Янги Тошкентда 32 гектар майдонда «Буюк ипак йўли» мажмуаси барпо этилади. У энг муҳим ижтимоий ва маданий марказлардан бирига айланади, турар жойлар ва тижорат объектлари, меҳмонхоналар, маданият, таълим ва бошқа замонавий объектларни ўз ичига олади. «Буюк ипак йўли» лойиҳасининг тақдимоти Президент Шавкат МИРЗИЁEВга намойиш этилди, деб хабар беради president.uz.
Концепцияга кўра, қадимий савдо магистралига бағишланган мажмуа ҳудудида Буюк ипак йўли билан боғлиқ турли цивилизацияларга бағишланган мавзели маҳаллалар ташкил этилади. Ҳар бир маҳалла эса унинг ҳудуди бўйлаб жойлашган у ёки бу мамлакатни ифодалайди. Тақдимотда «Ўзбекистон» маҳалласига алоҳида эътибор қаратилди. Унинг тимсолида халқнинг тарихи ва маданий қадриятлари акс этади.
Эслатиб ўтамиз, Янги Тошкент шаҳрининг биринчи босқичи доирасида 6 минг гектар майдонда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу босқич якунлангач, 600 минг аҳоли учун замонавий инфратузилма яратилади.
Лойиҳа тўлиқ рўёбга чиқарилганида эса, Янги Тошкент 2 миллион нафар аҳоли яшайдиган замонавий мегаполисга айланади.
«Уй-жой-коммунал хўжалиги» бўлимини махсус мухбиримиз Ирина ГРЕБЕНЮК олиб боради.
