандир. Қолаверса, сарф-харажатлар шунчалик каттаки, бу жараённи тезлатишга ошиқмаслик зарур, нақд пулсиз ҳисоб-китобларни ҳамма ерда жорий этиш учун янги технологиялар арзонлашишини кутган яхши шекилли деган андиша ҳам йўқ эмас.
Аввало шуни таъкидлаш керакки, биз қоғоз пуллар секин-аста «ўлиб бораётган» даврда яшамоқдамиз. Бутун жаҳонни забт этаётган нақд пулсиз тўлов тизими бундай пулларни оқибат натижада «гўрга тиқса» керак. Компьютер технологиялари ва Интернет, криптография соҳасидаги ютуқлар, мобил алоқанинг кенг қулоч ёйиши нақд пулсиз тўлов тизимининг ахборот бобидаги очиқ-ошкоралигини таъминлаб, курраи заминимизнинг ҳар қандай нуқтасида содир этилган барча транзакцияларни кузатиб ва назорат қилиб туриш имконини бериш орқали қоғоз пуллар даври таназзул сари юз буришини тезлаштирмоқда.
Грецияда 3 минг евродан қиммат турадиган харид учун, Италияда эса 1 минг евродан ортиқ миқдордаги битимни амалга оширишда нақд пул тўлаш тақиқланган. Болгария ва Испанияда турар жойни нақд пулга сотиш мумкин эмас. Аксарият мамлакатларда товарнинг ҳақини нақд пул билан тўлаш мумкин бўлган энг юқори чегараси белгилаб қўйилмоқда.
Бутун жаҳонда одамларнинг ҳамёни тобора ихчамлашиб бормоқда. Негаки улар ёнларида қоғоз пул эмас, пластик карточка олиб юришни маъқул кўрмоқдалар. Ер юзи мамлакатларининг аксариятида нақд пулсиз операцияларнинг 40 фоизчаси пластик карточкалар ёрдамида содир этилмоқда. Нақд пулдан фойдаланишдаги энг паст кўрсаткичлардан бири Жанубий Кореяда қайд этилди (2 фоиз). Бу кўрсаткич АҚШда 7, Европа Иттифоқида эса 9 фоизга тенг.
Нақд пул билан тўлов амалга ошириладиган макон аста-секинлик билан бўлса ҳам бетўхтов торайиб бормоқда. Кўпгина мамлакатлар нақдинадан фойдаланишга чеклов жорий этдилар.
Буюк Британияда нақд пул воситасида амалга оширилган операцияларнинг 80 фоизини 10 фунт стерлингдан кам бўлган нарсаларни сотиб олиш ташкил этади. Канадада бу йўсинда олинадиган нарсалар нархи 25 доллардан ошмаслиги керак.
Таъкидлаш мумкинки, муайян қонунчилик ва солиқ муҳитини шакллантира бориб, нақд пулсиз муомала йўлини кенг очиб беришда давлат асосий манфаатдор томондир. Бу йўл қанчалик шинам ва қулай бўлса, бизнес аҳли, умуман аҳоли янги технологияларни шунчалик яхши, ташаббус билан ўзлаштира боради. Жумладан, Жанубий Кореяда йиллик савдо ҳажми 18 минг АҚШ долларидан ошадиган барча савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналари тўловни пластик карточка билан олиши шарт. Фуқаролар учун нақд пул билан олинадиган кредит 610 доллар даражасида чекланади. Айни бир вақтда ҳақ ва тўловларни пластик карточка билан қабул қиладиган компаниялар учун солиқ имтиёзлари белгиланган.
Ўзбекистонда ҳам давлатимиз чакана савдо бозорида нақд пулсиз ҳисоб-китоб юритилишига алоҳида эътибор бермоқда. Ана шундай саъй-ҳаракат туфайли пластик тўловлар ҳажми йил сайин ортиб бормоқда. Ўтган йили навоийликлар 2011 йилга нисбатан 162 млрд сўмликдан кўпроқ, бинобарин, 560 млрд сўмлик товарни олишда ва хизмат кўрсатилишида пластик карточкадан фойдаландилар.
Айни бир вақтда қоғоз пулларнинг устун мавқеи сақланиб қолаётганлигидан далолат берувчи билвосита омиллар оз эмас. Эмиссия марказининг ахборотига қараганда, йил бошларида 5 773 чакана савдо объекти тўлов терминали билан таъминланган. Вилоятдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бозорлари ва савдо комплексларининг ўзида 30 мингдан ортиқ савдо жойи қайд этилгани эътиборга олинса, бу иш етарли эмаслиги кўзга яққол ташланади.
Нақд пулнинг банкдан ташқари айланмаси муаммоси ҳам ўз долзарблигини йўқотмаётир. Бу борадаги вазият мазкур муаммо яна анча пайтгача атрофимизда ўралашиб юради деб айтиш учун барча асосларни беради. Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармасининг йил чоракларига оид бултурги ҳисоботларида нақд пул тушумини яшириш ҳоллари билан боғлиқ ўнлаб жиноят ишлари қўзғатилганлигига доир ахборотлар акс эттирилган. Банкка топширилмаган нақд пул ҳажми йилнинг ҳар чорагида 4–6 млрд сўмга бормоқда. Жорий йилнинг дастлабки уч ойи мобайнида Департамент бўлинмалари нақд пул билан боғлиқ қилмишлар юзасидан 67 та жиноят иши қўзғатдилар. Тижоратчи тузилмаларнинг кредит муассасаларига етиб бормаган маблағи 5 млрд га яқин суммани ташкил этди.
Бу ўринда гап тушумни яшириш билан боғлиқ фош этилган ҳоллар ҳақидагина бормоқда. Истеъмол бозори устидан ялпи назорат бўлмаган бир шароитда (аслида бундай назоратни ташкил этишнинг имкони ҳам йўқ), иқтисодиёт бозор муносабатлари асосида йўлга қўйилиб, текширувларни камайтира бориш ва тадбиркорларга тобора кўпроқ эркинлик бериш тамойилига амал қилинаётган бир паллада назорат қилувчи органлар назарига нақд пулларнинг банкдан ташқари айланмасининг озгина қисми тушмоқда, холос. Бундан ташқари, амал қилувчи нормаларнинг қатъий талаблари баъзан етарлича ижро билан таъминланмайди. Маҳсулотни кўчма усулда, кўтариб сотишни тақиқловчи савдо қоидаларига1 ҳамма жойда беписанд қаралмоқда (бу йўсиндаги савдо фақат нақд ҳисоб-китоб асосида амалга оширилади). Юқорида номи зикр этилган Қоидага кўра турғун савдо нуқтасидан четда фақат салқин ичимликлар ва музқаймоқ сотишга рухсат этилган. Амалда эса дўкончада бемалол савдо қилиш мумкин бўлган ҳамма нарса гавжум жойларда шу йўсинда сотилмоқда. Бундан ташқари, савдонинг мазкур шакли яхшигина ривожланиб, янгичароқ тус олмоқда. Навоий шаҳридаги марказий озиқ-овқат моллари бозорида нон-булка ва қандолатчилик маҳсулотлари сотилаётган дўкончалар пайдо бўлиб қолди. Барча белгиларига кўра уларни турғун савдо нуқталари дейиш мумкин, аммо бу дўкончаларда назорат-касса машиналари йўқ, тўлов терминаллари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.
Тўғри, йигирма йилча олдин нақд пул маблағларининг банкдан ташқари айланмасига мамлакатимизда жиноий жавобгарликкача бўлган қаттиқ жазо чораларидан бўлак нарса муқобил бўлмасди. Эндиликда эса собитқадамлик билан, босқичма-босқич иш олиб бориб, дуруст натижаларга эришиш имконини берадиган воситалар бор. Пластик карточка нақд пулнинг энг асосий муқобили эканлигини ким билмайди дейсиз?! Тўлов билан боғлиқ ишларда электрон усул тантана қилаётганлиги барча транзакцияларни тўлиқ назорат қилиш ва амалда хуфиёна иқтисодиётни йўқ қилишга имконият яратмоқда. Бу жараёнга қўшимча омил бахш этиш учун навбатдаги янги ташаббуслар керак бўлади.
Ҳукуматимизнинг 268-сон қарори2 билан 1994 йили пластик карточка ҳаётимиздан ўрин олишига йўл очилди. Бироқ янги тўлов тизими анча вақтгача ялпи истеъмол воситаси рутбасига эришмади. Давлатимиз раҳбарининг ПҚ-1325-сон қарори3 эълон қилинган 2010 йилнинг апрели бу борада бурилиш нуқтаси бўлиб қолди. Мазкур қарорнинг 2-иловасида ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозланиши шарт бўлган 12 та чакана савдо ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси объекти рўйхати берилган. Навоийликлар электрон «ҳамён» қўллашга жадал тарзда ўтказила бошланди. Улар иш ҳақининг тенг ярмини пластик карточкада ола бошлагач, бу янгиликнинг қадрига етдилар. Маҳаллий маъмурлар ҳам электрон ҳисоб-китобдан фойдаланишда истеъмолчилар ортиқча муаммоларга дуч келмаслигини кўзлаб етарлича саъй-ҳаракат кўрсатдилар. Натижада икки йил ичида пластик карточкалар минтақада одатий тўлов воситасига айланди-қўйди. Ҳозирги кунда Навоийда коммунал хизмат тўловларининг 70 фоизчаси шундай карточкалар ёрдамида амалга оширилмоқда. Авиация ва темир йўл билетларини олишда, алоқа ва меҳмонхона хизматлари ҳақини, савдо тармоқларида товарлар ҳақини тўлашда пластик карточкалардан тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.
Аммо нақд пул билан амалга ошириладиган ишлар эгаллаб турган маррани бой бермасликка ҳаракат қилмоқда. Кичик бизнес учун бу ҳамон энг мақбул тўлов воситаси бўлиб турибди. Чакана товар оборотининг асосий залвори кичик бизнес зиммасига тушиши эса сир эмас. Тўлов терминаллари ўрнатиш ҳам вазиятни унча ўзгартирмади. Чакана савдо соҳасидаги кичик бизнес назорат-касса машиналари билан ишлаш қоидаларини бузиш борасида ҳамон солиқ идораларининг статистика ҳисоботларини «орқага тортиб турибди». Эндиликда бунга тўлов терминалларини қўллаш билан боғлиқ қоидабузарликлар ҳам қўшилди. Бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликларга ҳам касса аппаратларини ишлатишдаги қинғирликлар учун мўлжалланган жазолар белгиланган.
Агар биз чиндан ҳам хуфиёна иқтисодиётга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга чек қўйишни истасак, нақд пул билан ҳисоб-китоб қилинадиган харидларга нисбатан чеклов жорий этишимиз мақсадга мувофиқ бўлган бир палла етиб келди. Кўчмас мулк ва автомобилларни нақд пул эвазига олишни ёки, айтайлик, қиймати 3 млн сўмдан ортиқ бўлган барча харидлар учун нақд пул тўлашни тақиқлаш бу борада дастлабки одим бўлиб қолиши мумкин. Чет элларда бундай чора дуруст иш бермоқда. Бизда ҳам бу чора қўл келишига шубҳа йўқ.
Бундай чоралар банкларни чакана савдо бозорига кўпроқ эътибор бериш ҳамда маҳсулот истеъмолчилари учун жозибалироқ таклифлар билан чиқишга ундаса ажаб эмас. Зотан пластик карточка салоҳияти етарлича рўёбга чиқарилмаётганлигида банкларнинг ҳам қандайдир даражада айби бор. Пластик карточкалар ҳисобига ўтказилган тушум суммасининг 3 фоизини олиб қолаётган миллий банкирлар «ноу-хау»сини ҳам шу жумлага киритиш лозим, деб ўйлаймиз.
Ёки нақд пулларнинг банкдан ташқари айланмаси билан боғлиқ муаммони олайлик. Барча белгиларига қараганда бу кредит муассасаларига тааллуқли масала. Улар тадбиркорларнинг пул маблағлари олишини қийинлаштириш билан аслида ликвидлиликни ошириш ва ресурс базасини кенгайтириш йўлига ўзлари ғов бўлмоқдалар. Ҳолбуки бу ишдан энг аввало улар манфаатдор бўлиши керак. Шунинг учун ҳам бозорга дадил чиқиб, ўз хизматларини тавсия этиш ва мижозлар доирасини кенгайтириш зарур. Бироқ, мамлакатимиз банклари учун бу жилла долзарб аҳамият касб этмайди. Негаки, уларнинг «касса»си тўлдирилиши учун жавобгарлик... савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари тушумлари банкка келиб тушишини назорат қилувчи солиқ органлари зиммасида.
Юридик шахслардан фарқли равишда жисмоний шахсларда ўз сармоясини сақлаш ва кўпайтириш йўлларини танлаш имконияти кенгроқ, улар кредит муассасаларининг ёрдамисиз ҳам иш битиришлари мумкин. Банклар фуқароларнинг омонатларини жалб этиш, бозорга одамларни қизиқтирадиган хизматлар билан чиқиш учун ғайрат-шижоат кўрсатишлари, муносиб маркетинг ечимларини тақдим этишлари лозим. Маълумки, банкларнинг энг кенг тарқалган анъанавий хизмат силсиласи депозитлар, истеъмол кредитларини қамраб олади. Лекин ҳозирча ипотека бозорида жонланиш сезилмаяпти, кенг талаб этиладиган товарлар олиш учун қарз оламан деб банкларнинг кредит бўлимларида навбат кутаётганлар йўқ ҳисоб. Аҳвол шундай бўлгач, банклар ҳанузга қадар истеъмолчиларимизга кредит карталари таклиф этишга журъат қила олмаётганликларига, ташвиши камроқ дея дебет карталари билан иш олиб боришни маъқул кўраётганликларига ажабланмаслик керак. Ана шу йўсин чекланиб қолган маконда нақд пулсиз тўловлар ўсиши учун янги нуқталар топиш бағоят қийиндир.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган ҳукумат мажлисида сўзга чиқиб4, алоҳида таъкидлаганидек, «Биз ўзимизга шуни аниқ тасаввур этишимиз керакки, иқтисодиётнинг барча соҳаларига, кундалик ҳаётимизга замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш бўйича туб ва ижобий маънодаги портлаш эффектини берадиган ўзгаришларни амалга оширмасдан туриб, истиқболдаги мақсадларимизга эришиш қийин бўлади. Биз қисқа вақт мобайнида нафақат ахборот хизматлари кўрсатишнинг кўплаб турлари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этишимиз, балки ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш борасида юксак даражага эришган илғор мамлакатлар сафига қўшилишимиз зарур».
Бу қолоқлик нақд пулсиз тўловлар бозорида банкларга жиддий рақобатчи бўлишга қодир янгидан-янги иштирокчилар бозорга чиқаётган, янги технологиялар тобора кенг қулоч ёйиб бораётган бир шароитда янада равшанроқ даражада кўзга ташланмоқда. Интернет ҳамда Google Wallet, PayPal, M-Pesa, Pulse +, OboPay сингари электрон тўлов мобил тизимлари карвонбошига айланиб бормоқда.
Мобил уяли алоқа технологиялари билан одатий банк операцияларининг ўзаро пухта ҳамкорлигига жаҳоннинг энг ривожланган минтақаларида эмас, балки... Кенияда эришилди. Африкадаги иқтисодиёти унча ривожланмаган ана шу мамлакатда мобил молиявий хизматлар бозори кейинги беш йил ичида тасаввур қилинганидан ҳам кескин даражада ривожланди. Бу ютуқнинг омили мамлакатда банк тармоғи ривожланмаганлигида ва кредит карточкалар билан операциялар кам ўтказилганлигида дейиш мумкин. Жаҳон банкининг маълумотларига қараганда, Кенияда ҳозир мобил телефонлар катта ёшли кишилар сонидан кўпроқдир. Балоғат ёшидаги ҳар беш кишидан тўрттаси депозитларни тўлдириш ёки кредитларга хизмат кўрсатилиши учун Safaricom маҳаллий операторининг M-Pesa тизимидаги SMS-хабарларига асосланадиган мобил тўлов пулларидан фойдаланмоқда.
Мобил тўловларнинг инқилобий тусдаги тўлқинида уяли телефон операторлари ўзлари учун кутилмаган ҳолда банкларга хос вазифаларни зиммага олишлари мумкин. Жумладан, Кениянинг ўша Safaricom компанияси асосий бизнеси, яъни уяли алоқа хизматлари кўрсатишдан ташқари мобил кредитлар эмиссияси билан ҳам шуғуллана бошлади. Бу иш суҳбатлашиш учун оператор кредитга берадиган вақт йўсинида бўлади. Дарвоқе, ҳозирча пул борасида мобил инқилоб бошланганича йўқ. Бу инқилоб кенияликлар ўз M-Pesa мобил тизимларини маҳаллий валюта – шиллингга конвертация қилиш имкониятидан батамом воз кечган куни содир бўлади. Ўша куннинг ўзида Safaricom амалда Кениянинг мобил марказий банкига айланади.
Ўтган асрнинг бошларида немис иқтисодчиси Сильвио Гезелль ўзининг «Табиий иқтисодий тартиб» деган китобида бежиз бундай деб ёзмаган: «Фақатгина газеталарга ўхшаб эскириб сарғайиб кетадиган, картошка сингари чирийдиган, темир каби занглайдиган ва эфир мойи каби учиб йўқ бўлиб кетадиган пулларгина картошкага, газетага, темирга ва эфирга алмашиниш учун муносиб восита бўлишга қодир. Харидорлар ва сотувчилар товарнинг ўзидан ҳам кўра айни шундай пулларни маъқул топмайдилар. Ана шундагина пул унга соҳиб бўлишдан афзалликлар кутаётганимиз учун эмас, балки бизга шунчаки алмашув воситаси сифатида керак бўлгани учун ҳам пул деб товардан воз кечишимиз мумкин».
Бундай қараганда ғалатироқ туюлувчи ана шу ғояни реал тарзда рўёбга чиқариш мумкин. Ялпи электронлаштириш асносида пул шунчаки алмашинув воситаси бўлиб қолиши, одатий кўринишдаги банк тизими барҳам топиб, бозорда унинг ўрнини илгари молия хизматларига мутлақо алоқаси бўлмаган компаниялар эгаллаши ҳеч гап эмас.
1Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (Вазирлар Маҳкамасининг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган) 19-банди.
2Вазирлар Маҳкамасининг «Visa» дебет ва кредит карточкаларини муомалага чиқаришни тезлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 26.05.1994 йилдаги 268-сон қарори.
3«Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида».
4Мамлакат Президенти Ислом Каримовнинг «Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш» маърузаси (2013 йил 18 январь).
Амир МАҲМУДОВ,
ўз мухбиримиз.
Навоий шаҳри.