Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 18 / Ислоҳотлар – амалда

Инвестициялар – иқтисодиётнинг ривожланиши ва модернизацияси гарови

БАРҚАРОР ЎСИШ

Мамлакат иқтисодиётини тараққий эттиришда инвес¬тицияларнинг аҳамияти беқиёс. Ҳар йили ҳукуматимиз томонидан йиллик инвестиция дастури ишлаб чиқилиб, унда йил давомида амалга ошириладиган устувор йўналишлар белгилаб олинади. Президентимиз И.Каримов таъкидлаганидек, «Барчамиз оддий бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз даркор – инвестицияларсиз модернизация ҳам, янгиланиш ҳам бўлмайди».

Дарҳақиқат, инвестициялар мамлакат иқтисодиётини юксалтириш ва рақобатбардошлигини таъминлаш, юксак технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ва уни модернизациялашнинг зарурий шартларидан бири бўлиб қолмоқда. Биз ривожланган мамлакатлар қаторида бўлиш, дунё миқёсидаги фан-техника ютуқларидан кенг фойдаланишни мақсад қилган эканмиз, бунинг учун мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш йўлида тинмай ҳаракат қилмоғимиз даркор.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар миқдори 22 067,0 млрд сўмдан ортиқни ташкил этиб, 2005 йилга нисбатан солиштирма нархларда унинг ўсиш суръати 2,9 мартадан зиёддир.

Асосий капиталга киритилган инвестициялар ўсиб бориш тенденциясига эга. 2005–2012 йиллар мобайнида инвестицияларнинг тармоқлар бўйича тақсимланиши қу-йидагича бўлган: 33,1 фоизи – саноат, 19,0 фоизи – транспорт, 14,5 фоизи – уй-жой ва коммунал хўжалиги, 7,8 фоизи – таълим, 5,9 фоизи – алоқа, 4,9 фоизи – геология, 3,8 фоизи – қишлоқ хўжалиги, 2,9 фоизи – савдо ва умумий овқатланиш, 2,0 фоизи – соғлиқни сақлаш ва спорт, қолган 6,1 фоизи бошқа соҳаларга йўналтирилган. Кўриниб турибдики, инвестицияларнинг салмоқли ҳиссаси, яъни учдан бир қисми саноат соҳасига йўналтирилган. Бу инвестициялар ўз самарасини бермоқда, хусусан шу даврдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик ўртача ўсиш суръати 109,5 фоизни, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 115,8 фоизни ташкил этди. Мамлакатимизда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар сони ва номенклатураси тобора кенгайиб, улар нафақат ички истеъмолни қондирмоқда, балки жаҳон бозорида ҳам эркин рақобатлаша оладиган маҳсулотлар сифатида ўзининг истеъмолчиларини топмоқда.

 

ИНВЕСТИЦИЯЛАР МАНБАИ ТУЗИЛМАСИ

Мамлакатимизда инвестицияларнинг молиялаштирилиш манбалари бўлиб республика бюджети, корхона ва ташкилотларнинг маблағлари, аҳоли маблағлари, банк кредитлари, чет эл инвестиция ва кредитлари, бюджетдан ташқари фондлар маблағлари ҳисобланиши мумкин. 2005 йил билан солиштирганда 2012 йилда жами асосий капиталга киритилган инвестициялар таркибида республика бюджети маблағлари салмоғи 12,2 дан 5,1 фоизга камайган бўлиб, корхона ва ташкилотларнинг маблағлари салмоғи 46,1 дан 50,8 фоизга, чет эл инвестициялари ва кредитлари салмоғи 21,7 дан 28,3 фоизга ва банк кредитлари ва бошқа қарз маблағлари салмоғи 3,8 фоиздан 11,4 фоизга ошганлигини кузатиш мумкин.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, мамлакат аҳолисининг турмуш шароити йилдан-йилга яхшиланмоқда. Юртимизда мулкчилик муносабатлари ривожланиши натижасида аҳолида инвестицияларнинг иқтисодий самарасини тушуниб етган ҳолда, ўз маблағларини у ёки бу соҳага инвестиция қилиш истаги юзага келмоқда. Чет эл инвестициялари салмоғининг ошиб бориши эса, энг аввало, чет эл инвесторлари ва халқаро ҳамкорлар учун Ўзбекистон ҳақиқатан ҳам тинч ва осуда мамлакат сифатида, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари давлат кафолатига олинганлиги, мамлакатимиз ҳудудида улар томонидан яратилган мулкнинг дахлсизлиги кафолатланганлиги, яратилаётган имтиёз ва преференцияларни кенгайтириш ва либераллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилаётганлиги мевасидир.

 

ЭРТАНГИ ИҚТИСОДИЙ ЮКСАЛИШИМИЗ ЛОЙИҲАЛАРИ

Биргина 2012 йилда бир қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Жумладан Сургил кони базасида жаҳон стандартлари асосида умумий қиймати 4,0 млрд АҚШ долларидан зиёд бўлган Устюрт газ-кимё комплекси қурилиши бошланди, мазкур объектни 2016 йилда қуриб битказиб, фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда. Унинг ишга туширилиши ҳар йили 4,5 млрд куб метр табиий газни қайта ишлаш, 400 минг тонна полиэтилен ва 100 минг тонна полипропилен ишлаб чиқариш имконини беради.

Устюрт газ-кимё комплекси қурилиши лойиҳаси технологик жиҳатдан дунёдаги энг илғор лойиҳалардан бири бўлиб, унда замонавий газ-кимё технологиялари жорий этилиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, табиий газдан 97 фоизгача метан, пропан ва бошқа қимматбаҳо компонентларни ажратиб олишни таъминлайди. Мазкур лойиҳани етакчи хорижий банклар консорциуми давлат кафолатисиз молиялаштирмоқда.

Республикада бундай лойиҳалар тинмай амалга оширилмоқда.

Хусусан 2013 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида ҳам 370 дан ортиқ стратегик муҳим лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланаётир. Ушбу лойиҳалар учун 13 млрд АҚШ долларидан зиёд маблағ йўналтириш кўзда тутилган бўлиб, уларнинг сезиларли қисмини хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириш белгиланган. Ишлаб чиқариш корхоналари қурилиши учун мўлжалланаётган жами инвестицияларнинг қарийб тўртдан уч қисми янги ишлаб чиқариш корхоналарини барпо этиш, қолган қисми эса мавжуд корхоналарни реконструкция ва модернизация қилишга йўналтирилмоқда.

Инвестиция дастурининг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш, қурилиши бошланган ва янги қурилаётган, мамлакатимиз саноат ишлаб чиқаришининг таркибини тубдан ўзгартиришга хизмат қиладиган объектларни охирига етказиш ҳамда самарадорлигини ошириш, шунингдек амалга оширилиши кутилаётган ло-йиҳалар суръатининг пасайишига йўл қўймаслик муҳимдир. Жорий йилнинг ўзида 115 та муҳим объектни фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда.

Ана шундай истиқболли режалардан яна бири бу – қишлоқ жойларда якка тартибдаги янги уй-жойларни қуриш бўлиб, 2013 йилда уларни 8,5 мингтадан 10 мингтага етказиш кўзда тутилмокда. Жорий йилда бу мақсадлар учун 1,4 трлн сўм, яьни ўтган йилга нисбатан 54 фоиз кўп маблағ йўналтириш мўлжалланган.

2013 йилда жаҳон стандартлари асосида 526 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, Қамчиқ довонида 71 километрлик автомобиль йўли участкасида реконструкция ишларини якунлаш, шунинг¬дек қатор кўприк ва йўл ўтказгичларни барпо этиш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун 1,2 трлн сўм, шу жумладан Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан 870 млрд сўмдан ортиқ ҳамда халқаро молия институтлари – Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Араб Мувофиқлаштириш гуруҳининг қарийб 120 млн долларга тенг маблағларини йўналтириш кўзда тутилмокда.

Темир йўл коммуникациялари тизимини жадал ривожлантиришга, юк ташиш ҳажмининг асосий қисмини таъминлайдиган коммуникация тармоқлари билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ишончли тарзда боғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бу борада 16 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кутилмоқда. Биринчи навбатда, 140 километрлик «Мароканд – Қарши», 325 километрлик «Қарши – Термиз» темир йўл участкаларининг электрлаштирилишини тугатиш, ҳаракатланадиган таркибни модернизация қилиш ишларини амалга ошириш режалаштирилган.

Фаол инвестиция сиёсати республика иқтисодиётини модернизация қилиш ва янгилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг энг муҳим шарти ва манбаи бўлмоғи керак. Ўзбекистонда сўнгги беш йил мобайнида инвестицияларнинг йиллик ўсиш суръати 9 фоиздан зиёдни ташкил этмоқда ва бу дунёдаги юқори, барқарор кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Жаҳон миқёсида глобал молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганини инобатга оладиган бўлсак, бугунги мураккаб шароитда биз эришган бу натижанинг аҳамияти ва моҳияти янада яққол аён бўлади.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, ҳукуматимиз томонидан давом эттирилаётган фаол инвестиция сиёсати ўз самарасини бермоқда ва яқин истиқболда ҳам иқтисодиётимизда муҳим ижобий ўзгаришлар юз бериши табиий.

Шерали ДЖАНИМОВ,

Олий бизнес мактаби тингловчиси.

Прочитано: 4264 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика