Давлат унитар корхонаси (ДУК) бюджет корхонаси эмас, балки хўжалик ҳисобидаги корхона бўлиб, унда меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф тизими қўлланади.
Корхона штат жадвалида 88 000 сўмга тенг бўлган, 1 дан 16 гача разрядлар ҳисобланадиган ЯТС бошланғич (нулинчи эмас) разряднинг миқдорини мустақил тарзда белгилай оладими?
Масалан, бош бухгалтер штат жадвали бўйича 13-разрядга эга. Тариф коэффициентини қабул қилинган ва юқори турувчи муассис билан келишилган, ЯТСнинг 88 000 сўмга тенг бўлган бошланғич разрядига кўпайтириб, қуйидагини оламиз:
6,503 х 88 000 = 572 264 сўм – бош бухгалтернинг мансаб маоши.
ЯТС бўйича разрядлар ҳисоб-китобини бундай формула бўйича амалга ошириш тўғрими? Хўжалик ҳисобидаги ДУКга иш ҳақининг бошланғич миқдорини мустақил равишда белгилаш ҳуқуқи берилганми?
– Ягона тариф сеткаси (ЯТС)1 – 22 разрядга бўлинган шкала бўлиб, у ходимлар турли гуруҳларининг малакасига боғлиқ ҳолда тариф коэффициентлари орқали улар меҳнатига ҳақ тўлашнинг нисбатини кўрсатади. Ходимнинг лавозим маошини белгилаш учун унинг разрядига мувофиқ келадиган тариф коэффициенти белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига (2012 йил 1 декабрдан бошлаб – 79 590 сўм) кўпайтирилади. Яъни 1-разрядга эга бўлган ходимнинг лавозим маоши (ЯТС бўйича тариф коэффициенти – 2,476) ойига 197 064, 84 сўмни, 2-разрядли ходимнинг маоши эса 216 882, 75 сўмни (79 590 х 2,725) ташкил қилади ва ҳоказо.
ЯТСни қўллаш бюджетдан молияланадиган барча муассасалар ва ташкилотлар, шунингдек фаолиятини хўжалик ҳисоби асосида амалга оширувчи барча давлат ва давлат-акциядорлик корхоналари учун мажбурийдир (ВМнинг 18.03.1996 йилдаги 103-сон қарори 3-банди). Бунда хўжалик ҳисобидаги корхоналар ва ташкилотларга уларнинг молиявий имкониятларидан ва хўжалик фаолияти натижаларидан келиб чиққан ҳолда, оширилган тариф коэффициентларини қўллаш ҳуқуқи берилган (ВМнинг 11.01.2012 йилдаги 6-сон қарори 2-банди). Масалан, 1-разрядли ходимлар учун 3,5 га тенг тариф коэффициенти белгиланиб, шу тариқа лавозим маоши ойига 278 565 сўмга (79 590 х 3,5); 2-разрядли ходимлар учун – 3,8 (лавозим маоши 302 442 сўмга тенг бўлади) бўлади ва ҳоказо. Бироқ корхоналар ходимларнинг меҳнат шароитларини ёмонлаштирадиган пасайтирилган тариф коэффициентларидан фойдаланишга ҳақли эмаслар (Меҳнат кодексининг 155-моддаси).
Шу тариқа, сиз ташкилотда иш ҳақи миқдорини тариф коэффициентларини ошириш йўли билан бошқаришингиз (кўпайтиришингиз) мумкин. Агар сизда юқори ташкилот бўлса, ушбу ҳуқуқ корхонангиз уставида қайд этилиши ва у томонидан тасдиқланиши керак.
Иш ҳақи ҳисоб-китобида тариф коэффициентларини (ЯТСда кўрсатилган ёки юқори ташкилот билан келишув бўйича оширилган) Президент Фармони билан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдорига кўпайтириш керак. Сиз уни камайтириш томонига ҳам, кўпайтириш томонига ҳам ўз ҳолингизча ўзгартира олмайсиз.
1ВМнинг 21.07.2009 йилдаги 206-сон қарори билан тасдиқланган.
Жавобларни «Norma Ekspert» мутахассислари
тайёрладилар.