Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 36 / Уй-жой-коммунал хўжалиги

Болалар самокатлари ва велосипедларини кириш йўлакларида қолдириш мумкинми?

 

Уйимизга кираверишдаги зинапоя тагида болалар ибораси билан айтганда «гараж» пайдо бўлди. Бу ерда болалар ўз самокат ва велосипедларини, оналари эса болалар аравачаларини «қўним топтиришади». Бунга чидаш мумкин эди, лекин болалар транспортининг бундай тўпланиши бошқа қўшниларга ноқулайлик туғдиради. Биз тўрт қаватли уйда яшаймиз, йўлак шундоқ ҳам анча тор. Болалар самокатларини ташлаб, йўлакни тўсиб қўйишади. Аҳоли йўлакка кириш ёки чиқишда тез-тез қоқилиб, болаларнинг «махсус транспорти»ни четлаб ўтишга мажбур бўлмоқда.

Бу эса қўшниларнинг норозилигига ва низоларга сабаб бўлаётир. Улар ота-оналардан болалар самокатлари ва велосипедларини уйда сақлашни сўрашмоқда. Аммо оналарнинг айтишича, квартирада бунинг учун жой йўқ, кунига бир неча марта олиб чиқиш ва уйга олиб кириш ҳам ноқулай. Лекин ўзимизга қулайлик яратиб, бошқа қўшниларимизнинг ҳуқуқларини бузмаслигимиз, уларга ноқулайлик туғдирмаслигимиз керак. Бошқарув компанияси бу масалани ҳал қилишдан бош тортмоқда. У ерда: ўзаро келишиб олинглар, дейишади. Бу масала қонунчиликда қандай тартибга солинади?

 

– «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (07.11.2019 й. ЎРҚ-581-сон) 6-моддасига мувофиқ кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкига, шу жумладан ККУдаги умумий жойлар, квартиралар оралиғидаги ўрама пиллапоялар, зинапоялар киради. Болалар самокат ва велосипедларини қолдирадиган зина остидаги майдонча ҳам умумий мол-мулк ҳисобланади.

Ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ уни сақлаш бўйича харажатларни аҳоли биргаликда ва ўз ҳисобидан тўлайди. Шунинг учун улардан ўзларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари камситилмайдиган тарзда фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, Қонуннинг 19-моддасида айтилишича, ёнғинга қарши ўтиш жойлари, умумий йўлаклар, пиллапоялар, захира чиқиш жойлари ва уйнинг бошқа умумий хоналарини нарсалар ва ускуналар билан тўсиб қўйишга йўл қўйилмайди. Ёнғинга қарши талабларга кўра, эвакуация йўлакларига мебель, асбоб-ускуналар ва бошқа нарсаларни жойлаштириш, нарсаларни ўрама пиллапоялар остида сақлаш ҳам тақиқланади. Болалар эса «махсус транспорт»ларини йўлакдан чиқиш жойида қолдиришади.

 

БК буни назорат қилиши керакми? 

Кўп квартирали уйдаги умумий мол-мулкни бошқарувчи ташкилот – БК ёки ХУМШ назорат қилиши шарт. Жумладан, унинг вазифалари пиллапоялар, зинапоялар олдидаги майдончалар, тамбурлар, лифт холлари ва бошқа умумий фойдаланиладиган жойларнинг тиқилиб қолишига йўл қўймасликдан иборат. Жуда кўп уйларни бирлаштирган ҳозирги БКларда бошқарувчилар ўз йўлакларида нима борлигини билмасалар керак. Бундан ҳам муҳимроқ ишлар бор деб, бу масалани ҳал қилишдан бош тортадилар. Бироқ, агар аҳолидан бирортаси ФВВ ёки уй-жой инспекцияси вакилини чақириб, велосипедлар, самокатлар ва болалар аравачалари йўлакка бемалол кириш-чиқишни чеклаётгани ҳақида шикоят қилса, бошқарувчилар ва йўлакни тўсиб қўйган аҳоли ҳам маъмурий жаримага тортилади.

 

Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган? 

Ўзбекистонда 22.07.2026 йилдан бошлаб ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади. 20.04.2026 йилдаги ЎРҚ-1136-сон Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат жойлари, омборхоналар, ётоқхоналар ва турар жойларда, шунингдек тегишли объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 10 бараваригача (илгари – 3 бараваридан 7 бараваригача) миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Ёнғин назорати бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва мансабдор шахсларга БҲМнинг 25 бараваригача (илгари – 20 бараваригача) жарима солиш ҳуқуқига эга бўлади.

Шунингдек, ФВВ ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг, шунингдек аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига бошқа муқаррар таҳдиднинг олдини олиш учун тадбиркорлар фаолиятини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб туриши мумкинлиги белгиланди.

 

Муаммони тинч йўл билан қандай ҳал қилиш мумкин 

Агар йўлакда жой етарли бўлса, қўшнилар билан тинч йўл билан муаммони ҳал қилган маъқул.

Умумий йиғилиш ўтказиб, ҳеч кимга халақит бермаслиги ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузмаслиги учун велосипед ва самокатларни жойлаштириш тартиби масаласини ҳал қилиш мумкин. Агар келишувга эриша олмасангиз, БК, Уй-жой инспекцияси, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ариза ёзинг.

 

«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.

Прочитано: 18 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика