Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг янги йил байрами арафасидаги кенгайтирилган мажлисида Марказий банк ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги (ТИАИСВ) раҳбарларининг мамлакатимиздаги электрон тўловлар ва электрон тижорат тараққиёти тўғрисидаги ахбороти тингланди. Мажлисда депутатлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, Марказий банк ва тижорат банкларининг, бизнес ҳамжамоаларининг, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирок этдилар.
Қўмита раиси Абдурашид Жўрабоев мажлисни очар экан, мамлакатимизда электрон тижорат, электрон банкинг ва электрон савдо роли ортиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Миллий иқтисодиётни ахборотлаштиришни тартибга солувчи қонун ҳужжатларимиз такомиллашиб бораётганлиги ҳам бунга кўп жиҳатдан ёрдам бермоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Интернетнинг кенг саҳифали хизматларидан фойдаланиш имконини берадиган портлардан фойдаланилмоқда. Туркум коммутацияси халқаро марказларининг ўтказиш қобилияти 4 баравар ошди, халқаро Интернет тезлиги эса секундига 5,61 Гбит га етказилди. Хўжалик юритувчи 945 та субъект Интернетдан эркин фойдаланиш билан боғлиқ хизматлар кўрсатмоқда. Эндиликда Интернет хизматларидан фойдаланаётганлар сони 9,2 млн дан ошди.
Ҳукумат қарори билан Марказий банк зиммасига электрон тўловлар соҳасида, ТИАИСВ зиммасига эса электрон тижорат соҳасида ваколатли давлат органи вазифаси юклатилган.
Электрон тўлов тизимлари тўғрисида
Марказий банк раисининг ўринбосари Шуҳрат Ҳайдаров электрон тўлов тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида ахборот берди. 2012 йил 1 декабрга бўлган ҳолатга кўра банк соҳасида 8 683 017 пластик карточка эмиссия қилинди, уларга 112 661 та савдо терминали хизмат кўрсатмоқда. Жорий йилнинг бошларида ана шу кўрсаткичлар тегишинча 8 276 490 ҳамда 99 688 эди. Банк ахборот дўкончалари сони йил бошидан буён 4 мартадан ҳам кўпроқ ортди ва 1 декабрга бўлган ҳолатга кўра 1 082 ни ташкил этди (2011 йил якунлари бўйича уларнинг сони 262 та эди).
Тўловлар қабул қилиш бўйича 25 минг агентлик филиалларига эга бўлган Халқ банки бугунги кунда уяли алоқа хизматлари, Интернетдан фойдаланиш, IP-телефония, коммунал хизматлар, суғурта, телевидение хизматлари ҳамда реал вақт режимидаги бошқа турдаги хизматлар ҳақини тўлаш имкониятини таъминламоқда. Ҳар куни ўрта ҳисобда умумий миқдори 6,5–7 млрд сўмга борадиган 2,5–3 млн пул ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.
Банклар ҳисобварақларни масофадан туриб бошқариш бўйича хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтирмоқдалар. 1 декабрга бўлган маълумотларга кўра «Интернет-банкинг»дан фойдаланувчилар сони 36 144 ни, «SMS-банкинг»дан фойдаланувчилар эса 44 568 ни ташкил этди (йил бошида уларнинг сони тегишинча 35 510 ва 43 348 эди). 11 та банк «SMS-банкинг» тизимига уланди, 3 та банкда эса бу тизим тест режими асосида фаолият кўрсатмоқда.
Ҳозир мамлакатимизда Uzkart ягона банклараро тўлов тизими EMV стандартига ўтган ҳолда фаолият кўрсатиб келмоқда ва ривожланиб бормоқда. Бу тизим микрочип модулли банк карточкалари билан ҳисоб-китобни амалга ошириш учун 30 та тижорат банкининг тўлов тизимини бирлаштириб турибди. 1 декабрга бўлган ҳолатга кўра Uzkart-EMV онлайн карточкалари сони 532 454 донани ташкил этди, Uzkart-EMV негизида 78 071 терминал рўйхатга олинган.
Битим интернет орқали тузилса
ТИАИСВнинг жаҳон бозорлари маркетинги ва прогнози, барқарор шериклик муносабатларини ривожлантириш бош бошқармасининг бошлиғи Бекзод Очилов Ўзбекистондаги электрон тижорат ҳолати, муаммолари ва уни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида ахборот берди. Мамлакатимизда электрон тижорат юритиш учун ТСОЯЭАТ, Транзит товарлари ва транспорт воситаларининг ягона автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилди. Иқтисодиётнинг реал секторига мансуб корхоналарни иш билан таъминлаш, уларнинг барқарор фаолият юритиши ҳамда экспорт салоҳиятини кўпайтириш учун Республика товар-хом ашё биржаси ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар томонидан мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг доимий ишловчи Uzbek.com электрон Интернет-майдончаси ташкил этилди. Ҳозирги вақтда электрон савдо тизимида тузилган биржа битимлари улгуржи савдоларнинг 40 фоиздан ҳам ортиғини қамраб олмоқда.
ТИАИСВ ҳузуридаги ташқи савдо компаниялари ва пахта терминаллари «Инфомарказ» ягона тизимига бирлаштирилган бўлиб, бу тизим тузилган экспорт контрактлари, уларнинг ижроси ҳақида, шунингдек пахта толаси ортилгани тўғрисида онлайн-ахборот олишни таъмин этмоқда.
ДБҚ ҳузурида электрон декларациялаш портали ташкил этилган. Божхона брокерлари Интернет орқали ана шу порталга электрон рақамли имзони ўз ичига олган USB-калит ёрдамида киришлари мумкин.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспортини кенгайтириш учун 2010 йили ТИАИСВ exporter.uz Интернет порталини ишга туширди. Унга биздаги 1 655 корхона ишлаб чиқараётган 5 700 дан ортиқ товарлар ҳақида ахборот жойлаштирилган. Ана шу портал фаолият кўрсатиб келаётган вақт ичида харид қилиш учун 1 000 дан ортиқ сўров келиб тушди. Шу сўровларни ишловдан ўтказиш якунлари асосида ташқи савдо компаниялари умумий қиймати 2 млн доллардан ортиқ шартнома туздилар. Портал ёрдамида жами 17 млн АҚШ долларидан ҳам зиёдроқ миқдордаги товарлар экспорт қилинди.
Б.Очилов электрон савдо самарадорлигини ошириш юзасидан Вазирлик таклифларини йиғилиш аҳлига маълум қилди. Унга кўра электрон тижоратнинг Интернет платформаларини давлат даражасида ривожлантириш, уларни халқаро платформалар билан интеграциялаш, «бир дарча» принципи асосида хизмат кўрсатиш имконини берадиган электрон ҳужжат айланиши тизимини барпо қилиш ва амалиётга жорий этиш; электрон тижорат жабҳасида иштирок этаётган корхоналарни рағбатлантириш; норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш зарур.
Соҳа муаммолари
Анжуманда депутатлар электрон тижорат ва электрон тўловлар соҳасида ижобий тамойиллар билан бир қаторда жабҳанинг изчил ривожланишига монелик қилаётган қатор муаммолар борлигини ҳам таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, Ўзбекистонда асосий иш «Бизнес-мижоз» деб юритилувчи В2С1 модели бўйича чакана сектор доирасида олиб борилмоқда. «Бизнес-бизнес» деб юритилувчи В2В2 электрон бизнес модели «панароқда қолиб кетмоқда». Европада В2В сектори тизими инфратузилмасининг технологик амал қилишида EDI маълумотларни электрон алмашиниш халқаро стандартларига асосланилмоқда. Бизда эса ундан амалда фойдаланилмаяпти ҳисоб.
Интернет орқали тузилган битимларга солиқ солишни, электрон тўловлар тартибини, буюртма (ҳақи тўланган) товар етказиб беришни тартибга солиш долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Электрон битимлар тузилганда қандай солиқлар ва бож тўловлари ундириб олиш ва бунда кимни Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб ҳисоблаш жоизлигини миллий қонун ҳужжатларида аниқ белгилаб қўйиш фурсати келди.
Давлат органларининг электрон тижоратда яхши иштирок этмаётганлигини соҳа равнақ топишига тўғаноқ бўлаётган омиллардан бири деб айтилди. Шу кунга қадар ТИАИСВ, банклар ва божхона органлари электрон контрактларни ҳисобга қўйиш, уларнинг ижросини мониторинг ва назорат қилиш масалаларини ҳал этишмаган. Мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар учун электрон паспортларнинг давлат стандарти ҳам ишлаб чиқилмаган. Электрон усулда амалга оширилаётган тўловлар бўйича имтиёзлар ва преференцияларнинг аниқ рўйхати йўқ. Бозор муносабатларини электрон ҳужжатлар билан тасдиқлаш орқали давлат йўли билан тартибга солиш борасида электрон тижорат кўникмаларига эга бўлган кадрлар билан боғлиқ муаммолар ҳам мавжуд. Электрон рақамли имзоларнинг ишончли (учинчи) тарафи ягона маркази, электрон тўловлар суғуртаси ҳам мавжуд эмас. Онлайн-терминаллари инфратузилмаси ҳам ривожланмаган.
Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олиб, Қўмита қонунчиликни такомиллаштиришга ва унинг ҳуқуқни қўлланиш амалиётини мукаммаллаштиришга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилди.
Гулнора АБДУНАЗАРОВА,
парламентдаги мухбиримиз.