Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 9 / 2013 йил – Обод турмуш йили

Дастурнинг асосий мақсади – халқ фаровонлигини янада юксалтиришдир

 

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 14 февралда имзоланган қарорига мувофиқ қабул қилинган «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг иккинчи бўлимида аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг муттасил ўсишини таъминлаш, бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар ҳамда кам таъминланган оилаларни давлат томонидан манзилли ҳимоя қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар белгиланган.

 

2013 йилда бюджет ташкилотлари ходимлари иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини ўртача камида 23 фоизга ошириш кўзда тутилмоқда.

Даромадларнинг ўсиши бандликни ошириш орқали таъминланади.

2013 йилда бўш ва захира иш ўринлари ҳисобидан касб-ҳунар коллежларининг 500 мингдан ортиқ битирувчисини ишга жойлаштириш кўзда тутилган. Шу мақсадда коллежларга иқтисодиётнинг турли тармоқларида фаолият юритаётган 90 мингдан ортиқ корхона ва ташкилот бириктирилади. Касб-ҳунар коллежлари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамда корхоналар ўртасида уч томонлама шартномалар тузиш амалиёти кенгаяди.

Давлат дастурида иш билан банд бўлмаганларни касбга ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш кўзда тутилган. Мисол учун, жорий йилда Тошкентдаги Касб-ҳунарга ўқитиш марказида 600 нафар йигит-қиз машинасозлик, электроника, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, ахборот технологиялари каби соҳаларда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларни эгаллаши мумкин. 2013–2015 йилларда Самарқандда ҳам ана шундай 240 ўринли Касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Аҳоли бандлиги ва даромадларининг ўсиши кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга боғлиқ. 

«Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги Қонунга асосан иқтисодиётимизда хўжалик фаолиятининг оилавий корхоналар шаклидаги халқимиз менталитети ва анъаналарига тўлиқ мос келадиган янги ташкилий-ҳуқуқий шакли жорий этилди. Уларга кенг имтиёзлар, преференциялар ва кафолатлар берилди. Бунинг натижасида Қонун қабул қилинган пайтдан бошлаб ўтган ярим йил мобайнида мамлакатимизда 600 дан ортиқ шундай корхона ташкил этилди.

Давлат дастурида 2013 йилда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш учун жами 269,6 миллиард сўм ҳажмида, яъни 2012 йилдагига нисбатан 1,3 баробар кўп кредитлар ажратиш кўзда тутилмоқда. Коллеж ва лицейларнинг 15 минг нафардан ортиқ битирувчиси ўз бизнесини йўлга қўйиши учун жами 53,5 миллиард сўмлик кредитларга эга бўлади.

Ҳужжатда саноатни ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу дастурлар ҳудудлардаги корхоналар ўртасида саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, уларни Маҳаллийлаштириш дастурини бажаришга янада кенг жалб этиш, ҳудудий инвестиция дастурларини амалга ошириш, бўш ётган ишлаб чиқариш майдонлари негизида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, фойдаланилмаётган бино ва иншоотларни тадбиркорлик субъектларига узоқ муддатга ижарага беришга йўналтирилган.

 Корпоратив харидлар тизими кичик бизнесни ривожлантиришни рағбатлантиришнинг муҳим шаклларидан биридир.  2013 йилда тизимга жалб этилган соҳа субъектлари сонини 1,3 баробар кўпайтириш режалаштирилмоқда. Хусусан, устав фондида давлат улуши мавжуд бўлган 2 086 йирик корхонада корпоратив харидлар механизмини жорий этиш ва харидлар умумий ҳажмида кичик бизнес улушини 25 фоизга етказиш белгиланган.

 Бундан ташқари, саноат ярмаркалари ва кооперация биржаларида имзоланган шартномаларга мувофиқ 850 кичик ишлаб чиқариш корхонаси маҳсулотларини сотиш кўзда тутилган бўлиб, бу кичик корхоналар маҳсулотларини шундай шартномаларга асосан сотиш ҳажмларини 2012 йилга нисбатан 36 фоизга кўпайтириш имконини беради.

Қишлоқ хўжалигида кичик бизнесни янада ривожлантириш, фермерлик ҳаракати самарадорлигини ошириш, боғдорчиликка илғор технологияларни жорий этиш қишлоқ аҳолиси бандлиги ва даромадлари ўсишида муҳим ўрин тутади.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурида тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги соҳасига кредит ажратишни кенгайтириш ҳисобга олинган ҳолда, ҳудудларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни кўпайтириш, узумчилик, чорвачилик ҳамда ипакчиликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги корхоналарини модернизация қилиш ва техник қайта жиҳозлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Масалан, 6,7 минг гектар майдонда янги боғлар, 3,5 минг гектар майдонда интенсив боғлар, 6,8 минг гектар майдонда токзорлар яратиш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш орқали 15 минг нафар қишлоқ аҳолисини боғдорчилик фаолиятига жалб этиш режалаштирилмоқда. Ҳар бир қишлоқ туманида 10 мингта парранда парваришланадиган камида ўнта янги паррандачилик хўжалиги ва 500 асалари оиласи, ҳар бир ҳудудда камида 30-40 балиқчилик хўжалиги  ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни чуқурлаштириш, озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун янги корхоналар барпо этиш, мавжудларини реконструкция ҳамда модернизация қилиш бўйича умумий қиймати 94,5 миллиард сўмдан ортиқ 288  лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.

Бу борада ўтказиладиган саноат ярмаркаси, инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркалари, бошқа биржа ҳамда ярмарка савдоларида тадбиркорлар мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва қайта ишлайдиган замонавий мини-технологиялар ҳамда ихчам ускуналар етказиб бериш бўйича шартномалар тузиши мумкин.

Президентимиз Ислом Каримов Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан давлат ва жамият қурилиши тизимида кенг фойдаланиш ҳамда миллий ахборот маконини изчил ривожлантиришни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни жадал амалга ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган.

«Обод турмуш йили» Давлат дастурида G2G (давлат органларининг ўзаро), G2B (давлат органларининг тадбиркорлик субъектлари билан) ва G2С (давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар билан) ҳамкорлик йўналишлари бўйича «Электрон ҳукумат» тизимини жадал шакллантириш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳаларни амалга ошириш доирасида интернет тармоғида «бир дарча» режимида фаолият юритадиган Интерфаол давлат хизматлари ягона порталини яратиш кўзда тутилган. Электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини рўйхат ва ҳисобга олиш, лицензия ҳамда рухсатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш бўйича интерфаол хизматлар жорий этилади. Шунингдек, 2013 йилда FTTx технологияси бўйича кенг полосали оптик тармоқларни ривожлантириш ҳисобидан аҳолининг интерфаол хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш ишлари давом эттирилади.

«Обод тумуш йили» Давлат дастурининг мазкур муҳим бўлимида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши мамлакатимизни янада жадал ривожлантириш, Ўзбекистонда ҳар бир одам, ҳар бир оила фаровонлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

ЎзА материали асосида

 тайёрланди.

Прочитано: 2480 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика