Norma.uz

Электр тармоғига уланиш тартиби ўзгарди

Ишлаб чиқариш қувватларининг ошиши сабабли қўшимча электр қурилмасини ишга туширишим керак. Уни қандай қилиб электр тармоғига улаш мумкин? Ушбу масалани ким билан келишиш лозим?

Р.Бозорбоев, ХК директори.

– Жорий йилда электр тармоқларига уланиш тартиби ўзгарди. Президентнинг  «Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармонини (18.07.2012 йилдаги ПФ-4455-сон) бажариш учун Электр энергетикада назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғининг буйруғи* (АВ томонидан 15.01.2013 йилда 2411-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Тадбиркорлик субъектларининг электр қурилмаларини электр тармоқларига «бир дарча» тамойили бўйича улаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Илгари амал қилган Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қуввати 50 кВт гача бўлган электр қурилмаларини электр тармоқларига улашнинг соддалаштирилган тартиби тўғрисида низом (АВ томонидан 27.04.2011 йилда 2220-сон билан тасдиқланган) ўз кучини йўқотган деб топилди.

2411-сон Низом талаблари тадбиркорлик субъектларига (бундан кейин – истеъмолчилар), ҳудудий электр тармоқлари корхоналарига (бундан кейин – электр тармоқлари корхоналари) ва электр таъминоти корхоналарига, «Ўздавэнергоназорат» давлат инспекцияси ҳудудий бўлимларига ҳамда истеъмолчиларнинг электр қурилмаларини электр тармоқларига «бир дарча» тамойили бўйича улаш тартибида иштирок этадиган лойиҳа ва пудрат ташкилотларига тааллуқлидир. Мазкур Низом ички электр қурилмаларининг пудрат ишларини амалга оширишни назарда тутмайди.

Субистеъмолчиларнинг янги ёки қўшимча электр қурилмаларини истеъмолчиларнинг электр тармоқларига улаш худди «бир дарча» хизматидан фойдаланишни рад этган истеъмолчиларнинг (техник шартларни олишдан ташқари) электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш каби Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларига (ВМнинг 22.08.2009 йилдаги 245-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.

Энди исталган қувватдаги электр қурилмалари учун техник шартларни олиш учун талабнома тармоқларига истеъмолчи электр қурилмалари уланиши мўлжалланаётган электр таъминоти корхонасининг «бир дарча» хизматига тақдим этилади (илгари 10 кВт гача қувватга эга бўлган электр қурилмаларга эга истеъмолчилар талабномани электр таъминоти корхоналарига, 10 кВт дан 50 кВт гача бўлганлари – электр тармоқлари корхоналарига топширардилар). Талабнома, у келиб тушган куннинг ўзида рўйхатга олинади ва техник шартларни ишлаб чиқиш ва расмийлаштириш учун электр тармоқлари корхонасига юборилади, техник шартлар аввалгидек тўлов уздирилмасдан 3 иш куни ичида берилади.

Белгиланишича, агар электр қувватининг уланиши қўшни ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан келишиш заруратини туғдирса, ушбу келишув техник шартларни бераётган корхона томонидан истеъмолчини жалб этмаган ҳолда амалга оширилади. Аввалгидек, қўшимча қувватни улаш билан боғлиқ бўлмаган ва ишлаб турган электр тармоқларини реконструкция қилиш бўйича асосланмаган талабларни техник шартларга киритиш тақиқланган. Реконструкция қилиш зарурияти техник ҳисоб-китобларга асосан Лойиҳа билан аниқланади.

Истеъмолчига «бир дарча» хизмати томонидан таклиф этилган ёки бошқа ташкилотлардан лойиҳа ташкилотини танлаш имконияти берилади. Агар у хизмат томонидан тақдим этилган ташкилот билан шартнома тузган бўлса, техник шартлар ва расмийлаштирилган шартномани бир иш куни давомида ушбу лойиҳа ташкилотига юборади. Агар истеъмолчи бошқа ташкилотни танласа, унга ташқи электр таъминоти лойиҳасини расмийлаштириш учун техник шартлар тақдим этилади. Нима бўлганда ҳам лойиҳа ташкилоти лойиҳани қуйидаги муддатларда ишлаб чиқиши шарт (ҳисоб истеъмолчи тўлаган кундан бошлаб юритилади):

кучланиши 1 кВ гача ва қуввати 10 кВт дан юқори бўлган электр қурилмалар

учун – 15 кунгача;

кучланиши 6–10 кВ бўлган электр қурилмалар учун – 20 кунгача;

кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалар учун – шартномага мувофиқ.

Лойиҳа ташкилоти тўловни ундирмасдан ва истеъмолчини жалб этмасдан лойиҳани ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ва «Ўздавэнергоназорат» инспекцияси бўлими билан қуйидаги муддатлардан ошмаган ҳолда келишади:

кучланиши 1 кВ гача ва қуввати 10 кВт дан юқори бўлган электр қурилмалари учун – 3 иш куни;

кучланиши 6–10 кВ бўлган электр қурилмалари учун – 5 иш куни;

кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун – 7 иш куни.

Илгари ҳар бир келишувчи ташкилот билан лойиҳани келишиш муддати 3 иш кунидан ошмаслиги керак эди.

Лойиҳа келишилгандан сўнг бир иш куни давомида тегишли лойиҳа ташкилоти уни «бир дарча» хизматига келишув ҳужжатлари билан бирга тақдим этади.

2411-сон Низом билан электр тармоқларига улаш бўйича пудрат ишларини бажаришга талаблар белгиланган. Уларни истеъмолчининг танлашига кўра «бир дарча» хизмати таклиф этган ёки бошқа пудрат ташкилотлари бажариши мумкин. Агар истеъмолчи «бир дарча» хизмати томонидан таклиф этилган пудрат ташкилотининг бирини танласа, келишилган лойиҳа шартномани тайёрлаш учун пудрат ташкилотига юборилади (бунга 2 иш куни ажратилади). Истеъмолчи унинг шартларига рози бўлган тақдирда, «бир дарча» хизмати бир иш куни мобайнида пудрат ташкилотига келишилган лойиҳа ва расмийлаштирилган шартномани юборади. Агар истеъмолчи бошқа пудрат ташкилотини танласа, унга техник шартлар ва келишилган лойиҳани тақдим этади.

Шартнома имзолангандан кейин пудратчи қуйидаги муддатларда ишларни бажариши керак (истеъмолчи ҳақ тўлаган кундан бошлаб, агар шартномада истеъмолчи томонидан зарур материаллар берилиши назарда тутилган бўлса –шунингдек улар берилган кундан бошлаб):

кучланиши 1 кВ гача ва қуввати 10 кВт дан юқори бўлган электр қурилмалари учун – 15 кунгача;

кучланиши 6–10 кВ бўлган электр қурилмалари учун – 30 кунгача;

кучланиши 35 кВ ва ундан юқори бўлган электр қурилмалари учун – шартномага мувофиқ.

Кучланиши 1 кВ гача бўлган ташқи электр таъминоти бўйича пудрат ишлари электр таъминоти корхонаси томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Пудрат ташкилоти пудрат ишлари тугагандан сўнг «бир дарча» хизматига бу ҳақда маълум қилади ва у ўз навбатида бир иш куни давомида «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг ҳудудий бўлимига пудрат ишларининг тугаганлиги ҳамда электр қурилмалар кўрикдан ўтказилиб, эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисидаги далолатнома берилиши лозимлиги ҳақида ёзма хабар беради. Кўрикдан ўтказишнинг аниқ куни ҳамда вақти истеъмолчи билан келишилади. Илгари 10 кВт дан 50 кВт гача қувватли электр қурилмаларини эксплуатация қилишга далолатнома олиш учун истеъмолчи ариза билан «Ўздавэнергоназорат» инспекциясининг ҳудудий бўлимига мурожаат этар эди.

«Бир дарча» хизмати хабар берган вақтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида «Ўздавэнергоназорат» инспектори электр қурилмаларини кўрикдан ўтказиб, эксплуатация қилишга рухсат бериш тўғрисида тегишли далолатномани истеъмолчи ҳамда пудрат ташкилотининг ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг вакиллари иштирокида расмийлаштиради. Янги Низомда аниқлаштирилишича, кучланиши 1 кВ гача ва қуввати 10 кВт гача бўлган электр қурилмаларини улашда уларни эксплуатацияга қабул қилиш кўриги ўтказилмайди ва далолатнома тузилмайди.

Бундай ҳолларда истеъмолчининг электр таъминоти корхонасига ариза-мажбурият тақдим этиши кифоядир.

Агар электр қурилмалари кўрикдан ўтказилаётганда ҳеч қандай камчиликлар аниқланмаса, инспектор шу куннинг ўзида электр қурилмаларини эксплуатация қилишга рухсат берилиши ҳақидаги далолатномани 3 нусхада расмийлаштиради. Далолатноманинг битта нусхаси истеъмолчига, иккинчиси электр тармоқлари корхонасининг вакилига кейинчалик электр таъминоти шартномасини тузиш учун топширилади.

Электр таъминоти шартномаси тузилгандан кейин истеъмолчи электр энергиясидан фойдаланиши мумкин. Истеъмолчининг электр қурилмаларини электр тармоқларига улаш ва уларга кучланиш бериш истеъмолчининг раҳбари ёки электр хўжалигини хавфсиз эксплуатация қилиш учун жавобгар шахс иштирокида электр таъминоти корхонаси томонидан амалга оширилади. Уларнинг ва электр таъминоти корхонаси ходимларининг иштирокисиз электр қурилмаларни улаш тақиқланади.

 

*«Ўзбекистон қонун ҳужжатлари тўплами»нинг 21.01.2013 йилдаги 3-сонида расмий чоп этилган кундан бошлаб кучга кирди.

Сардор ЖУМАШОВ, эксперт-юристимиз.

Прочитано: 5202 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика