Бугунги кунга келиб фирибгарлик, жумладан уй-жой-коммунал хўжалиги соҳасидаги фирибгарлик шунчалик кенгайиб кетдики, деярли ҳар бир кишига ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти. У кўп қиррали бўлиб, баъзан уни таниб олиш жуда қийин бўлмоқда. Қонунчилик фирибгарлик тушунчасини қандай таърифлайди ва бундай ҳаракатлар учун қандай жавобгарлик белгиланган?
ЎзР Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлган киритиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Фирибгарлик:
а) анча миқдорда;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, –
базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) кўп миқдорда;
б) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
в) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;
г) ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фирибгарлик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларни кўзлаб содир этилган бўлса, – базавий ҳисоблаш миқдорининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
