Norma.uz
Газета СБХ / 2012 год / № 52 / Солиқ солиш

2013 йил: Солиқ солишга қандай ўзгартиришлар киритилди?

25 декабрда президентимиз «солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни1 ҳамда Ўзбекистон республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ва давлат бюджети параметрларига доир қарорни2 имзолади. Ушбу ҳужжатлар кўп жиҳатдан кейинги йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиш суръатларини белгилаб беради.

2013 йилда асосий солиқлар, шу жумладан юридик шахсларнинг фойда солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови, қўшилган қиймат солиғи ҳамда бошқа солиқлар ва мажбурий тўловларнинг амалдаги ставкалари сақланиб қолди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси 1%га туширилди, энг юқори ва ўртача ставкалари 2012 йил даражасида сақлаб қолинди. Бунда солиқ солинадиган даромадлар гуруҳлари бўйича солиқ солиш шкаласи йил боши – 2013 йил 1 январда белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (79  590 сўм) келиб чиқиб аниқланишини ва у йил давомида ЭКИҲ миқдори ўзгарганда қайта кўриб чиқилмаслигини белгиловчи меъёр киритилди. Солиқ кодексига ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилди.

Энг кам иш ҳақи миқдорига каррали равишда ҳисоблаб чиқариладиган қатъий белгиланган солиқ ставкаларини белгилашда ҳам худди шундай тартиб белгиланди. Бундан таш-қари, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш пулли хизматларини амалга оширишда тўланадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари пасайтирилди, Тошкент шаҳри бундан мустасно.

Ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25% миқдорида сақлаб қолинди.

Фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ставкаси 5,5%дан 6%гача оширилди.

2013 йил 1 январдан бошлаб алкоголли маҳсулотларга акциз солиғи, ер солиғи, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, шунингдек жисмоний шахслардан транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ истеъмоли учун солиқнинг (бензин ва дизель ёқилғиси қисмида) амалдаги ставкалари индексацияланиб, оширилди.

Шунингдек 2013 йил 1 январдан барча ягона солиқ тўлови тўловчилари учун (чакана савдо корхоналари бундан мустасно) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун ягона база – улар эгаллаган ер участкаси майдонидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ер солиғининг 3 бараварига тенг сумма ўрнатилади. Чакана савдо корхоналари учун худди шундай фаолият турини амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан келиб чиқиб ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаш тартиби сақлаб қолинади.

Президентнинг қарори билан солиқ тўловчиларнинг мулкига қаратиш учун солиқ қарзининг энг кам миқдорлари ҳам белгиланган. Солиқ кодекси билан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари учун у ЭКИҲнинг 20 бараварини, жисмоний шахслар учун ЭКИҲнинг 5 бараварини ташкил этади.

ЎРҚ-343-сон Қонун билан 2013 йил 1 январдан Солиқ кодекси ва «Банкротлик тўғрисида», «Бож тарифи тўғрисида», «Хорижий инвестициялар тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. Ушбу янгиликлар киритилишига 2013 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлигининг қисқартирилганлиги туртки бўлди.

Солиқ кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ:

Президентнинг «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонининг3 3-бандига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатлари ўзгармоқда. Унда белгиланишича, 2013 йил 1 январдан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг барча турлари бўйича солиқ ҳисоботи ҳар ойда топширилиши бекор қилинади, қўшимча фойда солиғи бундан мустасно;

бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ва Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўловчилари тоифасидан умумбелгиланган солиқларни тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналар чиқариб ташланди, акцизли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинувчи фойдали қазилмаларни кавлаб олувчилар бундан мустасно;

юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича солиқ солиш объекти ва солиқ солиш базасидан номоддий активлар чиқариб ташланди;

тижорат банкларининг мижозлар ҳисобрақамларига масофадан туриб электрон хизмат кўрсатиш хизматлари қўшилган қиймат солиғи солинишидан озод этилди;

барча юридик шахслар учун ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи суммасини ижтимоий инфратузилма объектларини тутиб туришга харажатлар суммасига камайтирмаган ҳолда ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ягона тартиби белгиланди.

Александра ХВАН,

Молия вазирлигининг солиқ ва бож тарифлари сиёсати бошқармаси бош иқтисодчиси.

Прочитано: 5372 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика