Norma.uz

Бир йилга... таътил

Мен хусусий корхонада ишлайман. Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бир йилга таътил олишим мумкинми? Ёки бирор-бир чеклашлар мавжудми?

Мария.

– Албатта, агар иш берувчи рози бўлса, олишингиз мумкин.

Иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши* Меҳнат кодекси (МК)нинг 150-моддасида назарда тутилган, унга кўра ходимнинг аризасига биноан унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин. Унинг муддати ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Ходимнинг ёзма аризаси таътил учун асос бўлиб ҳисобланади, унда ходимнинг ушбу илтимос билан мурожаат қилишга ундаган сабаблар кўрсатилиши керак.

Агар сизнинг 3 ёшга тўлмаган болангиз бўлса ва сиз болангиз уч ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқмоқчи бўлсангиз, иш берувчи сизга таътил бериши шарт (МК 234-моддасининг иккинчи қисми). Агар болани парваришлашни боланинг отаси, бувиси, буваси ёки бошқа қариндошлари амалга ошираётган бўлса, бунинг учун бериладиган таътиллардан улар ҳам фойдаланишлари мумкин.

Жамоа шартномасида ходимнинг аризасига биноан оилавий сабабларга кўра иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилнинг сўзсиз берилиши тўғрисида қоида баён этилиши мумкин. У ҳақ тўланадиган йиллик таътилдан ташқари берилади. Бироқ, агар корхонанинг локал ҳужжатлари, меҳнат шартномасида бошқа қоидалар назарда тутилмаган бўлса, МКнинг 142-моддасига кўра, ходимнинг аризасига кўра иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган, муддати 2 ҳафтадан кўп бўлган таътил вақти йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига киритилмайди.

Ходимнинг иш ҳақи сақланмайдиган таътили вақтида иш жойи (лавозими) сақланади. Бунинг маъноси шуки, ушбу даврда у билан меҳнат шартномасини, бундан ташкилот тўлиқ тугатиладиган ҳоллар мустасно, иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиб бўлмайди (МКнинг 100-моддаси).

Иш берувчи ҳар қандай ҳолатларда ҳам ходимни у берган аризада баён этилган розилигисиз иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқаришга ҳақли эмас.

МКнинг 150-моддасида иш берувчи бундай таътил беришга мажбур бўлган шартлар белгиланган. Қуйидаги ходимларга уларнинг хоҳишига кўра, иш ҳақи сақланмаган ҳолда муқаррар тартибда таътил берилади:

  • 1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахсларга – ҳар йили 14 календарь кунга қадар;
  • ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига – ҳар йили 14 календарь кунга қадар;
  • 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган болани парвариш қилаётган аёлларга (МКнинг 234-моддаси);
  • 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёлларга – ҳар йили 14 календарь кунга қадар (МКнинг 232-моддаси);
  • меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда, шунингдек меҳнат шартномаси шартларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.

1941–1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга ҳамда ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил ҳар йили уларнинг хоҳишига кўра исталган вақтда берилади.

12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга уларнинг хоҳишига кўра, ҳар йили 14 календарь кундан кам бўлмаган муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади. Бундай таътил йиллик таътилга қўшиб берилиши ёки иш берувчи билан келишиб белгиланадиган даврда ундан алоҳида (тўлиқ ёхуд қисмларга бўлиб) фойдаланилиши мумкин (МК 232-моддасининг иккинчи қисми).

Кириш имтиҳонлари топширишга рухсат этилган ходимларга олий ўқув юртларига кириш учун камида 15 календарь кун, ўрта махсус ўқув юртларига кириш учун эса – камида 10 календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади, ўқув юртлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу ҳисобга кирмайди (МКнинг 254-моддаси).

Бундан ташқари, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётган ходимларга диплом лойиҳасига материаллар тўплаш учун 30 календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади (МК 256-моддасининг иккинчи қисми).

Таҳририятдан. Узоқ муддатга сизга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш илтимоси баён этилган ариза бераётганда шуни ҳисобга олингки, пенсияга чиқишни расмийлаштириш чоғида ушбу давр сизнинг меҳнат стажингизга киритилмайди, чунки бу вақтда сиз ижтимоий тўловларни амалга оширмагансиз.

 

*Одатда, бундай таътил тури «ўз ҳисобидан» ёки «иш ҳақи сақланмайдиган таътил» деб аталади.

Ленара ХИКМАТОВА,

                                                                                                                                                                  юрист.

Прочитано: 4771 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика