Саккиз йилга яқин иш стажим бор. Қандай пенсияга умид қилсам бўлади?
– Иш стажи тўлиқ бўлмаганда пенсиялар камида 7 йиллик иш стажи мавжуд бўлган тақдирда, мавжуд стажга мутаносиб миқдорда тайинланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун 8-м., 03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ, кейинги ўринларда – Қонун).
Шуни инобатга олиш керакки, бунда пенсиялар қуйидаги миқдорлардан кам бўлмаслиги керак:
• ёшга доир пенсиялар учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан;
• I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан;
• II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 75%идан;
• оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзосига боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 50%идан;
• ҳам отаси, ҳам онасидан жудо бўлган (чин етим) ҳар бир болага боқувчисини йўқотганлик пенсиялари учун – ёшга доир энг кам пенсиянинг 100%идан.
Иш стажи тўлиқ бўлмаганда пенсиянинг миқдори расман белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлиши мумкин эмас (Қонун 29-м.).
Пенсия қуйидагича ҳисобланади: дастлаб тегишли тўлиқ пенсия аниқланади; ушбу пенсия талаб этиладиган иш стажи ойлари сонига бўлинади, олинган сумма амалдаги иш стажи ойлари сонига кўпайтирилади (Низом 118-б., 13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
Мен II гуруҳ ногирониман. Бу ҳолда қандайдир устамалар белгиланганми?
– Қонуннинг 28-моддасига мувофиқ, фуқароларнинг айрим тоифалари ва шу жумладан ногиронлиги бўлган шахслар пенсияга устама ҳақ олиш ҳуқуқига эга.
Чунончи, пенсияларга устамалар қуйидаги миқдорларда белгиланади:
а) I гуруҳ уруш ногиронларига – пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг (ПҲБМ) 150%и;
б) II гуруҳ уруш ногиронларига – ПҲБМнинг 125%и;
в) кўзи ожизлик бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – ПҲБМнинг 100%и;
г) I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга – ПҲБМнинг 75%и;
д) II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларга – ПҲБМнинг 75%и;
е) уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга – ПҲБМнинг 50%и;
ж) 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаган ва ҳарбий мажбуриятларни бажарган шахсларга – ПҲБМнинг 30%и;
з) вафоти ҳарбий хизмат ёки ички ишлар органларидаги, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясидаги хизмат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлган ҳарбий хизматчиларнинг ҳамда ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ходимларининг ота-оналарига ҳамда янги никоҳдан ўтмаган бева хотинларига (бева эрларига) – ПҲБМнинг 30%и;
и) Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматлари бўлган шахсларга – БҲМнинг 100%идан 150%игача;
к) имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган санъаткорларга – БҲМнинг 75%и;
л) лавозим ва ташкилотларда ишлаганларга (муайян талабларга риоя қилган ҳолда) театр-концерт ташкилотлари артистлари ва бадиий ходимларига, театр ва мусиқа санъати ижодий ходимлари тайёрловчи ўқув муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва концертмейстерларига – БҲМнинг 50%и (592-сон Низом 101-б.).
Ушбу бандда назарда тутилган устамалардан ташқари, 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқароларнинг пенсияларига Президентнинг «Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (14.04.2015 й. ПФ-4715-сон) мувофиқ ҳар ойда ПҲБМнинг 100%и миқдорида қўшимча тўлов ҳисобланади. Шунингдек, белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчининг ҳар бир меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоси учун ПҲБМнинг 20%и миқдорида қўшимча тўлов қўшиб ҳисобланади (04.06.2021 й. ПФ-6241-сон, 592-сон Низом 105-б.).
Пенсияни қайта ҳисоблаш масаласи қанча муддатда кўриб чиқилади?
– Пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисидаги ариза Пенсия жамғармаси бўлими томонидан 5 кун муддатда кўриб чиқилади.
Агар пенсияни қайта ҳисоблаш миқдори тўланаётган пенсия миқдоридан кам бўлса, қайта ҳисоблаш рад этилади ва амалдаги пенсияни тўлаш давом эттирилади, бу ҳақда Пенсия жамғармаси қарор чиқарилгандан кейин 5 кундан кечиктирмай пенсионерни хабардор қилиши шарт (592-сон Низом 134-б.).
Қандай иш стажга қўшилади?
– Фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш стажга киритилади:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – ПЖга суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса, шунингдек жисмоний шахснинг 2021 йил 1 июндан кейинги ишламаган даври учун унинг эри (хотини) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўланган давр (592-сон Низом 27-б.).
III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия тўловлари белгиланганми?
– III гуруҳ ногиронлик пенсияси (2011 йил 1 январдан кейин белгиланган, шу жумладан такрорий қайта кўрикдан ўтказилганда) тайинланмайди ва тўланмайди, Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган шахслар бундан мустасно (592-сон Низом 150-б.).
Божхоначилар учун қўшимча ижтимоий тўловлар борми?
– Божхона органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш турлари «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонунда (18.10.2018 й. ЎРҚ-502-сон) назарда тутилган.
Хусусан, ижтимоий ҳимоя қуйидагилар орқали таъминланади: соғлиқни сақлаш; меҳнатга ҳақ тўлаш; уй-жой майдони билан таъминлаш; мол-мулкка етказилган зарарни қоплаш; давлат пенсия таъминоти; давлат суғуртаси; ижтимоий ёрдам кўрсатиш (ЎРҚ-502-сон Қонун 25-м.). Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органларининг шахсий таркиби ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорга (29.12.2023 й. 700-сон ВМҚ) мувофиқ оила аъзоларига нафақалар тўлаш назарда тутилган:
• Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ходимнинг охирги эгаллаган лавозими бўйича маоши ва унга берилган ҳарбий унвони бўйича маоши суммасининг 150 баравари миқдорида;
• хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида ҳалок бўлган ходимнинг маошлари суммасининг 100 баравари миқдорида. Тан жароҳати олган ходимга нафақа тўланади;
• оғир тан жароҳати олганда маошлар суммасининг 50 баравари миқдорида;
• ўртача оғир тан жароҳати олганда маошлар суммасининг 20 баравари миқдорида.
Иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар сақланмаган бўлса, пенсия миқдори қандай ҳисобланади?
– Пенсия тайинлаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан кам бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия миқдори қонунчиликда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилинган кунда белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиқиб минтақавий коэффициент ҳисобга олинмасдан ҳисоблаб чиқилади (592-сон Низом 95-б.).
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
