Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2013 год / № 5 / Адвокат нуқтаи назари

Шуъба корхонани эътироф этамизми ёки йўқми?

Тадбиркорлик бизнес ғоясидан бошланиб, уни амалга оширишга куч ва маблағлар сарфланади. Шу пайтда тадбиркор ҳам, худди инвестор каби, бизнесни қандай ташкил этиш, унинг учун қандай тузилмани танлаш кераклиги масаласи устида бош қотиради. Юридик шахснинг ривожланиши кўп жиҳатдан ташкилий-ҳуқуқий шаклни (бундан кейин – ТҲШ) тўғри танлашига боғлиқдир. Бошқарув, қарорлар қабул қилиш, олинган фойдани тасарруф этиш тартиби, айрим битимларни амалга ошириш имконияти у билан боғланган. Бундан ташқари, фаолиятнинг айрим ўзига хос турлари ТҲШни танлашни белгилаб беради. Чунончи, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш фермер ёки деҳқон хўжалигини ташкил этишни назарда тутади. Тижорат банклари эса акциядорлик жамияти шаклида барпо этилади. Айрим фаолият турлари билан фақат юридик шахслар шуғулланишлари мумкин.

 

Республикамизда фермер хўжалиги, масъулияти чекланган жамият, хусусий корхона, акциядорлик жамияти (очиқ ёки ёпиқ), шуъба корхона, давлат унитар корхона сингари ТҲШлар кенг тарқалган. Уларнинг ҳаммаси алоҳида қонун ёки ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинган (бундан шуъба корхона мустасно).

Шуъба корхона ҳуқуқий тартибга солиш етарли эмаслиги туфайли кўпинча бундай ТҲШнинг қонунийлиги ва зарурлиги масалалари юзага келади. Ҳолбуки шуъба корхона шаклидан нафақат МДҲ мамлакатларида, балки бошқа давлатларда ҳам фойдаланишади. Чунончи, Ғарбий Европада аниқ лойиҳаларни бажариш учун «subsidiary venture» ташкил этади.

Мамлакатимизнинг қонун ҳужжатларида ҳам шуъба корхона сингари ташкилий-ҳуқуқий шакл назарда тутилган. У:

  • «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг (25.04.1996 йил, 216-I-сон) 1-бандида;
  • «Чет эл инвестициялари тўғрисида»ги Қонуннинг (30.04.1998 йил, 609-I-сон) 7-моддасида;
  • «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун (25.05.2000 йил, 69-II-сон, 2.05.2012 йилдаги ЎРҚ-328-сон Қонун таҳририда) 5-моддасининг иккинчи қисмида;
  • Солиқ кодексининг 350-моддасида;
  • Президентнинг «Хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга бериладиган қўшимча рағбатлантириш омиллари ва имтиёзлар тўғрисида» Фармонида (30.11.1996 йил, ПФ-1652-сон) айтиб ўтилган.

Кўриб турибмизки, шуъба корхона ТҲШ қонуний мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга. Бироқ бирорта қонун ҳужжатида ШКга, унинг таъсис ҳужжатларига, устав фонди миқдорига, бошқарув тартибига, дивидендларни тақсимлашга доир талаблар ҳамда бошқа муҳим масалалар тартибга солинмаган. Бу эса шуъба корхонанинг бошқа ТҲШлардан фарқини аниқлашни мушкуллаштиради.

Ҳуқуқ соҳасидаги айрим мутахассислар шуъба корхона Фуқаролик кодексида назарда тутилмаганлиги сабабли у алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шакл ҳисобланмайди, деб уқтирадилар. Ҳолбуки ФКнинг 67-моддасида «Шуъба хўжалик жамияти» (ШХЖ) ТҲШ назарда тутилган: «Агар бир (асосий) хўжалик жамияти ёки ширкати иккинчи хўжалик жамиятининг устав фондида ундан устунлик мавқеига эга бўлган ҳолда иштирок этиши туфайли ёхуд улар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ё бўлмаса бошқача тарзда иккинчи хўжалик жамияти томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилаб бериш имконига эга бўлса, ушбу иккинчи хўжалик жамияти шуъба хўжалик жамияти ҳисобланади». Ушбу модданинг мазмунига кўра шуъба хўжалик жамияти аввало устав фонди унинг муассислари ўртасида тақсимланган жамиятдир (яъни бир нечта юридик шахснинг қўшма бирлашмаси).

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига шарҳлар муаллифлари таъкидлашича, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига кўра шуъба жамиятнинг фақат 3 тури мавжуд (акциядорлик жамияти, масъулияти чекланган жамият ва қўшимча масъулиятли жамият) ва фақат уларни шуъба хўжалик жамиятлари деб эътироф этиш мумкин ёки агар тижорат ташкилоти бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклга эга бўлса (масалан, ширкат), у ҳолда юридик шахс уни кейинчалик шуъба хўжалик жамияти деб эътироф этиш учун бирор-бир жамият турига айлантириши шарт.

Бундай хулоса бир қатор саволлар туғдиради. Жамиятни ким шуъба хўжалик жамияти деб эътироф этади? Жамиятнинг ўзими ёки давлат органи (рўйхатдан ўтказувчи ёки назорат қилувчи)? Жамиятнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклини ШХЖга ўзгартириш талаб қилинадими? Ва энг асосийси – шуъба хўжалик жамияти ташкилий-ҳуқуқий шакл ҳисобланадими?

Ўзбекистон қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиб айтиш мумкинки, ШХЖ ташкилий-ҳуқуқий шакл эмас, балки юридик шахснинг мақомидир. Ўз тузилмасини шуъба хўжалик жамияти деб эътироф этишни жамиятнинг ўзи ўз юқори бошқарув органининг қарори билан амалга ошириши керак. Энг асосийси эса – ШХЖнинг мавжудлиги жамиятнинг ўз ташкилий-ҳуқуқий шаклига таъсир кўрсатмаслиги керак. Айни шу боис ШХЖни мустақил ташкилий-ҳуқуқий шакл сифатида қарамаслик лозим.

Айни вақтда ШХЖни шуъба корхона билан аралаштириш мақсадга мувофиқ эмас, чунки шуъба корхонани юридик шахснинг алоҳида ташкилий-ҳуқуқий шакли деб эътироф этиш учун асослар бор.

Биринчидан, қонун ҳужжатларида шуъба корхонани мустақил хўжалик юритувчи субъект сифатида назарда тутадиган меъёрлар мавжуд.

Иккинчидан, ҳуқуқни қўллаш амалиётида шуъба корхона каби ташкилий-ҳуқуқий шакл кенг қўлланади. Республикамизда ҳозирдаёқ юзлаб ана шундай корхона ўз фаолиятини амалга оширяпти.

Учинчидан, шуъба корхона уни бошқа ТҲШ турларидан фарқлайдиган ўз хусусиятларига эга.

Тўртинчидан, шуъба корхона кўринишидаги ТҲШ МДҲ ва олис хориж мамлакатларида кенг тарқалган.

Шуъба корхонанинг ҳуқуқий табиати, унинг хусусиятлари ва фарқловчи белгиларини кўриб чиқамиз.

Мулкий асос – шуъба корхона хусусий мулк субъектидир. Муассис унга мол-мулкни эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этишни назарда тутувчи хўжалик юритиш ҳуқуқида беради. Айни шу билан ШК давлат унитар корхонасидан фарқ қилади.

Турлар бўйича ШК фаолиятининг асосий мақсади фойда олиш бўлган тижоратчи юридик шахсларга киради.

Муассислар таркиби – ШКнинг муассислари мулкчилик шаклидан қатъи назар, фақат юридик шахслар бўлиши мумкин. Бунда уни маҳаллий ҳамда чет эллик юридик шахслар туза оладилар.

Бундай чеклов бир нечта омил билан боғлиқ. Ҳуқуқни қўллаш амалиётида шуъба корхонани фақат юридик шахслар тузганлар. Номи ҳам шундан олинган – у мавжуд корхонанинг корхонаси ҳисобланади. Жисмоний шахслар таъсис этган юридик шахс асосан хусусий корхона ёки масъулияти чекланган жамият шаклида тузилади.

Шуъба корхона муассисларининг сони ҳам жуда муҳим. Амалиётда кўпчилик шуъба корхоналар бир муассис – мол-мулк эгаси томонидан тузилган. Ушбу далилни асосий дастур деб қабул қилиб, шуъба корхона якка муассисли ТҲШга киради деб қайд қилиш мумкин.

Амалиётда шуъба корхонанинг таъсис ҳужжати бўлиб якка муассис тасдиқлайдиган унинг устави ҳисобланади, унда ушбу ҳужжат учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча маълумотлар акс эттирилиши керак.

Таҳлилимизга якун ясаб шуни таъкидлаш мумкинки, қонун ҳужжатларида шуъба корхонани тадбиркорлик субъекти сифатида ташкил этишни назарда тутадиган меъёрлар мавжуд, ҳуқуқни қўллаш амалиёти эса уни тузиш ва бошқаришнинг энг муҳим масалаларини ишлаб чиққан. Шундай бўлса-да, шуъба корхонанинг ҳуқуқий аҳволи, уни тузиш ва фаолиятининг хусусиятлари, муассиснинг, ижро этувчи органнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, даромадларни тақсимлаш, йирик битимлар ҳамда манфаатдорлик бўлган битимларни тузиш сингари масалаларни белгилайдиган қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур деб ҳисоблайман. Зеро, шуъба корхона тадбиркорлик субъекти сифатида амалиётда ўзининг зарурлиги ва долзарблигини исботлаган ташкилий-ҳуқуқий шаклдир.

 

1Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига шарҳлар. Юридик фанлар доктори Ҳ.Р.Раҳмонқулов, ҳуқуқ доктори Ш.М.Асьянов таҳририда. Тошкент, 2010 йил. «ART FLEX» нашриёти. 189-саҳифа.

Азизбек ҚУРБОНОВ,

                                                                     «Business Legal Advisers» адвокатлик фирмасининг директори.

Прочитано: 3156 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика