Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, унинг ҳудудий бўлинмалари, ахборот-маслаҳат марказлари ва бизнесга кўмаклашиш марказлари фаолияти йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда асосий эътибор мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва бу борада яратилган ҳуқуқий асосларнинг ижросига қаратилди.
Айни пайтда Палатага 22 800 га яқин тадбиркорлик субъекти аъзо бўлиб кирган. 2012 йил мобайнида Палата томонидан уларга кўмак бериш йўналишида кўламли ишлар қилинди:
- Палата мутахассислари 116 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этишди.
- Палатанинг 13 та ҳудудий бўлинмаси ҳузурида ташкил этилган ҳакамлик судларига умумий қиймати 91,9 млрд сўмлик ва 761,01 минг АҚШ доллари миқдорида 1 226 та даъво аризалари киритилган. Шундан 79,05 млрд сўмлик ва 265,9 минг АҚШ доллари миқдоридаги даъво аризалари кўриб чиқилган ва қаноатлантирилган.
Олиб борилган ишлар натижасида ўтган йили 20 та қўшма, 29 та хорижий корхонани тузишга яқиндан кўмак берилди.
Палата 171 корхонага хориждан 12,9 млн АҚШ доллари қийматидаги замонавий технология ва асбоб-ускуналарни олиб келишга яқиндан кўмак берган.
- Палата ташаббуси билан жойларда 100 га яқин турли кўргазма ва ярмаркалар ташкил этилган ва уларда 6 мингга яқин маҳаллий ҳамда хорижий компания ва фирмалар иштирок этган. Бунда республикамиз ва хорижда ташкил этиладиган кўргазма ва ярмаркаларга тадбиркорлик субъектларини жалб этиш бўйича дунёнинг 55 та давлати билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Ана шундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ўтган йили хорижий давлатларда ўтказилган 55 та кўргазма ва ярмаркаларда республикамиздан 646 нафар тадбиркор муваффақиятли иштирок этди.
- Палатанинг ҳудудий тузилмалари тадбиркорлик субъектлари ва бизнес фаолиятини янгидан бошламоқчи бўлган жисмоний шахсларга таъсис ҳужжатлари ва бизнес-режа тайёрлаш, бухгалтерия ҳисобини юритиш, маслаҳат бериш, юридик ва суғурта хизматлари кўрсатиш ҳам йўлга қўйилган. 2012 йилда мазкур тузилмалар орқали 1 036 млн сўмлик ана шундай хизматлар кўрсатилган.
- Палатанинг Фарғона, Андижон, Гулистон шаҳарларида ва Тўрткўл туманида «ЯГОНА ОЙНА» бизнесга кўмаклашув марказлари ташкил этилган.
- Тизим орқали 13,3 минг нафардан ортиқ тадбиркор ўқитилди ва 7,3 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари қайта тайёрланди.
- Республика бўйича ўтказилган «ТАДБИРКОР КУНИ» тадбирида 34 488 нафар тадбиркор қатнашган ва бизнесни юритиш масалалари бўйича 9905 мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатлар кўриб чиқилиб, уларнинг салкам 90 фоизи маҳаллий ҳокимлик ва ваколатли органлар билан биргаликда ҳал этилган.
Гулбаҳор САТТОРОВА,
«СБХ» мухбири.