Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 11 / Бизнинг маслаҳатлар

Корхона ходим учун қилган харажатларнинг солиқ оқибатлари

Газетангизнинг кўп йиллик обуначиси сифатида қуйидаги саволларимизга жавоб беришингизни сўраймиз.

1. Ташкилотимизда ишлайдиган ходимнинг укаси ёки синглисининг таълим олиши учун олий ўқув юртига ўтказилган маблағлар ходимнинг даромади ҳисобланиб, уларга солиқ солинадими?

2. Корхона ўзининг ходими учун санаторий-курортда даволанишга йўлланмалар харид қилади ёки уларнинг амбулаторияда даволанишларига ҳақ тўлайди. Ушбу суммалар унинг даромади ҳисобланадими, уларга даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов ҳисоблаб ёзилиши керакми?

3. Корхона ўз маҳсулотини ходимларига таннархидан паст баҳоларда сотиши мумкинми?

Абдулмажид Х.,

«Ойдин зиё» МЧЖ бош бухгалтери.

 

– 1. 2010 йил 1 январдан Солиқ кодексининг (СК) 179-моддаси 31-бандига асосан жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган суммаларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШДС) солинмайди.

Мазкур имтиёзни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган, кейинги ўринларда – 2107-сон Низом) билан тартибга солинади.

Хусусан, 2107-сон Низомнинг 5-бандига асосан маблағ ўзининг ўқиши ёки ўз фарзандларининг ўқиши учун тўланганда солиқ чегирмаси жисмоний шахс – таълим олувчига, шунингдек агар ўқиш учун тўлов фақатгина таълим олувчи 26 ёшга тўлгунига қадар амалга оширилган бўлса унинг ота-оналарига берилади.

Демак, қайд этилган қоидаларда ходимнинг укаси ёки синглисининг олий ўқув юртида таълим олиши учун йўналтирилган маблағлар учун солиқ чегирмаси назарда тутилмаган.

Бироқ, СКнинг 171-моддаси иккинчи қисмининг 11-бандига асосан агар маблағлар Ўзбекистон олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри шартномалар бўйича пулли-контракт асосида талабанинг ўқиши учун ўтказилса, талабани ўқитиш харажатлари жисмоний шахснинг даромади сифатида қаралмайди ва унга ЖШДС солинмайди.

 

2. СКнинг 177-моддасига мувофиқ солиқ тўловчи томонидан юридик шахсдан моддий наф тарзида олинган даромадларга юридик шахс томонидан жисмоний шахс манфаатларини кўзлаб, товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақини, мулкий ҳуқуқларни тўлаш, шу жумладан санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қийматини, дам олиш, стационар ва амбулаторияга қатнаб даволаниш ҳақини ёки уларнинг ўрнини қоплаш қийматини тўлаш киради.

ЖШДСнинг солиқ солинадиган базаси жами даромаддан келиб чиқиб, СКнинг 179-моддасига биноан солиқ солишдан озод қилинган даромадларни чегирган ҳолда белгиланади. Унга мувофиқ жисмоний шахслар даромадларининг қуйидаги турларига солиқ солинмайди:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қийматини ногиронларга, шу жумладан мазкур корхонада ишламайдиган ногиронларга тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари ва бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, шунингдек ота-оналарнинг болалари билан дам олишига махсус мўлжалланган санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг 16 ёшга тўлмаган болалари (18 ёшгача бўлган ўқувчилар) учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммалари, туристик йўлланмалар бундан мустасно (2-банд);

ўз ходимларига ва уларнинг болаларига амбулатория ва (ёки) стационар тиббий хизмат кўрсатилганлиги учун иш берувчи томонидан тўланган суммалар, шунингдек юридик шахснинг даволаш ва тиббий хизмат кўрсатганлик, ногиронлик профилактикаси ва ногиронларнинг саломатлигини тиклашга доир техник воситаларни олиш учун қилинган харажатлари. Ходимларни даволаганлик, уларга тиббий хизмат кўрсатганлик учун юридик шахслар томонидан соғлиқни сақлаш муассасаларига нақд пулсиз ҳақ тўланган тақдирда, шунингдек соғлиқни сақлаш ташкилотлари томонидан ёзиб берилган ҳужжатлар асосида ушбу мақсадлар учун мўлжалланган нақд пул маблағлари бевосита ходимга, ходим йўқлигида, унинг оила аъзоларига, ота-оналарига берилган ёки мазкур мақсадлар учун мўлжалланган маблағлар ходимнинг банкдаги ҳисобварағига киритилган тақдирда, ушбу даромадлар солиқ солишдан озод қилинади (3-банд).

Юқорида баён этилганлардан келиб чиқадики, ота-оналарнинг болалари билан дам олишлари учун мўлжалланмаган бошқа санаторийларга йўлланмалар ходимнинг даромади ҳисобланади ва унга ЖШДС солинади. Санаторий-курортларда даволаниш йўлланмалари қиймати ва амбулаторияларда даволаниш моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланиши сабабли (СКнинг 177-моддаси) унга ижтимоий жамғармаларга доир мажбурий тўловлар (ЯИТ ва фуқароларнинг суғурта бадаллари) солинмайди.

3. Ҳа, корхонангиз ходимларига ўз маҳсулотини унинг таннархидан паст баҳоларда сотиши мумкин.

Фақат шуни ёдда тутингки, товарлар (ишлар, хизматлар) таннархидан паст нархларда корхона ходимларига реализация қилинганда солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин.

Хусусан, СК 177-моддасининг 3-бандига асосан товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) ходимларга реализация қилинадиган нархи ва шу товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) қиймати ўртасидаги салбий тафовут ходимнинг моддий наф тарзидаги даромади деб эътироф этилади ва унга ЖШДС солинади, лекин ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадалларига тортилмайди.

Шунга эътибор бериш керакки, бу ерда товарлар назарда тутилган бўлиб, жумладан хўжалик юритувчи субъектлар сотиш мақсадида ишлаб чиқарган товарлар ҳамда қайта сотиш учун харид қилинган товарлар ёки қайта сотиш мақсадида сақланаётган бошқа активлар товарларга киради (АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар» 2-сон БҲМСнинг 2-банди).

Бундан ташқари, 2010 йил 1 январдан бошлаб, таннархидан паст нархда товарларни сотишда ёки товарларни текинга беришда ягона солиқ тўловининг объекти бўлиб унинг сотиб олиш баҳоси ҳисобланади. Бунда баҳолари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солиниши назарда тутилган товарлар учун реализация қилишдан олинадиган тушум белгиланган баҳолардан (тарифлардан) келиб чиққан ҳолда аниқланади (СКнинг 355-моддаси).

 

МИСОЛ. Мебель ишлаб чиқариш корхонаси юбилей муносабати билан ўз ходимига юмшоқ мебель тўпламини 1 550 минг сўмга сотди. Тўпламнинг таннархи –

1 650 минг сўм.

СКнинг 177-моддаси биринчи қисми 3-бандига мувофиқ мебель тўпламини сотиш баҳоси ва таннархи ўртасидаги фарқ, яъни

100 минг сўм (1 650 – 1 550) ходимнинг даромади бўлиб ҳисобланади.

Ушбу сумма ходимнинг йил бошидан олган жами даромадига (ҳисоблаб чиқарилган иш ҳақига) қўшилиши ва унга умумбелгиланган тартибда солиқ солиниши керак. Шунингдек, мебель тўпламини сотиш баҳоси ва таннархи ўртасидаги фарқ фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобварақларига ажратмалар объекти ҳисобланиб, тегишли равишда ушбу ажратмалар суммасига бюджетга тўланиши лозим бўлган даромад солиғи камайтирилади.

Фарқ сифатида аниқланган ходимнинг ушбу даромадига (100 минг сўм) ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадали ҳисобланмайди.

Жавобни экспертимиз

Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.

Прочитано: 2526 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика