Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 11 / Бизнинг маслаҳатлар

Валютада қилинган харажатлар валюта тушумидан ошганда

«RUSO`ZBEKTEKS» корхонаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган бўлиб, асосий фаолияти ип газлама маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳисобланади (ХХТУТ бўйича коди – 17 116).

Фаолиятимиз давомида ип калава ярим тайёр маҳсулотни қуйидаги кўринишда реализация қилганмиз:

– 300 тонна пахта толаси 534  000 АҚШ долларига сотиб олинган (ўртача ҳар тоннаси – 1 780 АҚШ долларидан);

– ушбу 300 тонна пахта толасидан белгиланган нормага асосан ўртача 85 фоиз, яъни 255 тонна ип калава маҳсулоти ишлаб чиқарилган;

– 255 тонна ип калаванинг 150 тонна чет элга ҳар тоннаси 3 000 АҚШ долларидан жами 450  000 АҚШ долларига экспорт қилинган, 50 тонна эса ички бозорга ип қайта ишловчи тўқимачилик корхоналарига жаҳон нархида, яъни ҳар тоннаси 3 000 АҚШ долларидан жами 150  000 АҚШ долларига реализация қилинган, қолган 55 тонна ип калава ички бозорга ўртача тоннаси (ҚҚС билан) 8 500 000 сўмдан жами 467  500  000 сўмга реализация қилинган.

 Юқоридагилардан келиб чиқиб саволимиз қуйидагича:

Ички бозорга валютага сотилган ип калава маҳсулоти ҳам мажбурий сотиладими ва жами валюта тушумининг қанчасини мажбурий тартибда сотишимиз керак?

О.Олимов,

корхона директори.

 

– Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан хорижий валютадаги тушумни мажбурий сотиш тартибининг (ВМнинг 29.06.2000 йилдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган, кейинги ўринларда Тартиб) 2-бандида белгиланишича, корхоналар мажбурий сотишни товарлар ва хизматлар экспортидан олинган хорижий валютадаги тушумдан амалга оширадилар. Эътибор беринг, бу ерда фақат экспортдан тушган валюта тушуми мажбурий сотилиши назарда тутилган.

Хорижий валютадаги тушум деганда экспорт қилинган товарлар ва хизматлар учун корхоналарнинг ваколатли банклардаги ҳисобрақамларига ва кассаларига амалда тушган хорижий валютадаги пул маблағлари тушунилади.

Товарларни экспорт қилиш – Ўзбекистон Республикасининг божхона ҳудудидан товарларни қайта олиб кириш мажбуриятисиз олиб чиқишидир (СКнинг 22-моддаси).

Тартибга биноан буюртмачилардан олинадиган аванслар, контрактлар бўйича мажбуриятлар бажарилиши учун асбоб-ускуналар, техника, машиналар, қурилиш материаллари, ёқилғи, эҳтиёт қисмлар сотиб олиш, мутахассисларни хизмат сафарига юбориш учун банклар томонидан бериладиган кредитлар хорижий валютадаги тушум ҳисобланмайди ва мажбурий сотиш ҳисоблаб чиқиладиган базага кирмайди. Мажбурий сотиш миқдорини ҳисоблаб чиқиш, аванс тўловини ҳисобга олган ҳолда, буюртмачидан барча валюта тушуми тушгандан кейин амалга оширилиши назарда тутилган.

Тартибнинг 4-бандида мажбурий сотилишдан камайтирилиши керак бўлган хорижий валютадаги тушумлар келтирилган, жумладан:

а) корхоналар бўйича Ўзбекистон Республикасидан ташқарида божхона тартиботлари, юкларни транспортда ташиш, суғурталаш, экспедиция қилишга, воситачилик ҳақи бўйича харажатлар миқдорига, контрактларга мувофиқ хорижий банкларнинг ва Ўзбекистон Республикаси ваколатли банкларининг кредитлари учун фоизлар, шу жумладан, хорижий валютадаги кафилликлар фоизлари бўйича тўловлар миқдорига (муддати ўтказиб юборилган ва муддати кечиктирилган қарзлар фоизларидан таш-қари) камаяди;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин алмаштириладиган валютага хом ашё харид қилишга истисно тариқасида рухсат берилган корхоналар бўйича валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотиш миқдори экспорт қилинадиган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё ва материалларни республика ичида харид қилиш учун фойдаланиладиган валюта харажатлари миқдорига камаяди (Сизнинг ҳолатингизда камайтириладиган валюта суммаси 534 минг АҚШ долларини ташкил қилади).

Шунингдек, Президентнинг 21.11.2007 йилдаги «Пахта толасини республиканинг ички истеъмолчиларига сотишни такомиллаштириш ва тўқимачилик саноатини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-733-сон қарори билан «Ўзбекенгилсаноат» ДАК корхоналарига ички бозорда ярим тайёр тўқимачилик маҳсулотларини (калава, газмол, трикотаж полотно ва пахтани йигириш чиқиндиларини) шартнома тузиш пайтида таркиб топган жаҳон нархларидан паст бўлмаган нархларда эркин муомаладаги валютага (қўшилган қиймат солиғи нулинчи ставка бўйича қўшиб ҳисобланган ҳолда) сотиб олишга рухсат берилган. Шу муносабат билан 150 минг АҚШ доллари миқдоридаги ип калава ички бозорга сотилган. Ушбу тушум экспортдан тушган тушум ҳисобланмайди, чунки у экспорт тушуми бўлиши учун ип калава СКнинг 22-моддаси талаблари бўйича сотилиши керак.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ички бозорга ип калавани валютага сотишдан тушган тушум мажбурий сотилмайди.

Сизнинг ҳолатингизда валюта тушумидан мажбурий сотув амалга оширилмайди, чунки товарларни экспорт қилишдан тушган тушумдан қилинган харажат ошиб кетган (тушум 450 минг АҚШ доллари, сотиб олинган пахта толаси 534 минг АҚШ доллари).

 

Ушбу келтирилган мисол жадвалда қуйидагича кўринишга эга бўлади:

 

 

 

Йил

бошидан

бошлаб

 

Январь ойи учун

 

1. Хорижий валютада тушган тушум

450 000

450 000

2. Ќонун ҳужжатларига мувофиқ камайтирилиши керак, шу жумладан, берилган имтиёзларга мувофиқ (асосий имтиёз кўрсатилсин)

534 000

534 000

2.1. ВМ 245-сон қарорининг 4-бандига асосан мажбурий сотувдан камайтириладиган валюта тушумлари:

 

 

а) Ўзбекистон Республикасидан ташқарида божхона тартиботлари, юкларни транспортда ташиш, суғурталаш, экспедиция қилишга, воситачилик ҳақи бўйича харажатлар, контрактларга мувофиқ хорижий банкларнинг ва Ўзбекистон Республикаси ваколатли банкларининг кредитлари учун фоизлар, шу жумладан, хорижий валютадаги кафилликлар фоизлари бўйича тўловлар (муддати ўтказиб юборилган ва муддати кечиктирилган қарзлар фоизларидан ташқари) суммаси;

 

 

б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эркин алмаштириладиган валютага хом ашё харид қилишга
истисно тариқасида рухсат берилган корхоналар бўйича валюта тушумининг бир қисмини мажбурий
сотиш миқдори экспорт қилинадиган маҳсулотни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё ва материалларни республика ичида харид қилиш учун фойдаланиладиган валюта харажатлари миқдорига.

534 000

534 000

3. Бир қисми мажбурий сотилиши керак бўлган валюта миқдори (1-қатор – 2-қатор)

– 84 000

– 84 000

4. Валюта тушумини мажбурий сотиш ставкаси, фоизларда (100%, 50%)

50%

50%

5. Мажбурий сотилиши керак бўлган хорижий валютадаги тушум миқдори, хорижий валюта бирлигида
(3-қатор х 4-қатор : 100)

0

0

6. Амалда сотилади

0

0

7. Кам сотилди

0

0

8. Кўп сотилди (ортиқча сотилди)

0

0

 

 

 

Жавобларни экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.

 

Прочитано: 2892 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика