Norma.uz

Таътил эмас, балки стаж камаяди

Ўтган йили мен раҳбариятнинг розилиги билан 3 ойга иш ҳақи сақланмайдиган таътил олдим. Ушбу давр ҳар йилги ҳақ тўланадиган меҳнат таътили кунларининг сони ҳисоб-китобида чегириладими?

Х.Исомиддинов.

 

– Йўқ, чегирилмайди. Иш берувчи ходимга тегишли ҳақ тўланадиган меҳнат таътилини ўзининг ташаббуси билан камайтиришга ҳақли эмас. Ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътил кунларининг сони ходимнинг аризасига кўра меҳнат шартномаси, штатлар жадвали, жамоа шартномаси (агар у корхонада мавжуд бўлса) ва иш берувчи томонидан тасдиқланган таътиллар жадвалига мувофиқ берилади (Меҳнат кодексининг (МК)133–140-моддалари).

Бироқ шуни ҳисобга олиш лозимки, корхона ёки ташкилотнинг юқорида саналган локал ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътил йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қўшилмайди (МК 142-моддасининг иккинчи қисми). Бинобарин, агар ходим бундай таътилда бўлган бўлса, унинг иш йили иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш даврига узайтирилади, бу ҳақда корхонанинг кадр хизмати юритиши шарт бўлган Т-2 шаклидаги карточкага белги қўйилиши керак.

Агар ушбу даврнинг охиригача ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинса, у таътилнинг ишланмаган кунлари учун олган пул маблағларини корхонага қоплашига тўғри келади. Иш берувчининг ташаббуси билан амалга оширилиб, ходимлар сони (штати) ўзгаришига ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келган меҳнат шароитлари ўзгариши муносабати билан ёки корхонанинг тугатилиши муносабати билан; соғлиғининг ҳолати ёки малакасининг пастлиги туфайли эгаллаган лавозимга мувофиқ эмаслиги; армияга чақирилиши; илгари ушбу лавозимда ишлаган ходимнинг ишга тикланиши; ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги муносабати билан (МК 164-моддаси иккинчи қисмининг 4-банди) ишдан бўшатишлар бундан мустасно.

Эслатиб ўтамиз, «иш йили» тушунчаси «календарь йил»дан жиддий фарқ қилади, чунки унинг бошланиши ходимнинг меҳнат шартномасига мувофиқ корхонада биринчи иш куни ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган, таътилни ҳисоблаб чиқариш учун стажда ҳисобга олинадиган даврлар жами билан белгиланади. Чунончи, «иш йили»га икки ҳафтадан кўп муддатга бериладиган иш ҳақи сақланмайдиган таътилдан ташқари, болани парваришлаш таътилида бўлиш, узрли сабабларсиз иш жойида бўлмаслик вақти ҳам, шу жумладан маъмурий ёки қамоқ тарзида жиноятга доир жазоланиш вақти кирмайди (МКнинг 142-моддаси).

 

ҲУЖЖАТ ТИЛИ БИЛАН

142-модда. Йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқариш.

Йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қуйидагилар киради:

иш йили давомида ҳақиқатда ишланган вақт;

ходим ҳақиқатда ишламаган бўлса ҳам, лекин унинг иш жойи (лавозими) сақланган вақт, бундан болани парваришлаш учун қисман ҳақ тўланадиган таътил ва иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътиллар мустасно;

меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганлиги ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилганлиги натижасида қилинган ҳақ тўланадиган мажбурий прогул вақти, башарти ходим кейинчалик аввалги ишига тикланган бўлса;

тармоқ келишувлари, жамоа шартномалари ва корхонанинг ўзга локал ҳужжатлари, меҳнат шартномасининг шартларида назарда тутилган бошқа даврлар.

Жамоа шартномасида, корхонанинг бошқа локал ҳужжатида, меҳнат шартномасида, хусусан, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган муддати икки ҳафтадан кўп бўлган таътил вақтини ҳам йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қўшиш назарда тутилиши мумкин.

Меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда йиллик қўшимча таътиллар олиш ҳуқуқини берадиган иш стажини ҳисоблаб чиқаришнинг алоҳида қоидалари назарда тутилиши мумкин.

 

150-модда. Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътиллар.

Ходимнинг аризасига биноан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади.

Қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади:

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили 14 календарь кунга қадар;

 

Уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар доираси ВМнинг 11.05.1994 йилдаги 249-сон қарори билан тасдиқланган.

 

ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига – ҳар йили 14 календарь кунга қадар;

2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга (234-модда);

12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга – ҳар йили ўн тўрт календарь кунга қадар (232-модда);

меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси.

Римма СОЛОДОВНИКОВА, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 2618 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика