Мен омборхона ва бостирмаларни ер майдони билан хусусийлаштириб, сотиб олганман. Ушбу мол-мулк ҳамда ер майдонидан бугунги кунга қадар тадбиркорлик фаолиятида фойдаланмаганман ва уни ҳеч кимга ижарага бермаганман.
Мол-мулк жисмоний шахслар томонидан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда ёки у ижарага берилган тақдирда, шунингдек жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган яшаш учун мўлжалланмаган жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланишидан хабарим бор. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолиятида фойдаланилмаётган, ижарага берилмаган ер майдони учун ер солиғи жисмоний шахслар учун белгиланган ставкада тўланишидан ҳам хабарим бор.
Менинг эгалигимдаги ер майдонидан тўланадиган ер солиғи нима асосда ва қандай ставкада ҳисобланишига аниқлик киритиб берсангиз.
Салтанат Нормуратова. Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри.
– Жисмоний шахслар томонидан ер солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби СКнинг 287–294-моддалари билан тартибга солинади. Хусусан, 287-моддага кўра, мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар ер солиғини тўловчилардир. Ер участкасига оид мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқининг мавжудлиги кўчмас мулкка доир ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказадиган органлар берадиган ҳужжатлар билан тасдиқланади.
Жумладан, жисмоний шахслар учун мерос бўйича, ҳадя қилиниши ёки олиниши натижасида уй-жой ва иморатлар билан биргаликда мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи ҳам уларга ўтган ер участкалари ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулк қилиб олинган бошқа ер участкалари солиқ солиш объекти ҳисобланади.
Солиқ солинадиган база эса кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органнинг ер участкаларининг майдонига доир маълумотлари асосида аниқланади.
Сиз хатингизда ер участкаларининг майдонига доир маълумотларни (ер участкасининг вазифаси кадастр ҳужжатларида кўрсатилади) келтирмаганлигингиз боис ер солиғи суммасини аниқлашнинг имконияти мавжуд эмас.
Хатингизда келтирилган маълумотларга қараганда, сизнинг эгалигингиздаги мавжуд ер майдонлари бўйича кадастр ҳужжатларида кўрсатилган ер участкасининг ажратилиши мақсадига қараб 2013 йил учун ер солиғини ҳисоблашда Президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига (25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон) 19-илованинг 4 ёки 6-жадвалларидаги белгиланган ер солиғи ставкалари қўлланилиши мумкин.
Тадбиркорлик фаолиятида фойдаланиладиган уйлар, дала ҳовли иморатлари, якка тартибдаги гаражлар ва бошқа иморатлар, иншоотлар, жойлар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда ер участкалари учун жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи юридик шахслардан олинадиган ставкалар бўйича ундирилади.
Ер солиғи суммаси ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган тўлов хабарномаси жисмоний шахсларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан ҳар йили 1 майдан кечиктирмай топширилади. Солиқ даври учун ер солиғи тўлаш жисмоний шахслар томонидан ҳисобот йилининг 15 октябрига қадар амалга оширилади.
Жавобларни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.