Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 15 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

ЙЎЛ МАСЪУЛИЯТНИ ТАЛАБ ЭТАДИ

10.04.2013 йилдаги ЎРҚ-348-сон Қонун билан «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири тасдиқланди.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда жамоатчилик иштирокининг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда Қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир тадбирларда қатнашиш ҳуқуқини берувчи модда билан тўлдирилди. Эндиликда улар маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, махсус ваколатли давлат органларига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги тадбирларни амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритишга; йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тадбирларда иштирок этишга; давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қарорлар ишлаб чиқилишида иштирок этишга ҳақлилар.

Транспорт воситалари эгаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир қўшимча мажбуриятлари жорий этилди. Улар сирасига ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қўшилди.

Автомобиль йўлларини ривожлантиришнинг барча босқичларида, шу жумладан лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашда уларнинг ҳолатига бўлган талабларга тузатиш киритилди. Хусусан, йўлларни сервис объектлари билан жиҳозлашни тартибга солувчи янги меъёр назарда тутилди.

Янги Қонунга мувофиқ йўлларда ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлашга қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларга қўйиладиган асосий талаблар кенгайтирилди. Илгари назарда тутилганларига қуйидагилар қўшилди:

ўзига тегишли транспорт воситалари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг сабабларини таҳлил қилади ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни кўради;

соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини жалб этган ҳолда ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикларини, ҳайдовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини такомиллаштиришга доир тадбирларни ташкил этади ва ўтказади;

фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилади.

Иш берувчиларга ходимларни йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари бўйича ўқитиш, мазкур ходимлар малакасини ошириш, йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларнинг билимларини текшириш мажбурияти қўйилди. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этишга доир қўшимча талаблар қўйилди. Чунончи, уларнинг ходимлари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан тасдиқланган махсус дастурлар бўйича уч йилда камида бир марта ўз малакаларини ошириб, малака имтиҳони топширишлари керак.

Қонун билан меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари аниқ тартибга солинди. Улар орасида – белгиланган талабларга мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари, махсус кийим-бош билан таъминланиш; ўз ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган вазият юзага келганда ташишни бажаришни рад этиш; йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида малакасини ошириш ва касбий қайта тайёргарликдан ўтиш; меҳнат вазифаларини бажариши чоғида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ва бошқалар.

Қонун билан бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилган.

«Халқ сўзи» газетасининг 11.04.2013 йилдаги 69 (5743)-сонида чоп этилган кундан бошлаб кучга кирди.

 

«МИКРОКРЕДИТБАНК» КАПИТАЛИ ОШИРИЛДИ

Президентнинг 29.03.2013 йилдаги ПҚ-1945-сон қарори билан 2013 йилда «Микрокредитбанк» устав капиталини 40 млрд сўмга оширган ҳолда унинг умумий миқдорини 200,2 млрд сўмгача етказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қарор билан қуйидагилар «Микрокредитбанк» ОАТБнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

янги корхоналар ва иш жойларини барпо этишда бирламчи сармояни шакл-лантириш учун мақсадли имтиёзли кредитлар ажратишни кенгайтириш ҳисобига кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга, айниқса қишлоқ жойларда ривожлантиришга кўмаклашиш;

имтиёзли кредитлар бериш орқали аёлларга ва ёшларга, шу жумладан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига уларни тадбиркорлик ишларига фаол жалб этиш учун молиявий ва ташкилий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

хом ашё ва материалларни яна ҳам чуқурроқ қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш, ички бозорни мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўлдириш, шунинг асосида қўшимча иш жойларини ташкил қилиш ва аҳоли даромадларини ошириш мақсадида хом ашё ва материаллар харид қилиш учун тадбиркорлик субъектларининг айланма маблағларини тўлдириш ва фаолиятларини кенгайтиришга имтиёзли кредит маблағларидан фойдаланиш имкониятларини таъминлаш;

чорва, уй паррандаси, уруғлик ва экиладиган материаллар сотиб олиш, суғориш ва тупроқни қайта ишлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-технологияларни харид қилиш, шунингдек чорвачилик, асаларичилик ва балиқчиликни ривожлантириш учун фермер ҳамда деҳқон хўжаликларига микромолиявий хизматлар кўрсатиш.

Шуни эслатиб ўтамизки, «Микрокредитбанк» акциядорлик тижорат банки Президентнинг 5.05.2006 йилдаги ПФ-3750-сон Фармони билан «Тадбиркор» акциядорлик тижорат банки негизида ташкил этилган.

 

ВАЛЮТА СОТИБ ОЛИШ ТАРТИБИ ЎЗГАРДИ

Вазирлар Маҳкамасининг 29.03.2013 йилдаги 91-сон қарори билан бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга уларни Президентнинг «Жисмоний шахсларга хорижий валютани сотиш тартибини янада либераллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (30.01.2013 йилдаги ПҚ-1914-сон) мувофиқлаштириш мақсадида ўзгартиришлар киритилди.

Чунончи, Супермаркет туридаги дўкон тўғрисида вақтинчалик намунавий низомдан (ВМнинг 19.04.1995 йилдаги 135-сон қарори билан тасдиқланган) нормал савдо жараёнини амалга ошириш учун супермаркетларда валюта алмаштириш пунктлари бўлиши тўғрисидаги талаб чиқариб ташланди.

Тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг хорижий валютани сотиб олиши тартибига тузатиш киритилди. Тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни олиб келувчи юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ҳисобга қўйиш ва импорт операциялари субъектларининг ҳисобга олиш карталарини бериш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 2.09.2004 йилдаги 413-сон қарори билан тасдиқланган) киритилган ўзгартиришларга кўра якка тартибдаги тадбиркорлар хорижий валютани тижорат банкларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиб олишлари керак.

Илгари якка тартибдаги тадбиркорларга хорижий валютани валюта алмаштириш пунктларида сотиб олиш ҳуқуқи берилар эди.

Қарорга мувофиқ Ҳукуматнинг айрим қарорлари ўз кучини йўқотди.

 

ФАН ДОКТОРИ БЎЛИШ УЧУН ИМТИҲОН ТОПШИРИШ КЕРАК

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг қарори (АВ томонидан 25.03.2013 йилда 2442-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Малакавий имтиҳонларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Илгари амал қилган Номзодлик имтиҳонларини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 18.05.2004 йилда 1356-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ўз кучини йўқотган деб топилди.

Шуни эслатиб ўтамизки, илгари малакавий имтиҳонларни фан номзоди илмий даражасига талабгорлар топширар, фан доктори илмий даражаси талабгорларига эса бундай талаб қўйилмас эди. Эндиликда фан доктори илмий даражасини берган ҳолда олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизими жорий этилиши ҳамда стажёрлар-тадқиқотчилар-талабгорлар институти тугатилиши муносабати билан докторлик даражасини олишга даъвогарлар диссертация мавзусига биноан ихтисосликда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани, чет тили сифатида инглиз, француз ёки немис тилидан (ёки ОАК билан келишилган ҳолда бошқа тилдан) малакавий имтиҳон топширишлари мумкин (илгари имтиҳонлар фалсафа, миллий истиқлол ғояси ва фан методологияси, чет тили, информацион технологиялар асослари ҳамда диссертация мавзуига мувофиқ ихтисослик фанидан ўтказилар эди). Чет тили соҳалари бўйича филология фанлари доктори илмий даражасини олиш учун талабгорлар эса иккинчи чет тили фанидан малакавий имтиҳон топширадилар.

Талабгорлар тегишли фан соҳалари бўйича қўшимча равишда қуйидаги малакавий имтиҳонларни топширадилар:

ижтимоий-гуманитар ва иқтисодиёт фанлари соҳалари бўйича – мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асосларидан;

аниқ ва табиий фанлар соҳалари бўйича – Ўзбекистоннинг энг янги тарихи фани саволлари таркибида мустақиллик мафкураси ҳамда демократик жамият қуришнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маънавий негизлари ва илмий асосларидан (илгари топширилмас эди);

аниқ ва табиий фанлар, тиббиёт, иқтисодиёт ва педагогика фанлари соҳалари бўйича – математик моделлаштириш ва математик статистика асосларидан (илгари топширилмас эди);

иқтисодиёт фани соҳаси бўйича – иқтисодиёт назариясидан;

педагогика фани соҳаси бўйича – умумий педагогика, педагогика ва таълим тарихидан.

Талабгор хорижий фуқаролар учун малакавий имтиҳонлар фақат диссертация мавзусига мувофиқ ихтисослик фанидан ўтказилади (илгари информацион технологиялар асослари ва диссертация мавзуига мувофиқ ихтисослик фанидан ўтказилар эди).

Қуйидагилар малакавий имтиҳонлардан ташқари қўшимча имтиҳон топширишлари шарт:

бакалавр даражасига ва олий маълумотли мутахассис дипломига эга бўлган талабгорлар ушбу фан йўналишининг асосий мазмуни ҳамда умумметодологик ва назарий муаммоларини қамраб оладиган мутахассислик бўйича;

олий маълумотли ҳарбий мутахассис дипломига эга бўлган ҳарбий фанлар доктори илмий даражасини олиш учун талабгорлар – тегишли олий ҳарбий таълим ўқув дастурлари бўйича.

Ҳар бир фан бўйича малакавий имтиҳонларни қабул қилиш комиссияси таркибида комиссия раисидан ташқари тегишли фан соҳаси бўйича камида икки нафар фан доктори (илгари камида битта фан доктори) бўлиши лозимлиги белгиланган.

Талабгорнинг билим даражаси 100 баллик тизимда қуйидагича баҳоланади:

86 баллдан 100 баллгача – аъло;

71 баллдан 86 баллгача – яхши;

56 баллдан 71 баллгача – қониқарли (илгари – 55 баллдан 70 баллгача эди);

0 баллдан 56 баллгача – қониқарсиз (илгари – 0 баллдан 54 баллгача эди).

Ҳужжат билан аъло ва яхши баҳо қўйилган талабгорларнинг диссертация ишларини ҳимояга қабул қилиш ҳақидаги меъёр бекор қилинди. Бу эндиликда қониқарли баҳо олган талабгорлар ҳам диссертация ҳимоясига қўйилиши мумкинлигини англатади.

Шунингдек имтиҳонлар ўтказувчи ташкилотлар ҳар йили декабрь ойининг 10-санасигача ОАКга унинг натижалари тўғрисида маълумот беришлари шарт дея аниқлик киритилган.

Талабгор қандай қилиб фан доктори бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳужжатлар пакетида ўқинг.

 

УЛАР ЎЗ РАЗРЯДЛАРИГА ЭГА

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Молия вазирлигининг қарори (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 1027-1-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Давлат бюджети ҳисобидаги муассасалар, ташкилотлар ва корхоналарда банд бўлган универсал касблар мутахассислари ва хизматчилари лавозим разрядларига ўзгартиришлар киритилди. 7-тариф разрядидан иқтисодчи лавозими, 4-тариф разрядидан иқтисодчи, бухгалтер, тафтишчи бухгалтер, юрисконсульт лавозимлари чиқариб ташланди.

Ушбу қарор Вазирлар Маҳкамасининг «Айрим бюджет ташкилотлари ходимлари баъзи тоифаларининг лавозим разрядларини белгилаш тўғрисида»ги қарорини (7.02.2013 йилдаги 33-сон) ижро этиш мақсадида қабул қилинган.

 

ЧАКАНА САВДО КОРХОНАЛАРИГА ДОИР НИЗОМГА АНИҚЛИК КИРИТИЛДИ

Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг қарори (АВ томонидан 4.04.2013 йилда 2449-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан янги Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан чакана савдо корхоналари томонидан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу ҳужжат Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди, унга кўра 2013 йил 1 январдан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш тартиби ўзгартирилган эди. Шуни эслатиб ўтамизки, барча ЯСТ тўловчилар учун (чакана савдо корхоналари бундан мустасно) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун ягона база – эгаллаб турган ер участкаси майдонидан ҳисоблаб чиқариладиган ер солиғи суммасининг 3 баравари этиб белгиланган эди. Бунда чакана савдо корхоналари учун ЯСТнинг энг кам миқдорини айнан шундай фаолият турини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ миқдоридан келиб чиқиб ҳисоблаб чиқариш тартиби сақлаб қолинди.

Янги Низом: ҳисобот чораги якунлари бўйича асосий фаолият тури қонун ҳужжатларига мувофиқ фақат юридик шахс шаклида ташкил этиладиган тадбиркорлик субъектлари томонидан реализация қилинадиган товарларнинг чакана савдоси бўлган; шунингдек ихтиёрий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Низомда ЯСТни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби аниқ белгиланган. Унда аввалги Низом (АВ томонидан 18.08.2010 йилда 2134-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан таққослаганда айрим низоли жиҳатларга аниқлик киритилган.

Тақдим этилган ҳужжатларга қисқача шарҳларни

эксперт-юристларимиз

Елена ЕРМОХИНА ва Сардор ЖУМАШОВ

тайёрладилар.

Прочитано: 3059 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика