Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 36 / Уй-жой-коммунал хўжалиги

Агар бизнес ва ККУ аҳолиси манфаатлари мос келмаса

 

Агар сиз кўп қаватли уйнинг иккинчи қаватида яшасангиз ва биринчи қават нотурар жойлар (асосан бизнес тузилмалари) билан банд бўлса, бундай қўшничиликдан ҳар қандай нарсани кутишингиз мумкин. Масалан, пастдаги қаҳвахонада эрталабдан кечгача пишир-куйдир қилишади ва нормал ишлайдиган мўриси йўқ. Натижада – ҳамма ҳид сизнинг квартирангизда тўпланади. Ёки биринчи қаватда – караоке ва кун бўйи, айниқса кечқурун ва тунда дам олишни хоҳлаганингизда, мусиқа шовқини бошланади. Яна бир вариант – тикув машиналарида тинимсиз чок тикиладиган тикув цехи ёки ацетон, кимёвий моддалар ва шу каби ҳидларни таратадиган гўзаллик салони.

Бир сўз билан айтганда, аҳоли манфаатлари кўпинча бизнес манфаатлари билан мос келмайди. Танбеҳлар натижа бермаса нима қилиш керак? Тадбиркорлар жанжал кўтаришни хоҳламайдилар, бу ўзларига ҳам қимматга тушади. Қаерга ва кимга шикоят қилиш керак. Кўпчилик, қандай қадамлар қўйилмасин, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Чунки бизнеснинг мавқеи оддий аҳолиникига қараганда кучлироқ. Лекин ундай эмас. Бундай ҳолларда қонунлар уй аҳли тарафида бўлади. Аммо уларнинг амалда ишлаши қийин кечади. Ижарачилар Кўп квартирали уйлардаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга (24.01.2000 й. 22-сон ВМҚга 2-илова) риоя қилишлари керак. Албатта, сукунат сақлаш ва бизнес билан ёнма-ён яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилиш керак. Буни қандай қилиб тўғри бажариш мумкин?

 

 

Нимадан бошлаш керак 

Бундай вазиятларда муваффақиятга эришган фуқаролар, Ньюс УКХда, аввало, аҳоли нимани хоҳлаётганини тушуниш кераклигини маслаҳат беришади. Агар бизнес эътирозларга эътибор бермаса ва қўшниларга беписанд бўлса, участка нозирига, бошқарув органига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясига шикоят қилиш ва охир-оқибат судга мурожаат қилиш мумкин. Лекин аввал тадбиркорлар юзага келтираётган муаммоларни аниқ белгилаб, энг долзарбларини ажратиб олиш керак.

 

1. Шовқин, тебраниш ва шунга ўхшаш бошқа «дилхуш» товушлар

Бу ҳолатлар шикоятлар сони бўйича ҳамиша олдинда. Барлар, ресторанлар, фитнес клублари, ишлаб чиқариш цехлари – буларнинг барчаси тун-у кун акустик даҳшат манбаи бўлиши мумкин. Мусиқа, кечқурун ташриф буюрувчиларнинг қичқириқлари; фасадга ўрнатилган вентиляция ва кондиционер тизимларининг шовқини; деворларда акс этадиган дастгоҳларнинг тебраниши; эрта тонгда деразалар остида юкларни тушириш-юклаш шовқини ва бошқалар.

2. Ҳидлар: шаурмадан ацетонгача

Қаҳвахоналар, гўзаллик салонлари, кимёвий тозалаш корхоналари ва бошқалар – буларнинг барчаси йўлак ва квартираларни ҳидларга тўлдириши мумкин. Бу вентиляция бўйича санитария қоидаларини бузишдир. Баъзида тижорат хонасидан ҳаво тортгич турар жой биносининг фасадига, квартираларнинг деразалари остига чиқади, бундай бўлмаслиги керак.

3. Антисанитария ҳолати ва чиқинди

Муаммоларни ресторанлар ва озиқ-овқат дўконлари келтириб чиқармоқда. Озиқ-овқат чиқиндилари билан тўлдирилган чиқинди қутилари кемирувчилар ва ҳашаротларни ўзига жалб қилади, даҳшатли ҳид ҳосил қилади. Аҳоли тез-тез БКга шикоят қилади, лекин бу СЭСнинг муаммоси. Бошқарув органи дератизацияни амалга ошириши мумкин, аммо бу асосий сабабни (тадбиркорлар ишидан ҳосил бўладиган чиқиндиларни) бартараф этмайди.

4. Уйнинг умумий ҳудудини эгаллаб олиш

Ижарачи йўлкани, автотураргоҳ ёки ҳовлининг бир қисми ўзига тегишли деган қарорга келади ва «ўзининг» автотураргоҳини ташкил этади. Босиб олинган ҳудудда ўтишга халақит берадиган ёзги айвон ўрнатиши, товарлар, ускуналар ёки қурилиш материалларини омборга жойлаштириши мумкин. Мулкдорларнинг розилигисиз уй фасадига реклама конструкциялари, кондиционерлар ўрнатиш ҳам қоидабузарлик ҳисобланади.

 

Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкдан (фасадлари, томи, ертўласи, уй атрофи) ҳар қандай тарзда фойдаланиш фақат мулкдорлар умумий йиғилишининг розилиги билан мумкин бўлади. Агар шундай қарор бўлмаса, бундай ҳаракатлар қонунга хилофдир.

 

5. Ноқонуний қайта режалаштириш ва реконструкция қилиш

Кўпинча ижарачилар асосий деворларда янги эшиклар очадилар ёки айвонлар қурадилар. Бу шунчаки қоидабузарлик эмас – бу бутун уй хавфсизлигига таҳдиддир. Юк кўтарувчи конструкцияларга тааллуқли қурилиш ишлари мулкдорларнинг умумий йиғилишидаги розилигини ва ваколатли органларда келишишни талаб қилади.

  

Аҳоли қандай хатоларга йўл қўймоқда 

Амалиёт шуни кўрсатадики, ККУларда қўшнилар ва бизнес ўртасидаги низоларнинг аксариятини аҳоли бошиданоқ ютқазади. Бунинг сабаби эмоционал, тартибсиз ва ҳуқуқий жиҳатдан саводсиз ҳаракатлардадир.

 

1. Оғзаки эътирозлар ва музокаралар натижа бермайди

Оғзаки эътирозлар юридик кучга эга эмас. Агар мурожаат ёзма равишда қайд этилмаган бўлса, тадбиркор унга мурожаат қилганингизни инкор этади. У муаммони эътиборсиз қолдиришда давом этади, аҳоли эса вақт йўқотади.

2. Ноўрин шикоятлар

Турар жой эгалари уларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаган ташкилотларга ғазабнок хатлар ёзишади. Оқибатда улар ҳеч қандай самара бермайдиган жавобни кутиб, вақтларини беҳуда сарфлайдилар.

3. Далилий асоснинг йўқлиги

Ҳар қандай баҳсда кимда далил бўлса, ўша ютиб чиқади. Видео ва аудиоёзувлар, қўшнилар билан тузилган далолатномалар, аҳолининг ёзма мурожаатлари ва давлат органларининг жавоблари нусхалари, эксперт хулосалари далил ҳисобланади.

4. Якка кураш

Уйда яшовчилардан бир нафари норози бўлса, уни жанжалкаш деб номлашади. Ўнтаси норози бўлиб жамоавий шикоят билан чиққанда – бу эътиборсиз қолдириб бўлмайдиган кучдир. Ҳамфикрларни топинг, умумий талабларни шакллантиринг ва биргаликда ҳаракат қилишни бошланг.

  

Босқичма-босқич ҳаракатлар режаси: даъводан судгача 

1. Далилларни тўплаш ва қайд этиш (қоидабузарликларни фото ва видео қайд этиш, қўшнилар билан тузилган далолатномалар).

2. Ижарачига ёзма эътироз.

3. Назорат органларига шикоятларни тез-тез юбориш. 

 

Мурожаат ва аризаларни қаерга юбориш керак 

СЭС: кундузги шовқин, тебраниш, ҳидлар, антисанитария ҳолатлари.

Уй-жой инспекцияси: ноқонуний қайта режалаштириш, фасадга зарар етказиш, уйнинг умумий ҳудудини эгаллаб олиш.

Участка нозири: тунда шовқин, майсазорларда тўхташ жойи, маст мижозлар.

Ёнғин назорати (ФВВ): эвакуация чиқиш йўлларининг тиқилиб қолиши, ёнғин сигнализациясининг йўқлиги.

Бошқарув органи: умумий мол-мулкни сақлашни кузатиб боришлари шарт.

Прокуратура: қонунчиликка риоя этилишини назорат қилувчи орган.

Суд: барча олдинги босқичлардан ўтган бўлсангиз-у, муаммо ҳал этилмаса ёки маънавий зарарни ундирмоқчи бўлсангиз.

Прочитано: 114 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика