«SUV OQISHI» хусусий корхона сифатида рўйхатдан ўтказилган. «Хусусий корхона тўғрисида»ги Қонуннинг (2003 йил 11 декабрдаги 558-II-сон) 24-моддасига, СК 179-моддасининг 6-бандига биноан фойда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин хусусий корхона мулкдорининг тасарруфига келиб тушади.
Фойдани тақсимлашнинг даврийлигига чекловлар белгиланмаган. Биз кичик корхона сифатида исталган ҳисобот даври, масалан, биринчи ярим йил учун фаолият якунлари бўйича тақсимланмаган фойдадан муассисга дивидендлар ҳисоблаб ёзишни режалаштиряпмиз.
Мазкур операцияни Молиявий натижалар тўғрисида ҳисоботнинг қайси сатрида акс эттириш керак?
В.Саркисянц,
бош бухгалтер.
– Жорий йил фойдасидан мулкдорга дивидендлар ҳисоблаб ёзиш операцияси 8710-«Ҳисобот даврининг тақсимланмаган фойдаси» ва 6610-«Тўланадиган дивидендлар» ҳисобварақларига дахл этади ҳамда даромадлар ва харажатларни ҳисобга олувчи ҳисобварақларга дахл этмайди, айни шу боис Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботда (2-сон шакл)1 акс этмайди.
Дивидендларни ҳисоблаб ёзиш операциялари Хусусий капитал тўғрисидаги ҳисоботнинг (5-сон шакл) 090-сатрида акс этади.
Бироқ, корхонангиз кичик корхоналар сирасига кириши сабабли сиз фақат Бухгалтерия баланси (1-сон шакл) ва Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот (2-сон шакл)дан иборат йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этишингиз шарт (Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидалар). 5-сон шаклни корхонангиз тақдим этмаслиги керак.
1Молиявий ҳисобот шакллари ва уларни тўлдириш қоидалари молия вазирининг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган.
Жавобларни экспертимиз Игорь АИПКИН тайёрлади.