Айрим ходимларнинг иш стажини имтиёзли ҳисоблаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ) 38-моддаси билан тартибга солинади.
Имтиёзли ҳисоблашда стажга қуйидагилар киритилади:
а) ҳаракатдаги армия таркибига кирувчи ҳарбий қисмлар, штаблар ва муассасалардаги, жанговар ҳаракатлар даврида партизан отрядлари ва қўшилмаларидаги хизмат ва эркин ёлланганлар таркибидаги иш, байналмилал бурчни бажаришда жанговар ҳаракатларда иштирок этиш – уч ҳисса бараварида;
б) 1941–1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат ичкарисида ишлаш, шу жумладан ҳарбий қисмлардаги эркин ёлланганлар таркибидаги иш ва ушбу модданинг «а» бандида назарда тутилган хизматдан ташқари ҳарбий хизмат – икки ҳисса бараварида;
в) ушбу Қонун 10-моддасининг «а» ва «б» бандларига ҳамда 11-моддасининг «а» бандига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ҳар бир ишланган тўлиқ йил, эркакларда
10 йилдан ортиқ ва аёлларда 7 йилу 6 ойдан ортиқ бўлса – икки ҳисса бараварида;
г) моховхоналарда, вабога қарши муассасаларда, иммунодефицит вируси билан касалланган шахслар даволанадиган юқумли касалликлар муассасаларида ишлаш – икки ҳисса бараварида;
д) патологоанатомия муассасалари ва суд-тиббий экспертиза муассасаларининг тиббий ходимларидан айрим тоифаларининг иши Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга (13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом) 3-иловага мувофиқ – бир ярим ҳисса бараварида;
е) асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилган, асоссиз равишда қатағон қилинган ва кейинчалик оқланган фуқароларнинг қамоқда бўлиш ва ҳибсда сақлаш жойларида турган вақти – бир ярим ҳисса бараварида.
Ушбу моддада назарда тутилган иш стажини имтиёзли ҳисоблаш тартиби Қонун бўйича тайинланадиган барча турдаги пенсияларга нисбатан қўлланилади.
Бундан ташқари, учувчилар ва синовчи учувчилар таркибига кирувчи ходимларнинг меҳнат фаолияти даври ҳам имтиёзли тартибда ҳисобланади.
Масалан, самолётда учишларнинг ҳар 20 соати хизмат муддатининг 1 ойига ўтади.
Вертолётларда парвоз соатлари; махсус қўлланиладиган авиациядаги (санитария парвозлари, авиакимё
ишлари, аэрофотосъёмкалар ва ҳ.к.); чет эл ҳаво кемаларини кузатиб борувчи гуруҳ таркибидаги лавозимларда (бошловчи сифатида); командирлик-учувчи ва инструкторлик таркибидаги лавозимларда, шу жумладан авиациянинг учувчилар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини ошириш олий ва ўрта таълим муассасаларида учишларнинг ҳар
12 соати белгиланган хизмат муддатининг бир ойига ўтади.
Авария-қутқарув (қидирув-қутқарув) кемалари экипажи таркибида 1 йил ишлаш белгиланган хизмат муддатининг 1,5 йилига ўтади. Худди шу ҳисоб-китоблар «Ватанпарвар» ўқув ва спорт авиацияси ташкилотларининг учувчилар таркибидаги лавозимларда бир йил ишлаш, тайёргарликнинг ўқув-учиш режасини бажарган тақдирда, мураккаб ва олий пилотаж элементларини бажарган тақдирда эса – 2 йилига ўтади.
Маълумот учун. Хизмат муддатини имтиёзли ҳисоблашнинг тўлиқ рўйхати 592-сон Низомга 4-илова билан тартибга солинган.
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
