Norma.uz

Қарз даъво қилинганда

Харидор бизнинг МЧЖга олди-сотди шартномаси бўйича 2 000 000 сўм қарздор. Ушбу қарз 2012 йил ноябрида юзага келиб, яқинда 90 кун бўлади ва шундан сўнг у муддати кечиктирилган қарз ҳисобланади. Харидор тўлов кечикишини вақтинчалик молиявий қийинчиликлар билан изоҳлаяпти. Қандай қилиб биз энг кам чиқим билан қарзни суд орқали ундириб олишимиз мумкин?

 

– Амалиётда қарздор қарзини тан оладиган, бироқ уни уза олмайдиган ҳоллар кўп учраб туради. Мазкур вазиятда олди-сотди шартномаси мазмунига эътиборни қаратиш лозим. Агар унда низони ҳал қилишнинг мажбурий судгача (талабнома киритиш) тартиби назарда тутилган бўлса, сиз тегишли талабнома тайёрлашингиз ва уни қарздорга юборишингиз керак («Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Қонун1 17-моддаси, бундан кейин – Қонун). Қарздор талабнома олинган кундан бошлаб бир ой ичида уни кўриб чиқиши ва унга жавоб бериши керак. Даъво тўлиқ ёки қисман эътироф этилганда қарздор арзчига эътироф этилган суммани ихтиёрий равишда ўтказади.

Рад (қисман рад) жавоби олинган тақдирда ёки талабномага белгиланган муддатда жавоб олинмаган тақдирда, шунингдек хўжалик шартномалари юзасидан талабнома билдирмай ҳам хўжалик судига даъво аризаси берилиши ҳамда суд буйруғини олиш учун ариза тақдим этилиши мумкин (Қонуннинг 19-моддаси).

Сизнинг вазиятингизда жавобгар жойлашган жойдаги хўжалик судига суд буйруғини бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш ҳам, вақт бўйича ҳам суд чиқимлари бўйича камроқ харажатга олиб келади. Уни тайёрлаш ва беришда Хўжалик процессуал кодексининг (бундан кейин – ХПК) 14-боби талабларига амал қилиш керак.

Суд буйруғи кредиторнинг пул суммасини ундириш ёки ундирувни қарздорнинг мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ёхуд қарздордан низосиз талаблар бўйича мол-мулкни талаб қилиб олиш тўғрисидаги аризаси бўйича судья чиқарган ҳужжатдир. У қуйидаги афзалликларга эга:

1) аризани кўриб чиқиш суд муҳокамаси, қарздор ва ундирувчини чақириш ҳамда уларнинг тушунтиришларини тинглашсиз амалга оширилади;

2) аризани кўриб чиқишда давлат божи умумий тартибда даъво билан судга мурожаат қилиш чоғида низолашилаётган суммадан келиб чиқиб ҳисобланган ставканинг 50%ини (даъво суммасининг 2%ини) ташкил қилади. Суд буйруғини бериш учун эса унинг миқдори 1%дан ошмайди;

3) суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эгадир.

Ариза қарздор жойлашган жойдаги хўжалик судига ёзма шаклда берилади. У кредитор ёки унинг ишончномага асосан ҳаракат қиладиган вакили томонидан имзоланади. Аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) ариза берилаётган хўжалик судининг номи;

2) кредиторнинг, қарздорнинг номи ва уларнинг манзиллари;

3) кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби;

4) талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар (ундирувчи ва қарздор имзолаган, ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаси улардан биридир);

5) ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби;

6) илова қилинган ҳужжатлар рўйхати.

Қуйидаги масалага эътибор бериш жуда муҳим. ХПКнинг 105-моддасига кўра кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг нусхасини топшириши шарт. Уни топширганлик далили бўлиб қарздор раҳбарининг кредиторда қоладиган ариза иккинчи нусхасидаги муҳр билан имзоланган имзоси ҳисобланади. Шуни эътиборга олингки, аризанинг нусхаси алоқа воситалари орқали юборилган тақдирда судья ХПК 107-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига асосан суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади2.

Қарздор унга суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхаси топширилган пайтдан бошлаб 10 кунлик муддатда хўжалик судига кредитор талабларига қарши эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинган фикр-мулоҳазасини тақдим этишга ҳақли. Белгиланган муддатда қарздор томонидан фикр-мулоҳаза берилмаслиги, шунингдек унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади. Унга биноан ундирув буйруқ берилгандан кейин 10 кун ўтгач суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

129.08.1998 йилдаги 670-I-сон.

2ОХС Пленумининг «Биринчи инстанция судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида» қарори (15.06.2007 йилдаги 162-сон) 21-бандининг бешинчи хатбошиси.

Павел СИЛЬНОВ, адвокат.

Прочитано: 5303 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика