Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 18 / 9 май Хотира ва қадрлаш куни

Суронли йиллар хотираси ҳамон ёдимда...

Неларни кўрмагай инсоннинг боши.

Абдулла Орипов.

Танлаган касби бўйича ҳаёт йўли Тошкент давлат университетининг* иқтисодиёт факультети ёки Самарқанд кооператив институтидан** бошланган мамлакатимизнинг кўпгина тадбиркорлари, иқтисодчилари,  идоралар раҳбарлари сабоқдошлар билан учрашиб, талабалик йилларини эслашганда, албатта ўз устозларини, энг аввало, Мухтор ака Расулевни тилга олишади.

Иқтисод фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби М.Расулев ўтган йили тўқсон ёшга тўлди. Шунга қарамай, у ҳамон бардам, мамлакат иқтисодчилари сафини муносиб шогирдлар билан тўлдиришда давом этмоқда.

 

– Пешонамизга уруш – жангу жадалларни кўриш, ўқиш, юртимизни яшнатиш йўлида ишлаш битилган экан, инсон боласи қисматидан қочиб қутулармиди? – дейди Мухтор ака олис-олисларга тикилганича.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг иқтисодий назария кафедрасида у киши билан суҳбатлашиб ўтирибмизу, қордек сочлари янада улуғворлик бахш этган алломани илмий симпозиумда маъруза ўқиётган, аудиторияда талабаларга сабоқ бераётган, кутубхонада китобларни мутолаа қилаётган ҳолатда тасаввур қилсам ҳам, уни бомбардимончи самолёт штурвалини бошқараётган ҳолатда кўз олдимга келтира олмайман сира. Ҳолбуки, урушнинг суронли йилларини у шу алфозда ўтказган экан.

Мухтор ака Расулев 1922 йили Фарғонада таваллуд топган бўлиб, 15 ёшида Тошкентга келиб, педагогика билим юртига ўқишга кирди.

– Нега педагогикани танладим, ўзим ҳам аниқ билмайман, – дейди Мухтор ака ўйчан. – Ўша кезлари ўқитувчилар етишмасди.
Болаларга билим берсам, уларни ўқитсам деган хайрли ниятга шу нарса туртки берган бўлса, эҳтимол. Қисқасини  айтганда, келгусида иқтисод фанлари доктори, профессор бўламан, мамлакатнинг олди олий ўқув юртида таълим бераман деган гап хаёлимнинг кўчасига ҳам келмаган ўшанда.

Билим юртини тугаллаган ёш йигитни 1940 йили Паркент туманига, тўлиқсиз ўрта мактабнинг 5–7-синфларига математика ва физика ўқитувчиси қилиб юборишди. Муаллимлар етишмагани учун ҳам иш бошдан ортиб ётарди. Ёш мутахассис бутун вужуди билан муаллимликка берилиб кетди, аммо мактабда кўп ишлаш унга насиб этмади. Ўша, 1940 йилнинг октябрида уни армия сафига чақиришди.

Тақдирига учувчилик қилиш ёзилган экан. 1941 йили у Воронеж учувчилик мактабини тамомлаб, икки ярим йил мобайнида ўзи енгил, аммо тезучар Пе-2 бомбардимончи самолётида кўпгина жангу жадалларни кўрди. Бундай учувчилар учун самолётини белгиланган нуқтага бошқариб бориб, ўша жойга бомба ташлаб келиш асосий вазифа эди. Самолётда пулемёт, иккитадан ракета снарядлари бўларди. «Унинг ўт очиш имконияти кенгайтирилса, ёмон бўлмасди», – деб ҳисоблайди ҳалигача Мухтор Расулевич. Унинг қанчадан-қанча сафдошлари ёнаётган самолёт билан бирга ерга шўнғиган эди.

Урушнинг бошларида ниҳоятда оғир бўлган. Шаҳарлар, ўлкалар бирин-кетин душманга ташлаб чиқилган. Радиодан нуқул чекиниш ҳақидаги хабарлар бериларди. «Ўшанда уруш барибир бир кун поёнига етади, аммо ғалабани кўриш, оилам бағрига қайтиш менга насиб этармикан деб ўйлаб қолардим баъзан. – Профессор ўзига ўзи гапиргандай ўтмиш хотираларини эсларди. – Аммо, негадир урушнинг охирига етиб бораман деган ишончим мустаҳкам эди».

1941 йили у Москва остонасида Ғарбий фронтнинг 206-авиация бомбардимончи девизиясида хизмат қилди. Ҳар куни парвоз, душман қузғунларини уриб тушириш, дўстлар сафининг сийраклашиши... Айниқса октябрь–ноябрь ойлари оғир бўлди. Гап кеч кузнинг изғиринида ҳам эмас. Ўшанда мамлакат тақдири ва ўз ҳаётимиз учун ташвиш ҳамда таҳликада эдик. Уруш босими бу азим шаҳардан озгина чекингач, эркин нафас олдик. «Москва мудофааси учун» медалидан ташқари Смоленск остонасида биринчи марта ярадор бўлганимда танамда қолган ва ҳали-ҳануз ўзини сездириб турадиган ўқ парчалари ўша кунлардан нишона.

...1943 йили уни Биринчи Украи­на фронтига, разведкачи авиация эскадрильясига ўтказишди. Уруш охиригача у 219-авиация бомбардимончи девизиясида хизмат қилди. Ўз самолётида разведка қилишдан ташқари Елец, Краков ва Прага шаҳарлари устида учта «мессершмит»ни уриб туширди. Украина осмонида, Прилуки шаҳри яқинида иккинчи марта ярадор бўлди. Зенит ракетаси танасида қолдирган чандиқ ва ўқ парчалари – шунинг асорати.

Мухтор ака бутун уруш мобайнида юз марта жанговар парвозга чиқди, шулардан 60 таси разведка мақсадидаги учишлар эди. Уч марта самолёти ёнди, олти марта илма-тешик қилиб юборилган «кумуш қуши»ни бир амаллаб, жонни ҳовучлаб ерга, ўзиникилар олдига қўндира олди...

Булутли кунларда самолётда разведкага бориш жуда мураккаб иш эди. Чор атрофни кўриш қийин, булутларни ёриб ўтиб, ерга яқинроқ боришга тўғри келарди. Мақсадга эришиш учун баъзан бир неча марта шундай қилишга мажбур бўлишарди. Душман эгаллаб турган маррани ва мўлжалланган жойни фотосуратга олиш учун асосан кундуз кунлари учишарди.

– Уруш охирларида разведкага чиққанимиз ҳали-ҳали эсимда, – дейди отахон. – Берлиннинг жанубий қисмидаги Потсдам шаҳри атрофидаги жанговар позицияларни фотосуратга олишни буюришди. Бу топшириқ ниҳоятда мураккаб эди, негаки ҳамма тарафдан ўқлар отилар, осмонда немис қирувчи самолётлари изғиб юрар эди. Керакли жойларни суратга тушириш ва маълумотлар олиш учун уч марта кўкка кўтарилишимизга тўғри келди. Ўшанда бизга фронт қўмондони – маршал Иван Степанович Конев шахсан миннатдорчилик билдирган эди.

– Анча йиллардан кейин архивда ниманидир излаётиб, «Жасур разведкачиларга ташаккурнома» деган бир плакатга кўзим тушиб қолди, – дейди Мухтор ака. – Ўша, биз ўринлатиб бажарган топшириқ шарафига махсус чиқаришган экан. Очиғини айта қолай, шунча йил ўтган бўлса ҳам, уни ўқиш кўнгилли эди.

Иккинчи жаҳон урушидаги иштироки учун Мухтор Расулевич 26 та мукофот билан тақдирланган. Улар орасида II ва III даражали «Шуҳрат», I ва II даражали «Ватан уруши» орденлари, «Жасорат учун», «Улуғ Ватан урушида Германия устидан қозонилган ғалаба учун», «Берлин шаҳрини олганлик учун», «Прагани озод қилганлик учун» ва бошқа медаллар бор.

Мухтор ака Расулев урушнинг бошидан охиригача фронтда бўлди, ғалаба кунларини кўрди, Тошкентга старшина унвони билан қайтди. Ўшанда ёши 23 да эди. Фронтдан қайтган йигит шу ерда ўз умр йўлдоши Санобар Тошбоевани топди. Санобар бу пайтда 18 яшар қиз эди.

–Санобарни ҳарбий бўлмасимдан олдин ҳам танирдим, оилаларимиз ўртасида борди-келди бор эди, – дейди кулимсираб Мухтор ака. – Мен армия хизматига кетаётганимда у кичкинагина қизалоқ эди, табиийки, ўртада ҳеч қанақа аҳду паймон бўлмаган. Муҳорабадан қайтгач, келинликка муносиб қиз бўлганлигини кўрдиму, оила қуриб биргаликда ҳаёт кечириш орзуимга айланди.

1945 йили эл қатори тўй қилдик. Қизиғи шундаки, бу пайтда ишимнинг ҳам, турар жойимнинг ҳам тайини йўқ эди. Ёш келин-куёв ҳаммасини бир бошдан, аммо баҳамжиҳатлик билан бошладик. Шукурлар бўлсинки, 67 йилдан бери биргамиз. Уй-жой қуриш, ўқиш, ишлаш – ҳамма-ҳаммасида ҳамдаст ва ҳамфикр бўлдик...

Тошкент молия-иқтисод институтига* ўқишга кирдим. Аввалига юрист бўлишни мўлжаллаган эдим, – дейди Мухтор ака. – Лекин кўпроқ иқтисодчилар кераклигини тушуниб етдим. Бу пайтда оиламиз бирмунча кенгайган – кўпайишган эдик. Шу сабабли ҳам ўқиб, ҳам ўқитувчилик қилдим.

Мухтор ака 1951 йили институтни тамомлади ва ўша йилнинг ўзида Тошкент давлат университетининг сиёсий иқтисод кафед­расига ассистент бўлиб ишга кирди. Шу ерда 10 йил ишлаш асносида номзодлик диссертациясини ёқлади, кафедрага бошчилик қилди.

Сўнгра уни Самарқанд кооператив институтига ректор қилиб юбордилар. Бу пайтда у тўрт ўғилнинг отаси эди. Тўнғичи – Равшан 1946 йили туғилган. 1949 йили Ўткир, 1951 йили Зокир ва 1958 йили Юсуф дунёга келди.

Мухтор акага савдо соҳаси мутахассислари тайёрлаш билан кечган Самарқанддаги қарийб 10 йиллик фаолияти кўз очиб юмгунча ўтгандек туюлади. Шундан кейин Расулевлар оиласини яна Тошкент ўз бағрига олди. Мухтор ака Тошкент давлат университетининг ўша, қадрдон кафедрасига қайтди. 1973 йили докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Худди ўша йили уни Олий аттестация комиссияси ҳузуридаги докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш бўйича илмий кенгаш раиси этиб тайинладилар.

Юқорида айтилганидек, Мухтор ака бугунги кунда ҳам Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ишлаб, магистрантларни ўзининг улкан сармоя-
си – бой билим ва тажрибаси билан баҳраманд этмоқда.

Илм-фан соҳасида ишлаш ва изланиш билан ўтган йиллар мобайнида у 260 та илмий мақола, дарслик ва монография яратди, 32 нафар фан номзоди ва 4 нафар фан доктори етиштирди. «Баъзилари фоний дунёдан боқий дун­ёга рихлат қилдилар, – дейди профессор хомуш тортиб. – Аммо қаторимизда туриб, фаолият олиб бораётганлари билан кўришиб, дийдорлашиб турамиз».

Мухтор ака Расулев – табаррук инсон. 8 та набира ва 9 та абираси бор. Ўғиллари Зокиржон билан Юсуфжон оталарининг изидан кетди. Бири – иқтисодчи, иккинчиси эса ташқи иқтисодий алоқалар бўйича мутахассис. Набиралар ҳам олий маълумотли. Мухтор аканинг абиралардан ҳам умиди катта. Уларнинг ортидан фахр ва ифтихор билан тикиларкан, ичида дуо қилади: «Ўша уруш жанггоҳлари, қирқинчи йилларнинг даҳшатли синовларидан сизларнинг бахту саодатларингиз учун тақдир мени омон асради чоғи. Сизларнинг қисматингиз ниҳоятда ёрқин, урушлардан тамомила холи бўлсин. Кўзингиз ёмонлик кўрмасин асло».

Ольга КИРЬЯКОВА,

мухбиримиз.

Прочитано: 2449 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика