Кўп квартирали уйнинг биринчи қаватида яшовчилар лифтдан фойдаланмайди. Шунинг учун уларнинг баъзилари лифтларга хизмат кўрсатиш учун пул тўлашлари шарт эмас деб ҳисоблайдилар. Шундай бўладики, улар бошқарув органига лифт учун тўловни уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун тўлов таркибидан чиқариб ташлашни сўраб мурожаат қиладилар, бироқ уларга рад жавоби берилади. Айтишларича, ККУдаги жойларнинг мулкдорлари барча умумий мол-мулкни сақлаш, шу жумладан лифтлардан фойдаланиш учун ҳам ҳақ тўлашлари шарт. Бу масала қонунчиликда қандай тартибга
солинади?
Қонунга кўра ҳамма тўлайди
«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (07.11.2019 й. ЎРҚ-581-сон) 6-моддасида жойлар мулкдорларининг умумий мол-мулкига кўп квартирали уйдаги умумий жойлар, таянч ва тўсиқ конструкциялар, квартиралар оралиғидаги ўрама пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, даҳлизлар, техник қаватлар, ертўлалар, чердаклар ва томлар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ва қурилмалар кириши белгиланган.
ККУдаги умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши натура ҳолида ажратилиши мумкин эмас (Қонун 13-м.). Жойларнинг мулкдорлари умумий мол-мулкни сақлаш бўйича умумий харажатларни биргаликда зиммасига олишлари шарт (Қонун 16-м.). Қонунчиликда лифтдан фойдаланмайдиганларни тўловдан озод қилиш назарда тутилмаган.
Тажриба – бермади натижа
Шунга қарамай, ККУни бошқариш амалиётида умумий йиғилиш қарори билан биринчи қаватда яшовчи пенсионерларга лифтга хизмат кўрсатиш харажатлари тўловдан чиқариб ташланган ҳолатлар бўлган. Аммо ўшанда лифтлардан фойдаланиш юкламаси бошқа яшовчилар учун ортиб боради.
Пойтахтнинг Сергели туманида ККУ бошқарув органлари ташкил этилиши арафасида яна бир тажриба ўтказилди. У кўп тортишувларга сабаб бўлди ва шу туфайли татбиқ этилмади. Ўшанда бир қатор кўп қаватли уйлар аҳолиси учун лифтларга хизмат кўрсатиш тўлови умумий мол-мулкни сақлаш учун бадал таркибидан чиқарилди. Туманда лифтларга хизмат кўрсатувчи хусусий компания ташкил этилган. У ХУМШ билан эмас, балки тўғридан-тўғри ҳар бир мулкдор билан алоҳида шартнома тузган. Биринчи ва иккинчи қаватларда яшовчилар лифтдан фойдаланмасликларини баҳона қилиб, дарҳол шартнома тузишдан бош тортишган. Шунга қарамай, баъзан улар юқори қаватдаги қўшниларникига чиқишарди. Бу юқори қаватларда яшовчи бошқа аҳоли ҳам тўловни тўхтатишига олиб келди. Ўшанда тўловни амалга оширмаганларнинг лифтларга киришини блоклаш техник жиҳатдан имконсиз бўлган. Маълум бўлишича, бир уйда жой мулкдорларининг ярми лифтдан фойдаланиш учун пул тўлаган, бошқалари эса йўқ. Бу билан уйдаги умумий мол-мулкни сақлаш учун барча учун бир хил тўлов талабларини белгилайдиган ККУ бошқарувининг асосий тамойили бузилган.
Қўшнилар масалани қандай ҳал қилади?
Қозоғистонда лифтларни сақлаш мажбурияти барча мулкдорлар зиммасида. Баъзи шаҳарларда (масалан, Алматида) 1 ва 2-қават аҳолиси лифтдан фойдаланганлик учун тўловдан уйда яшовчиларнинг йиғилиши қарори билан озод қилиниши мумкин. Лекин улар барибир умумий мол-мулкнинг бир қисми сифатида уни капитал таъмирлаш ёки алмаштириш харажатларида иштирок этишлари шарт.
Шаҳар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотга қараб, лифтдан фойдаланиш учун тўлов тизими турлича бўлиши мумкин:
1) абонент тўлови: коммунал хизматларнинг умумий квитанциясига киритилган қатъий сумма;
2) карточка/чип тизими: лифт фақат балансида маблағ бўлиши керак бўлган махсус карта ёки калит қўйилганда фаоллашади;
3) онлайн тўлов: лифт картаси балансини тўлдириш ёки банк иловалари орқали ҳисобни тўлаш мумкин.
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
