Norma.uz
Газета СБХ / 2012 год / № 52 / Ўқув бурчаги

Ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқлар

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ масалалари Солиқ кодексининг (СК) 43-боби билан тартибга солинади.

 

Умумий қоидалар

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида конларни аниқлаш ва қидириш, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, минерал хом ашёдан ва (ёки) техноген минерал ҳосилалардан фойдали компонентларни ажратиб олишни амалга ошираётган, шунингдек фойдали қазилмалардан фойдали компонентларни ажратиб олган ҳолда уларни қайта ишлашни амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахслар солиқ солиш мақсадида ер қаъридан фойдаланувчилардир.

Ер қаъридан фойдаланувчилар қуйидаги солиқлар ва махсус тўловларни тўлайдилар:

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

қўшимча фойда солиғи;

бонус (имзоли ва тижоратбоп топилма бонуслар).

«Ер ости бойликлари тўғрисида»ги Қонуннинг 21-моддасида ер қаъридан фойдаланиш пуллик эканлиги кўрсатиб ўтилган.

 

Солиқ тўловчилар

– ер қаъридан фойдали қазилмаларни кавлаб олаётган, минерал хом ашёдан ва (ёки) техноген минерал ҳосилалардан фойдали компонентларни ажратиб олаётган ер қаъридан фойдаланувчилар;

– фойдали қазилмалардан фойдали компонентларни ажратиб олган ҳолда уларни қайта ишлашни амалга ошираётган ер қаъридан фойдаланувчилар.

 

Солиқ солиш объекти

Кавлаб олинган (ажратиб олинган) тайёр маҳсулотнинг ҳажми ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солиш объектидир. Тайёр маҳсулотлар рўйхати республика Президентининг қарори билан белгиланади.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси белгиланган ва реализация қилиш ёки топшириш, шу жумладан бепул бериш, шунингдек маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида ўз истеъмоли ва бошқа эҳтиёжлари учун мўлжалланган фойдали қазилма (фойдали компонент) тайёр маҳсулот деб эътироф этилади.

Солиқ солиш объекти тайёр маҳсулотнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида аниқланади.

Углеводородлар учун солиқ солиш объекти қуйидагилардир:

саноат йўсинида дастлабки қайта ишловдан ўтказилган кавлаб олинган углеводородлар, шу жумладан қўшилиб чиқадиган фойдали қазилмалар ва фойдали компонентлар;

углеводородларни қайта ишлаш жараёнида ажратиб олинган, лекин олдинги кавлаб олинганда ва қайта ишланганда қайта ишланадиган фойдали қазилмалар таркибида тайёр маҳсулот сифатида солиқ солинмаган фойдали компонентлар.

Қатламдаги босимни сақлаб туриш ва (ёки) углеводородларни тугал технологик жараён доирасида ажратиб олиш учун маҳсулдор қатламга қайта ҳайдаб киритиладиган табиий газ ҳажми солиқ солиш объекти бўлмайди.

Ажратиб олинган қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар, шу жумладан уларнинг техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олинганлари қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар учун солиқ солиш объектидир.

СК 244-моддасининг олтинчи қисмида кўрсатилганлардан таш­қари, қуйидагилар қаттиқ фойдали қазилмалар бўйича солиқ солиш объектидир:

кавлаб олинган (шу жумладан қўшилиб чиқадиган) фойдали қазилмалар;

фойдали қазилмалардан, минерал хом ашёдан, техноген минерал ҳосилалардан ажратиб олинган фойдали компонентлар.

Солиқ тўловчиларга берилган ер участкалари доирасида кавлаб олинган ҳамда ўзининг хўжалик ва рўзғор эҳтиёжлари учун фойдаланилган кенг тарқалган фойдали қазилмалар солиқ солиш объекти бўлмайди.

Кенг тарқалган фойдали қазилмалар рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

 

Солиқ солинадиган база

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқни ҳисоблаб чиқариш учун, агар СК 245-моддасининг олтинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кавлаб олинган (ажратиб олинган) тайёр маҳсулот ҳажмининг ҳисобот даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳосида ҳисоблаб чиқилган қиймати солиқ солинадиган базадир.

 

МИСОЛ. Корхона фойдали қазилмаларни (акцизости товар ҳисобланмайди) кавлаб олиш фаолиятини амалга оширади.

Ҳисобот даврида кавлаб олинган (ажратиб олинган) тайёр маҳсулотнинг ҳажми 100 тоннани ташкил қилиб, шундан 40 т маҳсулот реализация қилинган, хусусан:

10 т маҳсулот – 1 250 минг сўмга (ҚҚСсиз),

30 т маҳсулот – 3 460 минг сўмга (ҚҚСсиз).

Кавлаб олинган тайёр маҳсулот ҳажмининг ҳисобот даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳосида ҳисоблаб чиқилган қиймати ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг солиқ солинадиган базаси ҳисобланади.

Ҳисобот даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси ҳар бир кавлаб олинган (ажратиб олинган) тайёр маҳсулот бўйича алоҳида, пулда ифодаланган реализация қилиш ҳажмларини (ҚҚС ва акциз солиғини чегирган ҳолда) натурада ифодаланган реализация қилиш ҳажмига бўлиш орқали аниқланади, яъни 117,75 минг сўм ((1 250 + 3 460) / 40 т).

Шундай қилиб, ҳисобот даври учун солиқ солинадиган база
11 775 минг сўмни (117,75 х
100 т) ташкил қилади.

 

Ҳисобот даври учун ўртача олинган реализация қилиш баҳоси ҳар бир кавлаб олинган (ажратиб олинган) тайёр маҳсулот бўйича алоҳида, пулда ифодаланган реализация қилиш ҳажмларини (ҚҚС ва акциз солиғини чегирган ҳолда) натурада ифодаланган реализация қилиш ҳажмига бўлиш орқали аниқланади.

Ҳисобот даврида тайёр маҳсулот реализация қилинмаган бўлса, солиқ солинадиган база реализация қилиш амалга оширилган охирги ҳисобот даврида тайёр маҳсулотни реализация қилишнинг ўртача олинган баҳосидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

МИСОЛ. Ҳисобот даврида кавлаб олинган тайёр маҳсулотнинг ҳажми 10 тоннани ташкил қилди. Реализация амалга оширилмади.

Кавлаб олинган хом ашёнинг 1 тоннасининг таннархи 1 600 минг сўм.

Олдинги ҳисобот даврида кавлаб олинган маҳсулот ҳажми 16 т ни ташкил қилган, ундан 11 т
21 000 минг сўмга (ҚҚСсиз), 3 т 6 000 минг сўмга (ҚҚСсиз) реализация қилинган.

Бу ерда солиқ солинадиган база реализация амалга оширилган охирги ҳисобот даврида тайёр маҳсулотни реализация қилишнинг ўртача олинган баҳосидан келиб чиққан ҳолда аниқланиши керак, яъни 1 929 минг сўм
((21 000 + 6 000) / (11 + 3)).

Шундай қилиб, жорий ҳисобот даврининг солиқ солинадиган базаси 19 290 минг сўмга
(1 929 х 10 т) тенг бўлади.

 

Тайёр маҳсулот умуман реализация қилинмаган тақдирда, солиқ солинадиган база ҳисобот даврида мазкур фойдали қазилмаларни кавлаб олишнинг (ажратиб олишнинг) ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Бунда солиқ тўловчи реализация қилиш амалга оширилган ўша ҳисобот даврида ҳисобланган ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ суммасига ҳисобот даврида таркиб топган ўртача олинган баҳодан келиб чиққан ҳолда кейинги тузатишни киритиши шарт.

Тайёр маҳсулот таннархидан паст баҳода реализация қилинган ёки топширилган тақдирда ўртача олинган баҳони ҳисоб-китоб қилиш учун таннарх қабул қилинади, лекин у декларация қилинаётган баҳолардан юқори бўлмаслиги керак.

 

МИСОЛ. Ҳисобот даврида кавлаб олинган тайёр маҳсулотнинг ҳажми 10 тоннани ташкил қилди. Кавлаб олинган маҳсулотнинг таннархи 12 000 минг сўмни ташкил қилган (1 200 минг ҳар бир т учун).

Ҳисобот даврида реализация қилинди:

2 т 2 000 минг сўмга (ҚҚСсиз),

8 т 11 200 минг сўмга (ҚҚСсиз).

Кўриниб турибдики, 2 т маҳсулот таннархидан паст баҳода реализация қилинган, яъни 1 т
1 000 минг сўмга. Қолган 8 т таннархидан юқори баҳода, яъни 1 т учун 1 400 минг сўмга сотилган. Бу ерда реализация қилишнинг ўртача нархи таннархдан юқори чиқди, яъни 1 320 минг сўм 1 т учун ((2 000 + 11 200) / 10 т), лекин таннархдан паст сотилган маҳсулот гуруҳи бўлганлиги учун ҳисоб-китобнинг қуйидагича йўли қўлланилади:

таннархдан паст баҳода реализация қилинган маҳсулотнинг таннарх қиймати ҳисобга олинади, яъни

(11 200 + 2 400) / 10 т = 1 360 минг сўм.

Бу ерда 2 400 минг сўм 2 т маҳсулотнинг таннарх қиймати.

Шундай қилиб, солиқ солинадиган база 13 600 минг сўмни
(13 600 х 10) ташкил қилади.

 

Тайёр маҳсулот (тайёр маҳсулотнинг бир қисми) бошқа тайёр маҳсулотни ишлаб чиқариш учун хом ашё бўлган ёки тайёр маҳсулот (қайта ишлаб ҳосил қилинган маҳсулот) ўзининг ишлаб чиқариш ёки хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланилган ҳолларда бундай маҳсулот учун солиқ солинадиган база кавлаб олинган (ажратиб олинган) тайёр маҳсулотнинг ишлаб чиқариш таннархидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

 

Солиқ даври. Ҳисобот даври

Календарь йил солиқ давридир.

Ҳисобот даври қуйидагилардир:

микрофирма ва кичик корхоналар учун – йил чораги;

микрофирма ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар учун – бир ой;

жисмоний шахслар учун – календарь йил.

 

Солиқни ҳисоблаб чиқариш, ҳисоб-китобларни тақдим этиш ва тўлаш тартиби

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солиқ солинадиган базадан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.

Ушбу солиқнинг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги давлат солиқ хизмати органларига қуйидаги муддатларда тақдим этилади:

микрофирма ва кичик корхоналар томонидан – йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот давридан ке-йинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда;

микрофирма ва кичик корхоналар жумласига кирмайдиган солиқ тўловчилар томонидан – ҳар ойда, ҳисобот давридан ке-йинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса йиллик молиявий ҳисобот тақдим этиладиган муддатда;

жисмоний шахслар томонидан – йилда бир марта, кейинги йилнинг
1 февралидан кечиктирмай.

Мазкур солиқни тўлаш ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай амалга оширилади.

Экспертимиз Умидбек САФАРОВ тайёрлади.

Прочитано: 8841 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2020-04-05 23:35:31, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика