Ишнинг моҳияти
«Г» МЧЖ ҚК ўтган йил январида чет эл компанияси билан кўп функцияли агрегат – кичик юк машинасини етказиб беришга шартнома тузди. 15 майда корхона унга «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона юк декларациясини расмийлаштирди ва 12 309 858 сўм божхона божини тўлади.
«Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг1 33-моддасида чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулк учун божхона божидан озод қилиш тарзида имтиёз назарда тутилган. Уни қўллаш учун «Г» МЧЖ 14 июнда «Ўзбекэкспертиза» ОАЖ томонидан берилган, кичик юк машинаси ўзининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кирилганлигини тасдиқлайдиган сертификат олди.
6 июлда у Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармасига (бундан кейин – ДБҚБ) тўланган божхона хизматларини қайтариш тўғрисида хат ва сертификат юборди. ДБҚБ тўловларни қайтаришдан бош тортиб, буни БЮДни расмийлаштириш пайтида тегишли сертификат тақдим этилмаганлиги билан далиллади. «Г» МЧЖ ҚК (бундан кейин – Даъвогар) Тошкент шаҳар Хўжалик судига ДБҚБдан (бундан кейин – Жавобгар) ўз фойдасига 12 309 858 сўм божхона божи ва
2 461 971 сўм ортиқча тўланган ҚҚСни ундириш даъвоси билан мурожаат қилди.
Даъвогарнинг позицияси
136-сон Низомнинг 17-бандида белгиланишича, сертификат мол-мулк Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан ўтган кундан бошлаб 12 ойдан кечикмай берилиши мумкин. Даъвогар сертификатни кичик юк машинаси олиб кирилгандан кейин бир ойдан кейин олган ва у тўланган божхона божини қайтариш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланади.
Агар 136-сон Низомда сертификатни божхона органига божхона ҳужжатларини расмийлаштиришгача ёки ундан кейин тақдим этиш тартиби кўрсатилмаган бўлса, чет эллик инвестор уни исталган вақтда тақдим этиш ҳуқуқига эгадир. Мазкур ҳуқуқ Президентнинг 24.08.2011 йилдаги ПФ-4354-сон Фармони қоидаларидан келиб чиқади, унда белгиланишича, тадбиркорлик субъектларининг барча даражадаги давлат бошқарув органлари, ҳуқуқни сақлаш ва назорат органлари, тижорат банклари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барча бартараф этилмайдиган зиддиятлари ва ноаниқликлари тадбиркорлар фойдасига талқин қилинади.
Рад этиш учун асос сифатида Божхона кодекси (БК)нинг 4-моддасини қўллаш ДБҚБнинг жуда қўпол хатосидир, чунки БЮД расмийлаштирилган кунда «Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси амал қилган, унда чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарни улар ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган мол-мулкни божхона божидан озод қилиш тарзидаги имтиёз назарда тутилади ва сертификат олиш тартибини белгилаган 136-сон Низом ҳам амал қиларди.
БЮД расмийлаштирилаётганда 6 582 257 сўм ҚҚС ҳам тўланган. БК 106-моддасининг иккинчи қисмига кўра эса, «қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш учун товарнинг божхона қиймати асос бўлиб, унга тўланиши лозим бўлган бож қўшилади». Бинобарин, божхона қиймати ошганлиги туфайли божхона божи суммасига тўланган 2 461 971 сўм ҚҚС қайтарилиши керак.
Жавобгарнинг позицияси
Даъвогар сертификатни БЮД расмийлаштирилганидан кейин тақдим этган, БКнинг 4-моддасига биноан эса, божхона ишида божхона органи божхона декларациясини ва бошқа ҳужжатларни қабул қилиб олаётган куни амалда бўлган қонун ҳужжатлари қўлланилади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Хорижий инвесторлар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар томонидан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинаётган мол-мулкни аниқлаш тартиби тўғрисида низомда2 (бундан кейин – 136-сон Низом) сертификат божхона органига қайси вақтда тақдим этилиши кераклиги кўрсатилмаган.
Юқорида баён этилганлар сабабли божхона божи тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзларни қўллаган ҳолда БЮДни қайта расмийлаштириш имкони мавжуд эмас.
Юристнинг шарҳи
Бизнинг фикримизча, мазкур низо бундай ҳолатлар қонун ҳужжатларида етарлича тартибга солинмаганлиги туфайли юзага келган. Баён этилганга ўхшаш ҳолларда чет эллик инвесторлар ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар кўрадиган зарар республикада қулай инвестиция муҳитини барпо этишга салбий таъсир кўрсатади.
Мазкур ҳолда ҳуқуқни тасдиқлаш ва божхона божларини тўлашдан озод қилиш тарзидаги имтиёзни қўллаш учун сертификат ва бошқа ҳужжатларни божхона органига тақдим этиш пайтини қонун ҳужжатларида аниқлаштириш мақсадга мувофиқ бўларди. Мазкур масалани ҳал этиш зарурлигини божхона органлари, судлар ва бошқа давлат органлари ҳам қўллаб-қувватлаяптилар, зеро уларнинг фаолияти тахминларга эмас, балки ҳаракатнинг аниқ тартибини белгилайдиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиши керак.
Қонун ҳужжатларида бундай ҳолатлар етарлича тартибга солинмаганлиги боис чет эллик инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши мумкин, улар муайян вазиятда қонун ҳужжатлари билан белгиланган ҳаракат қилишнинг аниқ ва қатъий механизмига эга бўлмаганликлари сабабли ҳуқуқ меъёрларини ўзларича тушунишдан келиб чиқиб ҳаракат қилишлари мумкин, бу эса давлат органлари мансабдор шахсларининг талқинига мос келмаслиги мумкин.
Суднинг қарори
Биринчи инстанция суди иш бўйича далилларни ўрганиб, иккала тарафнинг фикрларини тинглаб, қуйидаги асосларга кўра даъво талабларини қондиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
«Бож тарифи тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддаси ва 136-сон Низом нормаларида божхона расмийлаштирувидан кейин сертификатни тақдим этиш илгари тўланган божхона божини қайтариш учун асос бўлиб хизмат қилиши белгиланмаган.
Имтиёз бериш масаласи товарларнинг уни қўллаш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар асосида божхона расмийлаштируви чоғида ҳал қилинади. Божхона расмийлаштируви пайтида уларнинг йўқлиги имтиёзни қўллаш учун асосларнинг мавжуд эмаслигини англатади.
Шу тариқа, мазкур иш бўйича имтиёз ҳуқуқининг бор-йўқлигини эмас, балки илгари тўланган бож суммасини қайтариш учун асос бор-йўқлигини белгилаш зарур. Қонун ҳужжатларида олиб кирилган товарлар бўйича илгари тўланган бож суммасини қайтариш учун асослар қайд этилмаганлигини, уларнинг божхона расмийлаштируви чоғида имтиёз қўлланмаганлигини ҳисобга олиб, суд Даъвогарнинг талабини қондиришни мумкин деб топмади.
129.08.1997 йилдаги 470-I-сон.
2ВМнинг 16.05.2011 йилдаги 136-сон қарори билан тасдиқланган.
Алишер УБАЙДУЛЛАЕВ,
«VICTORY YURCONSALT»
МЧЖ юрисконсульти.